13:00 / 03.10.2020
3 952

Тоғли Қорабоғдаги низонинг кучайиши

Тоғли Қорабоғдаги низонинг кучайиши
Фото: Google Photos
Сентябрь ойининг сўнгги ҳафтаси ҳам бир қатор эътиборга молик ҳодисалар билан ёдимизда қолди. Бугунги дайжестимиз жаҳон сиёсий майдонида юз бераётган янгиликлар ҳақида.

Тоғли Қорабоғдаги низога нега бефарқ бўлмаслик ҳақида
26 йил мобайнида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида имзоланган ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишув 27 сентябрь якшанба куни яна бузилди ва икки қўшни мамлакат чегаравий ихтилоф сабабли яна бир-бирлари билан қонли тўқнашувга кирди, деб ёзади Москвада жойлашган Карнеги таҳлил маркази. Урушнинг бошланишига икки муҳим тарихий жиҳат сабаб бўлди.

Биринчидан, бу икки давлат 26 йил мобайнида бир-бирига нисбатан қасд олиш учун сабаб бўладиган адоватни дилида тугиб келгани бўлса, иккинчидан, айни пайтда икки мамлакат учун ҳам очиқ низога кириш учун «буюк тарихий он» келгани билан изоҳлаш мумкин. Озарбайжон ва Арманистон жангга кирган бир вазиятда Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси Нуман Куртулмуш барча туркий давлатларни Озарбайжоннинг тарафини олишга чақиришга ҳам улгурди.

Тоғли Қорабоғдаги ҳудудий низо посцовет маконидаги энг оғриқли ва хавотирланишга асос бўлиб келди. Горбачёвнинг қайта қуриш сиёсати амалда бўлган 1988 йилда Тоғли Қорабоғдаги вазият этно-сиёсий муаммога айланиб улгурганди. Расмий Кремль эса мазкур вазиятда низони тинч йўл билан ҳал қилишда катта муаммога дуч келди. Бир сўз билан айтганда, сиёсий можарони ҳал қила олмади. Натижада мазкур муаммо кейинроқ Озарбайжон ва Арманистон ўртасида қонли урушга сабаб бўлди.

1991 йилда мустақил Озарбайжон ва Арманистон ўртасида бошланиб кетган уруш 1994 йилда Россиянинг тарафларни келишувга чақириши натижасида ўз ниҳоясига етди. Арманистон жангда ғолиб тараф сифатида эътироф этилди, Озарбайжон эса аҳолисининг аксари арманлар бўлган Қорабоғ ҳудудидан маҳрум бўлди. Можаронинг туб илдизи эса ҳал қилинмай қолди. Қорабоғдаги етти ҳудуд эса арманлар назоратига ўтган эди.

1994 йилдан кейин Озарбайжон ва Арманистон ҳукуматлари Тоғли Қорабоғ борасида бир-бирларига нисбатан кескин сўз жанги қилиб келган бўлса-да, минтақада нисбатан тинчлик ҳукм сурди. Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам орадаги тинчлик сукунатидан фойдаланган ҳолда ўз ҳарбий кучларини замонавий қурол-яроғлар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилди.

2016 йилнинг апрель ойида Озарбайжон ва Арманистон орасида яна ихтилоф юз берди ва бу сафар ҳам Россиянинг аралашуви натижасида кенг қамровли зиддиятнинг олди олинди. Бироқ айни пайтдаги низони олдини олиш мураккаб. Чунки озарлар ҳам, арманлар ҳам ўз ҳукуматларидан кескин чоралар кўришни талаб қилиб чиқмоқда. Ҳукумат раҳбарлари эса ўз халқининг агрессив кайфияти билан муроса қилишга тўғри келмоқда. Ҳарбий низо эса кучайгандан кучайиб бориши эҳтимоли ниҳоятда катта.

Фото: Reuters
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида юзага келган ҳозирги вазиятни иккита жиҳат янада кескинлаштириши мумкин. Биринчидан, Туркия ҳукумати Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини билдирди. Деярли 30 йил мобайнида расмий Анқара Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Қорабоғ масаласидаги Минск келишуви таркибида бўлиб келди ва ҳар сафар Озарбайжонни қуролли низога кирмасликка чақирди ва расмий Бокуни қўллаб-қувватлади. Бугун эса вазият анча мураккаб ва минтақадаги геосиёсий вазият ҳам 30 йил аввалгидек эмас.

Иккинчи жиҳат, АҚШ минтақадаги вазиятга аралашмаслик сиёсатини юритмоқда. 1998 йилда Вашингтон Қорабоғ масаласини ижобий ҳал қилишга даъват қилган мамлакат сифатида сиёсий майдонга чиққан эди. Ҳаттоки 2001 йилда Флорида штатининг Ки Уэст шаҳрида Озарбайжон ва Арманистон давлат раҳбарлари АҚШ воситачилигида учрашув ўтказди. Муаммо бартараф қилингандай эди. Бироқ 27 сентябрдаги воқеадан сўнг АҚШ ҳукумати Қорабоғдаги вазият борасида фикр билдирган энг кейинги мамлакатлардан бири бўлди.

Бу эса АҚШнинг минтақадаги вазиятга аралашмаслигидан дарак. Устига устак Тоғли Қорабоғдаги сиёсий вазият бу Россия ва Туркиянинг манфаатлари тўқнаш келган навбатдаги минтақа ҳам бўлиб турибди. Аввалроқ Сурия ва Ливия борасида ҳам рус-турк муносабатлари анча таранглашиб қолганди.

Европа Иттифоқи эса Қорабоғдаги низода сезиларли қизиқиш билдирмай келган эди. 1998 йилда Париж Қорабоғ масаласида Минск келишувининг иштирокчиси сифатида қатнаша бошлаган бўлса-да, Қорабоғдаги низога жуда қизиқувчанлик билан ёндашмади. Россия ҳукумати эса Қорабоғдаги вазиятда воситачи сифатида астойдил ҳаракат қилаётган бўлса-да, Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам расмий Кремлга кўп ҳам ишонқирамай келди. Бундай вазиятда эса Москва минтақадаги вазиятни бир ўзи айни пайтда ҳал қилишга ожиз.

Арманистон ва Озарбайжон ҳозирча бир-бирларини ҳужумни биринчи бўлиб бошлаганликда айблаб чиқмоқда. Қорабоғдаги вазият янада кескинлашиб кетадиган бўлса, АҚШ ҳам, Европа Иттифоқи ҳам масалага аралашишга ва Россия билан ихтилофларини бир четга суриб, бир стол атрофига йиғилишга мажбур бўлиши мумкин.

Тоғли Қорабоғ борасидаги айрим билиш керак бўлган жиҳатлар:
- Тоғли Қорабоғ ҳудуди 4 400 минг квадрат километрни ташкил қилади;
- Ҳудудда христиан динидаги арманлар ва мусулмонлар истиқомат қилади;
- Совет Иттифоқи даврида ҳудуд Озарбайжон таркибидаги мухторият ўлкаси сифатида ташкил топди;
- Мустақиллик эълон қилган ҳудудни Арманистон ва кўплаб давлатлар тан олмай келади;
- 1988–1994 йиллардаги уруш натижасида бир миллионга яқин маҳаллий аҳоли ўз уйларини ташлаб кетган ва 30 мингга яқин инсон ҳалок бўлган эди;
- Минтақадаги айирмачи гуруҳлар Озарбайжонга тегишли айрим ҳудудларни назорат қилади;
- Туркия Озарбайжонни очиқдан очиқ дастаклаб келмоқда;
- Арманистонда эса рус ҳарбий базалари мавжуд.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тоғли Қорабоғдаги низонинг кучайиши