date
views 3 071

Гонконг масаласи ҳал бўлди, энди навбат Тайванга келдими?

Гонконг масаласи ҳал бўлди, энди навбат Тайванга келдими?
Фото: CIA World Factbook
Бундан уч ойча вақт олдин Хитой ҳукумати Гонконгга янги миллий хавфсизлик ҳақидаги қонунни қабул қилиш вазифасини юклади ва бу ишни аъло даражада бажарди. Гонконг эса ўз мухториятининг бир қисмидан ҳам воз кечишга мажбур бўлди. Ҳозирда Хитой ўз нигоҳларини Тайванга қаратмоқда, деб ёзади The Guardian нашри.

Айрим мутахассислар назарида, расмий Пекин Гонконгдаги вазиятдан Тайванга нисбатан сиёсатни юритишда намуна сифатида фойдаланиши ҳам мумкин. Ҳозирча Тайван 1949 йилда Хитойда амалга оширилган фуқаролар урушидан сўнг қўлга киритган мустақиллигини сақлаб келмоқда. Хитой эса Тайванни ўз назоратига олиш учун оролда ҳарбий амалиёт олиб боришига тўғри келди.

ХХ асрнинг 90 йилларида оёққа туришга уриниб ётган Хитой учун Тайванга қарши бирор-бир ҳарбий амалиёт ўтказиши эҳтимолининг камлиги, аввало, Хитойнинг заиф иқтисодиёти билан изоҳланар ва Хитой коммунистик партияси раҳбарияти доҳий Дэн Сяопиннинг тажовузкорлик сиёсатидан тийилиш ҳақидаги кўрсатмаларига амал қиларди.

Аммо ҳозирда Хитойдаги вазият ўзгарди. Хитой бугунда дунёнинг иккинчи рақамли иқтисодиёти сифатида ташқи сиёсатда тобора тажовузкор сиёсат юритмоқда, миллий бойлигини рақамли технологиялардан тортиб ҳарбий қурол яроғларни ривожлантиришга қаратмоқда. Қисқача қилиб айтганда, бугунги Хитой аввалги заиф Хитой эмас.

Хитой Озодлик армиясининг расмийлари вақти-вақти билан Тайванни босиб олиш ҳақида иддаолар қилиб келмоқда. Бироқ расмий Пекин ҳукумати раҳбарияти халқаро сиёсатда Хитой ҳукумати ҳар қандай низолардан тийилишини, мамлакат эндигина маоцизмнинг қора кўланкаларидан қутулиб келаётганини таъкидламоқда. Аммо амалда Хитой ҳукумати Ҳиндистон билан чегаравий низолар устида тортишиб келмоқда.

Бундан ташқари, айни пайтда Япония билан Сенкакку ороллари, Индонезия, Филиппин, Малайзия билан ҳам Тинч океани минтақасида чегара борасидаги ўз иддаоларини эълон қилди. Жонс Ҳопкинс университетининг сиёсий иқтисод профессори Хо Фанг Ханг назарида, расмий Пекин Тайванни босиб олиш ҳақида ҳозирча ҳаракат қилмаётган бўлса-да, Гонконг мисолида Хитойнинг сиёсий режалари анча узоқни кўра билган ҳолда иш қилаётганидан дарак.

Фото: EPA
1949 йилда Хитойдаги фуқаролар урушида Маодан мағлуб бўлган Чан Кай Ши Тайванга келиб олди-ю, узоқ вақт оролда диктаторлик қилди. 1987 йилдан бошланган Тайван баҳори натижасида орол давлатда либерал ислоҳотлар жонлана бошланди ва ҳозирда Тайван Осиёдаги кам сонли демократик давлатлардан бири сифатида эътироф этилади. Тайван ҳаттоки демократик ислоҳотлар ортидан бир жинслилар никоҳини ҳам қонунийлаштирди.

2020 йилда эса Тайван коронавирус пандемиясига қарши курашда бир қатор эътирофга сазовор бўлган сиёсатни амалга оширди. Time журнали бу йил ҳаттоки Тайван раҳбари Сай Инвенни дунёнинг энг таъсирли юз сиёсатчиларидан бири сифатида эътироф этди. Расмий Пекин эса сўнгги пайтларда Хитой учун энг муҳим мақсад Тайванни Хитой билан яна бирлаштириш ҳақида гапирмоқда.

Натижада Хитой сиёсатчиларининг Тайван борасидаги мулоҳазалари расмий Вашингтон ва Пекин ўртасида бир қатор низоларни ҳам юзага чиқарди. Хитой тарафи эса Тайванга нисбатан провакацион сиёсат ҳам юритмоқда. Тайван ҳукумати эса Хитой расмийларини провакацион сиёсатдан воз кечишга ва Тайваннинг дахлсизлигини ҳурмат қилишга чақирмоқда.

Хитой Тайванни ўз таркибига қўшиб олиш учун ҳаракат бошлайдиган бўлса, бу Тайван ва Хитой, бир тарафда АҚШ ва Хитой ўртасида ҳарбий тўқнашувларнинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гонконг масаласи ҳал бўлди, энди навбат Тайванга келдими?
LiveInternet