18:43 / 04.11.2020
1 311

Президентни суд аниқлайди, америкаликлар сайлов тизимидан норози, ёмон ва жуда ёмон номзод

Президентни суд аниқлайди, америкаликлар сайлов тизимидан норози, ёмон ва жуда ёмон номзод
Фото: EPA
АҚШ президентлиги сайловлари кескин курашларга бой бўлмоқда. Бунақа интригани унча-мунча футбол ўйинида ёки жангда ҳам кузатиш қийин. Сайлов натижалари эълон қилинишига кўп вақт қолмади, аммо ҳеч ким кейинги президент ким бўлишини билмайди. Агар номзодлардан бири 270 нафар вакилнинг овозини тўплай олмаса, ғолиб номини мамлакат Олий суди аниқлаши мумкин. ВВС бу борада турли хил нашрларнинг муносабатини тўплади.

«Financial Times» бу борада шундай ёзади: «Сайлов ғолибини аниқлашда юридик аралашув талаб этилса, унинг натижаси ким кўп овоз олганига боғлиқ бўлиши табиий. Бироқ номзодлар натижаларни тан олмай, жараён чўзилиб кетиши ҳам мумкин».

Трамп натижаларни кутмай ўзини президент деб эълон қиладими?
«Guardian» Трамп ўзини президент деб эълон қилиши ҳақидаги ҳазиломуз вариант келтирди. «Трамп сайлов натижаларини тан олмай, ўзини президент деб эълон қилиши мумкин. Пандемия авжига чиққан вақтда ўтаётган сайловларнинг охири шундай якунланиши мумкин. Сайловчилар кайфиятидаги ўзгариш Трампга қўл келиб, у охир-оқибат ўзи ғолиб чиқадиган сценарий ҳам тузиши мумкин», деб ёзади нашр.

Газетанинг тахминича, Трамп бирор штатда ўзи устунлик қила бошласа, кейинчалик устунликни қўлдан чиқармаслик учун овозларни ҳисоблашни тўхтатишни буюриши ҳам ҳеч гап эмас. Бу гал овозларни ҳисоблаш бежиз чўзилиб кетмади, чунки 2020 йилги сайловларда рекорд миқдорда кўп америкаликлар қатнашган. Овозларнинг аксари почта орқали жўнатилгани учун ҳам натижалар кечикмоқда.

Жо Байден яқинда Трамп сайлов натижаларини тан олмай, Оқ уйни тарк этмаса, уни куч билан чиқариб юборишларини айтганди. The Independent ҳам бу саволни яна ёдга олди. Газетанинг хавотирига кўра, АҚШда ҳеч қачон бундай ҳолат бўлмаган ва натижаларни номзодлардан бири тан олмаса, ҳукуматни тинч йўл билан топшириш жараёни чўзилиб кетиши мумкин. Чунки АҚШ жамияти ҳукуматни тинч йўл билан топшириш устига тузилган. Агар Трамп ютқазиб, Байденнинг инаугурациясига қадар постини тарк этмаса, Америка тарихда кузатилмаган воқеага дуч келади.

Одамлар келажакка ишонмай қолган
The New York Times нашрининг ёзишича, сайлов арафасида максимал даражадаги ишсизликни бошдан кечираётган ва коронавирусга қарши кураш билан банд америкаликлар келажакка ишончини йўқотган. Шундай бўлса-да, одамлар сайловда овоз беришди. Чунки улар учун коронавирус юқтириш ёки ишини йўқотишдан кўра мамлакат келажаги муҳимроқ. Нашрнинг ёзишича, кўпчилик сайловчилар кейинги авлод учун ҳаёт ёмонроқ бўлиши ва Америка демократиядан узоқлашишидан хавотирда.

Одамлар сайлов тизимига ишонмай қўйган
The Los Angeles Times колумнисти Николас Голдберг одамлар бунақа мураккаб сайлов тизимига ишонмай қўйган, деб ҳисоблайди. Муаллифнинг ёзишича, бундай ишончсизлик жамиятни инқирозга етаклайди. У нафақат сайлов тизими, балки бутун ҳукумат одамлар олдидаги обрўсини йўқотганини таъкидламоқда.

«Яқинда бир сўров ўтказдик ва унда қатнашганларнинг деярли ҳаммаси ОАВ, президентга, унинг рақибига ҳам ишонмасликларини айтишди», деб ёзади Голдберг. Муаллиф Трамп жамиятнинг асосий институтлари бўлган сайлов тизими, демократик партиялар, ФҚБ, разведка, эркин матбуот, олимлар ва давлат ишчиларини 4 йил давомида танқид қилгани одамларда бу тузилмаларга қарши фикр пайдо қилган бўлиши мумкинлигини қайд этган. Шунингдек, у ўз рақибларини жиноятчилар, хавфли одамлар деб атагани ҳам «ўз сўзини айтди».

Бироқ бу муаммоларни фақат Трампнинг чиқишлари билан боғлаб қўйиш тўғри эмас. Бу муаммолар АҚШда ўнлаб йиллар давомида йиғилиб қолган, деб ёзади муаллиф.

The USA Today таҳлилчиси Шарлотт Элленнинг ёзишича, Трампнинг Америкасида одамлар ўзига хос «сўлча маданият»дан четлашди. Яъни, АҚШда эркинлик деб қабул қилинган кўп нарсалар чекловга айланди, аввал демократияни бўғиш деб қаралган нарсалар Трамп вақтида оддий ҳолатга айланди. Умумий маданият маъносида бу яхши, аммо АҚШдаги демократик жамият буни қабул қила олмайди. Муаллифнинг ёзишича, Трамп кетиши билан мамлакат яна ўша «турғунлик даври»га қайтади.

Россия ҳар қандай президентни қабул қилади
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Россия АҚШ халқи сайлаган ҳар қандай номзодни мамлакат етакчиси сифатида тан олади. «Биз Америка халқининг танловини ҳурмат қиламиз. Партиясидан қатъи назар сайловда ким ютса, уни АҚШ етакчиси сифатида қабул қилиб, ҳамкорлик қиламиз. Бироқ ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб муносабатлардаги кутилмаган бурилишларга ҳам тайёр туриш керак», деган Лавров.

«Московский комсомолец» газетаси Россия учун қайси номзод яхшилиги ҳақида ёзди. «Трампнинг президентлиги Россияга ҳеч нима бермади. Ҳеч қандай кутилмаган шартнома имзоланмади. Қайтанга олдинги келишувлар айнан Дональд Фредович даврида чиқиндига улоқтирилди. Байденнинг келиши эса муносабатлар янада ёмонлашиб, санкциялар рўйхати кенгайишига сабаб бўлиши мумкин. Россия учун бу сайловлар ёмон ва жуда ёмон номзод ўртасида танлов бўлади», деб ёзади нашр.

Америкаликлар фақат Трампга қарши ёки у учун овоз беришади
Исроилда чоп этиладиган «Вести» газетасининг ёзишича, сайловда Жо Байден ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Унда одамлар ёки Трампни қўллаб, ёки унга қарши овоз беришади. «Трамп одамлар учун қаҳрамон, чунки у оддий одамлар ёмон кўрадиган ҳаммага – прокурорлар, ОАВ, либераллар, Вашингтондаги сиёсатчиларга қарши гапира олди. Унинг коронавирус юқтиргани ҳам қаҳрамонлик деб қабул қилинди. Ўша халқ ёмон кўрадиганлар эса Трампга қарши бўлиб, унинг мағлубиятига сабаб бўлишлари мумкин.

Нима бўлганда ҳам, АҚШдаги сайловлар натижаси ҳаммага таъсир қилади. Исроилнинг ҳаракатларини белгилаб берадиган халқаро сиёсатга, сиз-у бизнинг ҳаёт тарзимизга ҳам», деб ёзади нашр.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)