date

Россияда кўчада намоз ўқиган ўзбекистонлик депортация қилинмоқда

Россияда кўчада намоз ўқиган ўзбекистонлик депортация қилинмоқда

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида кўчада намоз ўқиган Ўзбекистон фуқароси миссионерлик фаолиятида айбланиб, мамлакатдан чиқариб юбориладиган бўлди. Бу ҳақда Санкт Петербург судлари матбуот хизмати раҳбари Даря Лебедева маълум қилди.

Маълумотларга кўра, воқеа 12 май куни Савушкин кўчасида содир бўлган. Полиция ходимлари Дадабоев исмли Ўзбекистон фуқаросини жамоат жойида намоз ўқиётган вақтида аниқлаган. Шундан сўнг унга нисбатан “миссионерлик фаолияти билан шуғулланган” деган айб қўйилган.

Суд вакили маълум қилишича, айбланувчи тегишли рухсат ва ваколатга эга бўлмаган ҳолда имом сифатида диний маросим ўтказган деб баҳоланган. Шунингдек, у маҳаллий ҳокимият идоралари билан келишмасдан жамоат жойида намоз ибодатини адо этгани таъкидланган.

Ўзбекистон фуқароси чет эллик сифатида Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 5.26-моддаси 5-қисми асосида жавобгарликка тортилган. Суд жараёнида у айбини тан олгани ва кўчада намоз ўқиш мумкин эмаслигидан хабардор бўлмаганини айтган.

Суд қарорига кўра, унга 30 минг рубль миқдорида жарима тайинланди ҳамда Россия ҳудудидан мажбурий тарзда чиқариб юбориш чораси белгиланди.

Қайд этиш жоиз, бу каби ҳолат илк бор кузатилаётгани йўқ. Жорий йил февраль ойида ҳам Россияда ётоқхона эшигини очиқ қолдирган ҳолда намоз ўқиган яна бир Ўзбекистон фуқароси “миссионерлик”да айбланиб, жарима ва депортация жазосига дуч келган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россияда кўчада намоз ўқиган ўзбекистонлик депортация қилинмоқда