Эронда жосусликда айбланган шахс қатл этилди

Эрон расмийлари 13 май куни Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айбланган 32 ёшли Эҳсон Афрештеҳни қатл этди. Мизан Онлине нашрининг маълум қилишича, Моссад билан алоқада бўлган ва Непалда тайёргарликдан ўтган бу шахс Исроилга махфий маълумотлар етказиб берганликда айбланган. Норвегиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса Афрештеҳнинг айбловларни инкор этгани ва ўзини киберхавфсизлик мутахассиси деб атаганини таъкидлаб, ҳукмни шубҳа остига қўйди.
Фото: Yandex
Эрон расмийлари 13 май куни 32 ёшли фуқаро — Эҳсон Афрештеҳни Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айблаб қатл этди. Бу ҳақда Эрон суд ҳокимиятига қарашли Mizan Online нашри маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, Афрештеҳ Моссад билан алоқада бўлган ва Непал ҳудудида махсус тайёргарликдан ўтган. У Исроил томонига махфий маълумотларни етказиб берганликда айбланган.
Таъкидланишича, ушбу воқеа АҚШ–Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайган даврда содир бўлиб, сўнгги можаролар бошланганидан буён жосуслик айблови билан амалга оширилган олтинчи қатл сифатида қайд этилди.
Бироқ, Норвегияда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу айбловларни шубҳа остига олмоқда. Уларнинг баёнотларида Афрештеҳ Исроил разведкаси билан махфий маълумот алмашганини инкор этгани, ўзини эса фақат киберхавфсизлик бўйича мутахассис сифатида фаолият юритганини таъкидлагани қайд этилган. У айрим мустақил веб-сайтларни эҳтимолий киберҳужумлар ҳақида огоҳлантириб келганини билдирган.
Воқеа атрофидаги яна бир фожеали ҳолат — Афрештеҳнинг отаси чиқарилган ҳукмни эшитгач, юрак хуружидан вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳам жамоатчиликда катта акс-садо бермоқда.






























Изоҳлар 0
…