00:07 / 13.11.2020
1 356

Трамп президентликдан кейин нима қилади?

Трамп президентликдан кейин нима қилади?
Steve Helber / AP / Scanpix / LETA
АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампнинг муддати поёнига етмоқда. Сайловда ютқазгач, у 2021 йилнинг 20 январида Оқ уйни тарк этиши, унинг маъмурияти эса — ишни Жо Байденнинг жамоасига ўтказиши керак. Аммо Трамп ва унинг атрофидагилар ҳамон сайлов натижаларини тан олишдан бош тортишмоқда ва у мағлуб бўлган бир неча штатларда овозларни қайта ҳисоблаб чиқишни талаб этишмоқда. У вақтни чўзишга ҳаракат қилаётганининг сабабларидан бири унга бир неча иш бўйича суд даъволари хавфи мавжудлиги бўлиши мумкин, у президентликдан кетиб, дахлсизлик иммунитетини йўқотгач дарҳол суд жараёнлари бошланиб кетиши эҳтимоли ҳам бор. Келгусида у нималар билан машғул бўлади ва ўзини ёқтирмайдиган Вашингтонни тарк этиб Флоридадаги мулкига кетадими? Meduza шу каби саволларга жавоб излади.

Трамп ўзи кетадими?
Дональд Трамп президентлик сайловларида мағлуб бўлди, аммо ҳокимиятни топшириш жараёнини бошлаш тугул, сайлов натижаларини тан олишни ҳам истамаяпти. У ҳар куни сайловлардаги сохталаштиришлар ҳақида твит ёзиб, демократларни айбламоқда, унинг штаби эса унинг Жо Байденга мағлубияти қайд этилган штатларда натижалар бўйича янгидан янги даъволар ҳақида эълон қилмоқда.

Шу билан бирга, Трампнинг ҳуқуқшунослари ҳозиргача сайловдаги сохталиклар бўйича бирор далил келтирмади. Пенсильванияда улар почта орқали юборилган бюллетенларни ҳисоблашнинг қонунийлиги бўйича баҳслашишга уринишди; аммо судьянинг уларнинг айблови кимни сохтакорликда айблашга қаратилгани ҳақидаги саволига Трампнинг ҳуқуқшуноси тасдиқ жавобини бера олмади. Даъвода 600га яқин бюллетен шубҳа остида экани кўрсатиб ўтилган; Трамп эса Пенсильванияда Жо Байдендан 50 минг кам овоз олган.

The New York Times нашри хабар қилишича, сайлов комиссияси вакиллари — демократлар ҳам, республикачилар ҳам ўз штатларида кенг кўламли сохталаштириш аломатларини қайд этишмаган. Ҳозирча фақат Жоржияда овозлар қайта ҳисобланиши эълон қилинди, аммо бу штат сайлов комиссияси сайловларда кенг миқёсда сохталаштириш гумони бўлгани учун эмас, икки номзодга берилган овозлар сонида фарқ кичик бўлгани туфайли — бу штатда Байден Трампга қараганда 14 минг кўпроқ овоз тўплаган.

Шундай экан, кўп сонли суд даъволарини вақтни чўзишга уриниш деб ҳисоблаш мумкин: Дональд Трамп эртами кечми барибир мағлубиятини тан олишига ва Жо Байденни табриклашига, ҳокимиятни сайланган президент маъмуриятига ўтказишига тўғри келади. Давлат котиби Майк Помпео эса 10 ноябрь куни ёки ҳазиллашиб, ёки чиндан ҳокимият Трампнинг биринчи маъмуриятидан иккинчи маъмуриятига осонлик билан ўтишини ваъда қилди.

Муддати тугаган президент ҳокимияти функциялари янгисига ўтиши одатда умуммиллий сайловлар якунлари маълум бўлишидан кейин, Конгресснинг янги чақириғи январь ойида сайловчилар ҳайъатининг овоз бериш натижаларини расман эълон қилишидан олдин бошланади. Ҳокимият транзити жараёнида минглаб кишилар иштирок этади: ўнлаб бошқармалар ва департаментлардаги ходимлар ишни ўзидан кейин келувчиларга ўтказади, яна бир гуруҳ Оқ уйда янги келувчилар учун шароит ҳозирлаш ишлари билан шуғулланишади. Янги келганларнинг барчаси инфратузилма ва логистика билан — кабинетлар ва хизмат автомобилларидан тортиб канцтоварлар ва компьютерлар билан таъминланади.

Бу ишлар билан алоҳида федерал агентлик, Умумий тайинловлар хизмати маъмурияти — General Services Administration (GSA) шуғулланади. Бу ижро этувчи ҳокимият органи бўлиб, шаклан мустақил федерал агентлик ҳисобланади, аммо Трамп камида ташкилот раҳбарлигига ўз одамини тайинлаши мумкин эди.

Шундай ҳам бўлди: Трамп томонидан GSA директори этиб тайинланган Эмили Мерфи — қисқа вақтда АҚШдаги нуфузли шахслардан бирига айланди — у ҳозирга қадар расмий процедурани бажармаяпти, бусиз янги сайланган президентнинг жамоаси бюрократик машинани ишга тушира олмайди. Мерфи тегишли ҳужжатни имзоласагина Байденнинг жамоаси федерал ҳукуматдаги барча ресурслардан фойдаланиш имконига эга бўлади — степлердан тортиб ҳукуматнинг ишчи электрон почтасигача.

Бундай хатда агентлик раҳбари президентлик сайловининг «яққол ғолиби»ни табриклайди, шундан сўнг ғолиб номзоднинг жамоаси ўз эҳтиёжлари учун федерал бюджетдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Мерфи эса ҳалигача бу ҳужжатни имзоламади. Бу ҳар доим майда расмиятчилик ҳисоблаб келинган, аммо 2020 йилда бу расмиятчилик Байден жамоаси учун кутилмаган бюрократик деворга айланди.

Трампга қамоқ таҳдид қиляптими ва ўзини афв эта оладими?
Трамп ўзига хос президентлик «бинго»сига эга: у иккинчи сайловни ютқазди, икки сайловда ҳам у рақибидан камроқ америкаликлар овозини олди ва импичментга дуч келди. Айрим президентларда бундай ҳолатларнинг қайси биридир кузатилган, аммо барча уч пункт бирданига бўлиши — фақат Трампда. У Сенатда республикачилар устунлиги туфайли импичментдан қутулиб қолди, лекин унинг муаммолари шу билан тугаб қолмайди.

Дональд Трампга қарши ўнлаб жиноий ва фуқаролик ишлари очилган, шунингдек, турли даражадаги прокуратуралар ташаббуси билан текширувлар ўтказилмоқда. Айниқса Нью-Йорк штати ҳукумати ўтказаётган икки текширув унга хавф туғдиради. Биринчиси сайловолди кампаниясига ноқонуний ҳомийлик қилиш билан боғлиқ бўлиб, бу иш доирасида 2018 йил декабрида Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэн уч йилга қамалган (у 2020 йил майида қамоқхонада коронавирус юқтириб олиш хавфи туфайли уй қамоғига ўтказилганди). Айбловнинг бир қисми 2016 йили Трамп билан ишқий алоқалари ҳақида даъво қилган порноактриса Сторми Дэниелсга (Трампнинг ўзи буни инкор этган) офшор компания орқали «суд харажатларини қоплаш» учун тўлаб бергани билан боғлиқ.

Айблов бу пуллар Дэниелс 2016 йилги сайловолди кампанияси вақтида жим юриши учун тўланганига асосланади. АҚШ адлия вазирлиги амалдаги президентни жиноий жавобгарликка тортмаслик бўйича ички сиёсатдан келиб чиққан ҳолда, Коэннинг «биринчи рақамли шериги»нинг ҳаракатларини текширишни талаб қилмади. Аммо 2021 йил 20 январидан кейин Манхэттен прокурори Сайрус Вэнсга АҚШ бош прокурорининг ишини келган жойидан давом эттириши мумкин бўлади.

Нью-Йорк штати бош прокурорининг ҳам нияти жиддий, бу иш ҳам Майкл Коэннинг кўрсатмаларига асосланган — бу Трамп ташкилотидаги фирибгарликлар ҳақида бўлиб, унга кўра, президент солиқлардан қочиш учун ўз даромадларини сунъий равишда камайтириб кўрсатган, шу билан бирга, банклар ва инвесторларни алдаган ҳолда даромадларини ошириб кўрсатгани айтилган.

Фараз қилиш мумкин, Трамп ҳали ҳокимият ўз қўлида эканида президент афвини ўзига нисбатан қўллаши мумкин — қонун буни тақиқламайди. Бундай имкониятдан ўз президентлиги муддати охирида Уотергейт иши туфайли импичмент таҳдид солган Ричард Никсон фойдаланган (уни ўзининг вице-президенти, унинг истеъфосидан кейин президент бўлган Жеральд Форд афв этган).

Трамп кўп марта ўз иттифоқчиларига ёрдам бериш учун афв этиш ҳуқуқидан фойдаланган: президент афвига сазовор бўлган ёки жазоси енгиллаштирилган 44 киши орасида консерватив публицист ва Трампнинг тарафдори Динеш ДʼСуза, Аризонадан бўлган шериф, маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабати билан танилган Жо Арпайо, шунингдек, президентнинг эски дўсти Рожер Стоун бор.

Аммо бундай қадам ҳам имиж жиҳатидан жиддий нуқсонга эга: афв этиш - норасмий бўлсада айбдорликни тан олиш демакдир. Ўзингни афв этиш энг содиқ республикачилардан ташқари барча америкаликлар учун жазодан қочиб қутулиш учун энг сўнгги уринишдек кўриниши табиий. Президент ўзининг ёки вице-президентнинг ваколатлари орқали афв этиш тўғрисидаги фармон, албатта Америка ҳуқуқ тарихида муҳим прецедентга айланади ва бунинг ортидан бундай имкониятни чекловчи ёки тақиқловчи қонун қабул қилиниши ҳам мумкин.

Бошқа томондан, агар ҳатто Майк Пенс Дональд Трампни афв этган шахс сифатида тарихда қолишни истамаса ҳам, Жо Байденнинг имкониятлари ҳам жамоатчилик томонидан икки томонлама чекланган. Собиқ президентни судга тортиш учун фаол ҳаракатлар жамиятда жиддий бўлинишни келтириб чиқариши мумкин, уни афв этишни ва суд таъқибидан дахлсизлик иммунитетини тақдим этишни рад этиш Трампни унинг тарафдорлари кўз ўнгида жабрдийда сифатида гавдалантиради.

Дональд Трамп 2020 йилги сайловда Жо Байден ғолиб бўлгани эълон қилинган маҳалда гольф ўйнаётганди. Виржиния штати, 8 ноябрь
Jim Bourg / Reuters / Scanpix / LETA

Трамп кейин нима иш қилади?
Айтайлик, Трамп барибир ўзига қарши барча айбловлар бўйича амнистияга эришиб, ўзи учун юридик ҳимояга эга бўлди. Аммо у 20 январдан кейин нима билан шуғулланади? Кўчмас мулк савдосига қайтиш йўли ёпиқ — бирор йирик банк унга қарз бериши даргумон. Одатда собиқ президентлар ва биринчи ледилар китоб ёзишади (Билл ва Ҳиллари Клинтон ўз хотиралари учун аванс сифатида биргаликда 36,5 миллион доллар олишган), лекция ўқишади, сиёсий маслаҳатлар бериш ишлари билан машғул бўлишади ёки хайрия ишлари билан шуғулланишади.

Трамп учун мос муҳит эса — бу медиа, биринчи навбатда телевидение. Аммо бу соҳада ҳам у кўпчиликнинг кўнглини қолдирган. Руперт Мердок империясига мансуб бўлган камида икки йирик нашр тўнини тескари кийиб олган: Октябрь ойида 2020 йилги сайловларда Трампни қўллаб-қувватлаётган нашрлардан бири бўлган New York Post газетаси икки ҳафта ўтиб муқовасида «Жонинг вақти келди!» сарлавҳаси билан чиқиш қилди. Шунингдек, Fox News бошловчиси Нил Кавуто Оқ уй матбуот котиби Кейли Макэнани ўтказаётган матбуот анжуманини эфирдан узиб қўйди - у сайловларда Жо Байден фойдасига кенг кўламли сохтакорлик рўй бергани ҳақида гапираётганди.

Эҳтимол, у яна бир бор ўз ОАВига асос солишга ҳаракат қилиб кўрар — у 2016 йилда, ҳали сайловдаги ғалабасини ҳеч ким кутмаган маҳалда ҳам шунга уриниб кўрганди. Trump TV Трампга мойил бўлган медиа-ташкилотлар атрофида қурилиши мумкин: консерватив минтақавий телеканаллар тармоғи Sinclair ва ультра-ватанпарварлик руҳидаги One America News Network телеканали. Vanity Fair журналининг ёзишича, президентнинг куёви Жаред Кушнер об-ҳаво маълумотлари бериб бориладиган Weather Channel каналидан «Трамп-ТВ»га асос солишда фойдаланиш учун унинг нархига қизиққан, аммо унинг хўжайинлари билан нарх борасида келиша олмаган.

Бундан ташқари, Трампнинг собиқ сафдошларидан бирининг The New Yorker нашрига айтишича, у ўзининг севимли бошловчиси Раша Лимбонинг машҳур радиошоусини ўзига олиши мумкин. 2020 йил февралида Лимбо президентдан олиймақом давлат мукофотини қабул қилиб олганди. У ўпка саратонидан ўлим топиши ҳақида эълон қилишидан бир кун ўтиб унга Озодлик медали топширилган. Трамп радиошоуни Флоридадаги Мар-а-Лаго мулкида олиб бориши мумкин — лекин унда ҳар куни микрофон қаршисида бир неча соат ўтиришга қунт йўқ, қолаверса радио формати унинг учун жуда кичиклик қилади, у телевидение учун яратилган, дейди The New Yorker нашри билан суҳбатда «Ёлғон минораси» китоби муаллифи Барбара Рес.

Алалоқибат, у яна бир марта президентлик сайловларида қатнашишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Axios нашри амалдаги президентга яқин манбаларга асосланиб тарқатган хабарга кўра, Дональд Трамп 2024 йилги сайловолди кампаниясига тайёргарликни бошлаб юборган. Унинг яна сайланиш учун имкониятлари ёмон эмас. Трамп Республикачилар партиясида барчани ортидан эргаштира олиши нафақат рекорд даражада кўп овоз олганида, балки у сайлов натижаларини тан олишдан бош тортганида нуфузли республикачилар унга эътироз билдирмаётганида ҳам кўринади.

Ҳозирча учинчи рафиқаси Мелания Трамп 2024 йилда ҳам ёнида бўлиши аниқ эмас. Британиядаги таблоидлар у турмуш ўртоғи билан ажрашиш учун унинг президентлик ваколатлари тугашини сабрсизлик билан кутаётгани ҳақида хабар тарқатди. Биринчи леди омма олдида эри билан муносабатлари совуқдек таассурот қолдиради, аммо у ҳозиргача ўз норозилигини билдирмаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)