Ўзбекистон Миллий терма жамоаси дарвозабони Абдувоҳид Неъматов Уругвайга қарши ўтган ўртоқлик баҳсидан сўнг журналистлар билан суҳбатда ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
“Бугун жуда кучли рақибга қарши майдонга тушдик. Янги мураббийнинг кўрсатмаларига амал қилишга ҳаракат қилдик. Мағлубият аламли бўлди, аммо айтиш мумкинки, биринчи голда ўйиндан ташқари ҳолат бордек туюлди. Иккинчи голда эса ҳимояда кичик хатога йўл қўйдик. Шундан кейин ҳам руҳан тушмадик ва ўйинга қайта кирдик, гол уришга муваффақ бўлдик,” — деди Неъматов баҳс якунлангач.
Дарвозабоннинг сўзларига кўра, у ўтган хатоларга эмас, фақат келажакдаги натижаларга эътибор қаратади.
“Мен аввалги хатоларимни эслаб юрмайман. Улар ортда қолди. Энди олдинга қараш ва кейинги ўйинларда яхшироқ натижа кўрсатиш ҳақида ўйлашим керак,” — деди у.
Абдувоҳид шунингдек, терма жамоа дарвозасини ҳимоя қилиш қандай масъулият талаб этишини ҳам таъкидлади.
“Ўткир ака Юсуповдан кейин бу жойда ўйнаш осон эмас. У катта тажрибали дарвозабон. У тезроқ сафга қайтсин, деб тилайман. Лекин ҳар бир футболчи учун ватан жамоасида ўйнаш катта шараф. Қайси позицияда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон терма жамоа шарафи учун бор кучини бериши лозим,” — дея қўшимча қилди Неъматов.
Дарвозабоннинг самимий баёнотидан терма жамоа ичидаги жипслик ва масъулият ҳисси яққол кўринди. Неъматовнинг фикрича, ҳар бир мағлубият ортида тажриба ва ривож бор ва бугунги баҳс ҳам келажакдаги муваффақиятлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!