date

Бу йил қиш қандай келади?

Бу йил қиш қандай келади?

Куз ўзининг сўнгги палласига кирди, аммо табиатдаги ҳолат ҳали ҳам ўзига хос изтиробни акс эттирмоқда. Октябрь ойи шиддат билан қуруқ ўтиши кутилмоқда, дея маълум қилди иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов. Унинг сўзларига кўра, бу йилги об-ҳаво шароити ва намлик етишмаслиги қиш мавсумига ҳам таъсир кўрсатади.

Мутахассис таъкидлашича, одатда октябрь ойи ер намлиги тикланадиган давр ҳисобланади, аммо бу йил вазият бутунлай бошқача кечмоқда.

«Одатда бу ойда ерга табиий равишда намлик тушиши лозим, аммо бу йилда бу жараён деярли сезилмаяпти. Йилимиз жуда қуруқ келди. Нам ҳаво оқимларнинг қуввати ҳам анча пас — табиат гўё сувсиз қолгандек», деди олим.

Унинг фикрича, бундай шароит қишлоқ хўжалиги учун жиддий хавф туғдиради. Асосий экин майдонлари ва яйловлардаги ҳолат ёмонлашган, айниқса лалми ерлар намликсиз қишга кирмоқда.

«Қишлоқ хўжалик ерларида октябрь ойида меъёр бўйича тушиши керак бўлган ёғиннинг фақат 50—80 фоизи ёғиши мумкин. Бу дегани, қуруқ ва иссиқ ойлар кетидан келаётган жорий октябрь ҳам деярли намликсиз ўтиши эҳтимолдан холи эмас», — деди у.

Шундай қилиб, бу йилги қиш на шиддатли совуқ, на кўп ёмғир билан келиши кутилмоқда — аммо унинг қуруқлиги ва намлик етишмаслиги кўп соҳалар учун синов бўлади, дея хулоса қилди иқлимшунос олим.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бу йил қиш қандай келади?