13 октябрь куни Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида халқаро аҳамиятга эга воқеа рўй берди — Миср, Қатар, АҚШ ва Туркия раҳбарлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни имзоладилар, деб хабар берди Reuters.
Маросимда сўзга чиққан АҚШ президенти Доналд Трамп ҳужжатни «жуда кенг қамровли ва муҳим келишув» сифатида таърифлаб, унда «кўплаб қоидалар, низомлар ва тафсилотлар ўз аксини топганини» қайд этди. Унинг таъкидлашича, 13 октябрь кунини Яқин Шарқ учун «тинчлик ва умид куни» деб аташ мумкин.
«Бугун биз гувоҳ бўлаётган воқеа — бу фақат Ғазодаги урушнинг тугаши эмас, балки бутун минтақада янги тарихий даврнинг бошланишидир. Худо хоҳласа, бу тинчликнинг биринчи қадами бўлади», — деди Трамп ўз нутқида.
Саммитда 30 дан ортиқ давлат етакчилари иштирок этди. Улар орасида Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам бор эди. Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ва Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам учрашувда фаол иштирок этди.
Шу билан бирга, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу саммитга келмади. Унинг идораси бу қарорни 13 октябрь кечқурун бошланган яҳудий байрамлари билан изоҳлади.
Аввалроқ, Туркия президенти Эрдўған ва бир қатор мусулмон давлатлари етакчилари Нетаняҳу иштирок этса, саммитни бойкот қилиш нияти борлигини билдирган эдилар.
Шарм аш-Шайхда ўтган саммитда ҲАМАС ҳаракати вакиллари ҳам қатнашмади. Аммо айнан саммит куни — 13 октябрь — ҲАМАС 2023 йил 7 октябрь куни Исроилга қилинган ҳужум пайтида гаровга олинган исроилликларни озод қилди.
Мазкур озодлик ва отишмаларни тўхтатиш келишуви АҚШнинг фаол воситачилигида амалга ошди. Бу келишувнинг имзоланиши Яқин Шарқдаги узоқ йиллик қаршилик ва зўравонликлардан сўнг янги умидларни уйғотди.
Тинчлик саммитидаги келишув, кузатувчиларнинг фикрича, Ғазо ва бутун минтақада барқарорликни таъминлаш сари ташланган энг муҳим қадамлардан бири сифатида тарихда қолиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!