14:44 / 01.01.2021
2 377

Бошқа ўлкаларда Янги йил қандай кутиб олинади?

Бошқа ўлкаларда Янги йил қандай кутиб олинади?
Фото: «Goodfon.ru»
Ҳар бир юрт, элат ўз тарихи, анъанаю урф-одатларига эга. Шунинг учун бўлса керак, Янги йилни бошқа давлатлар турлича нишонлашади. Қуйида бири иккинчисини такрорламайдиган, Янги йилни ўзига хос қарши оладиган бир нечта мамлакатларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Хитой бу кунни февралда қарши олади
Хитой Янги йили – кўклам байрами. Унинг киришини Ой фазасига қараб белгилашади. Ҳар бир йил 12 жонивордан бирига бағишланади.

Либослар ранг-баранг, кўча ва уйлар безатилган, шовқин-суронли бўлиши шарт. Петардалар гумбурлаши, баланд товушли пақилдоғу мушакбозликлар – буларнинг бари ёвуз руҳларни қўрқитиб ҳайдайди ҳамда бахт қушини чорлайди. Уйлар саранжом-саришта қилинади, бахт-саодат учун жой бўшатилади. Тўкин дастурхон атрофида ҳатто бошқа шаҳарларда ўқийдиган ёки ишлайдиганлар ҳам албатта жам бўлишади.

Японияда бир ой нишонланади
Японияда Янги йилни Григориан тақвимига кўра нишонлашади. Байрам 25 декабрда бошланиб, ўзиям бир ой давом этади. Японлар хонадонини бамбук, олхўри ва арча шохларидан ясалган безаклар билан безашади. Бу эсон-омонлик, мўл-кўлчилик ҳамда севги-муҳаббат рамзи саналади.

Янги йил арафасида японлар албатта ибодатхоналарни зиёрат қилишади ҳамда иқбол, соғлик тилашади. Кечаси эса бир-бирларини оқ ва пушти рангли гуручли кулчалар билан сийлашади. Бу ранглар уларга омад келтиришига ишонишади.

Таиландда 13 апрель куни...
Таиланд Янги йили – Сонгкран қадимги ҳинд астрологик тақвимига кўра йил алмашинувини ҳамда ёмғирлар мавсуми бошланганини англатади.

Таиландликлар будда роҳибларини байрамона таомлар билан меҳмон қилишади. Будда ҳайкалларини атиргул ва ясмин гулбарглари билан ювишади. Бу кунларда одамнинг қуруқ қолиши амримаҳол: тоғора, шланглардан ўткинчиларга сув сепишади, оқ лой, тальк суртишади. Бу тозаланиш, янгиланиш ва йил бўйи йиғилиб қолган салбий хусусиятлардан халос бўлиш рамзи ҳисобланади.

Бирмаликларда ҳам апрелда
Бирма (Мьянма)да Янги йил тахминан 12 – 17 апрелда кириб келади. Байрам Тинжан деб аталади. Шовқин-сурон ва хурсандчилик қанча кўп бўлса, шунча яхши. Негаки шу йўл билангина ёмғир худоси эътиборини жалб қилиш мумкин. Кўчаларда чинакам тошқин ҳосил қилишади: йўловчиларни челагу резина ичаклар билан сувга бўктиришади.

Ёшлар кекса авлодга ҳурмат бажо келтиришади: қарияларнинг бошини ловия ва пўстлоқдан тайёрланган шампунь билан ювиб қўйишади. Шунингдек, қуриб қолаётган сув ҳавзасидан балиқни қутқариб, катта кўлга қўйиб юбориш ҳам яхши аломат саналади. «Мени 10 марта қўйиб юборишлари учун мен 1 марта қўйиб юборяпман», дея ичларида ният қилишади.

Ҳиндистонда қайта-қайта нишонланади
Ҳиндистонда Янги йил дунёнинг ҳар қандай мамлакатидан кўра кўпроқ қарши олинади. Анъанавий ҳинд йили – Гуди-падва мартда қаршиланади. Бир қанча штатларда у ерда яшовчи халқлар Янги йилни анъанавий тақвимга кўра байрам қилишади.

Энг ёрқин байрамлардан бири – Бенгалия Янги йили, Холи. Бўёқлар фестивали кўклам бошларида бўлиб ўтади. Биринчи куни Холика маъбудасининг тулумини ёқиб, чорва молларини аланга устидан ҳайдашади ва кўмир устида юришади. Кейин эса вақтичоғлик қилишади, бир-бирига ранг-баранг бўёқларни сепишади.

11 сентябрь тантанаси
11 сентябрда ёмғирлар мавсуми тугаганда Эфиопияда Янги йил – Энкутаташни қарши олишади. Эфиопияликлар эвкалипт, арчадан катта гулханлар ёқишади. Аддис-Абеба (пойтахт) бош майдонида тўпланган шаҳарликлар асосий гулханнинг учи қайси томонга қулашини кузатиб туришади. Гулханнинг тепа қисми қулаб тушган томонда келаётган йил мўл-кўл ҳосил беришини англатади.

Байрам чоғи миллий либослар кийилиб, меҳмондорчилик қилинади. Ёрқин кийинган болаларга шохчалардан ясалган гуллар беришади, қўшниларникига чиқишади. Пул мукофоти эвазига қизлар ашула айтишади, ўғил болалар расм чизиб беришади.

У ерда кўприкдан сакрашади!
Янги йилда италияликлар деразадан кераксиз лаш-луш ва эски-туски буюмларини улоқтиришади. Айтишларича, қанча кўп эски нарсалар ташланса, Янги йилда шунча кўп бахт-саодатга эришарканлар. Италияда Янги йил кириб келишини 1 январга ўтар кечаси кутиб олишади. Одамлар транспорт ҳаракати чекланган, ранг-баранг безатилган кўчаларга чиқишади ҳамда майдонларда мушакбозлик қилишади.

Римда байрам кечаси кўприкдан Тибр дарёсига сакраш бахт белгиси ҳисобланади.

Шотландияда қачон?
Самайн қадимги кельт байрами бўлиб, ҳосил йиғиб тугатилгани ва Янги йил бошланганини англатади.

Олов, шам, гулхан байрамда албатта бўлиши шарт. Гулханлар орасидан чорва молларини ҳайдашади ҳамда одамлар олов устидан сакрашади. Бу қадимий маросим олов билан тозаланиш дейилади. Кельт халқларида: Шотландия, Ирландия ва Мэн оролида 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси ҳозир ҳам Янги йил ҳисобланади.

Эскичасига нишонланадиган жой ҳам мавжуд
Пембрукшир, Гваун водийсида жин кўчали ва қайсар одамлар яшайдиган кичик бир қишлоқча бор. Бутун Буюк Британия Григориан тақвимига ўтганига анча бўлди, бироқ бу қишлоқча аҳолиси ҳалигача Янги йилни эскичасига қарши олишади.

Гваун водийсида Янги йил 13 январь куни кириб келади. Болалар бу байрамда валлий тилида эски қўшиқларни куйлашади ҳамда совға-салом ва ширинлик сўраб қўшниларникига чиқишади.

Феруза тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бошқа ўлкаларда Янги йил қандай кутиб олинади?