19:04 / 09.01.2021
3 190

Михаил Горбачёв Совет Иттифоқини сақлаб қолиши мумкинмиди?

Михаил Горбачёв Совет Иттифоқини сақлаб қолиши мумкинмиди?
Фото: Wikipedia
«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.
1991 йил 26 декабрда расмий тарзда Совет Иттифоқи парчаланди ва постсовет маконида янги мустақил давлатлар пайдо бўлди. Постсовет ўлкаларида ҳозирга қадар Совет Иттифоқининг парчаланишида Михаил Горбачёвни асосий айбдор санашади. Аммо айримлар назарида коммунистик партия хиёнати мавжуд бўлмаганда эди, Горбачёвнинг эълон қилган ислоҳотлари иш бериши мумкин эди, деб ёзади The Foreign Policy нашрига таяниб "Дарё" нашри.

1989 йил май ойида Хитойнинг бош майдонида минглаб хитойликлар норозилик намойиши уюштирди. Уларнинг қўлларида «Биз демократия элчисини хуш кўрдик» деб ёзилган шиорлар кўзга ташланарди. Расмий Пекин эса мазкур норозилик намойишини бостириш учун ҳарбий қўшин юборди. Хитойликлар «демократия элчиси» деб атаган шахс эса на бир диссидент, на бир инсон ҳуқуқлари фаоли эди. У шахс 15 май 1989 йилда Пекинга расмий ташриф билан борган улкан мамлакатнинг раҳбари Михаил Горбачёв эди.

Горбачёв эълон қилган сиёсий дастур ғарб капитализми эмас, аксинча, социализмга асосланган бозор иқтисодиёти эди. Минглаб хитойлик талабалар советларнинг раҳбарини ўз кўзлари билан кўриш учун Хитой пойтахтига олис вилоятлардан йўлга чиққанди. Сабаби Горбачёв эълон қилган советча дастур хитойликларнинг ҳам орзу умидларини ўзида мужассам қилган, режали иқтисодиёт ва авторитар сиёсий режим билан янги минг йилликка қадам қўйиб бўлмаслиги барчага кундай равшан эди.

Горбачёвнинг Хитойга ташрифи Хитой ва Совет Иттифоқи ўртасидаги совуқлашган муносабатларни қайта тикланишига белги берар ва расмий ташрифнинг икир-чикир тафсилотларига Хитой тарафи анча олдиндан тайёргарлик кўриб келарди. Шундай бўлса-да, Хитой ҳукуматида улкан мамлакатнинг раҳбарини қандай кутиб олиш борасида бир тайинли фикр йўқ эди.

Горбачёвнинг Хитой раҳбари Дэн Сяопин билан учрашуви ҳам Хитойда режали иқтисодиётдан воз кечилган ва бозор иқтисодиётига ўтиш бошланган даврига тўғри келганди. Хитойлик амалдорлар эса Горбачёв қандай қилиб иқтисодий ислоҳотларини демократияга ҳамоҳанг тарзда олиб бориши борасида ўйланганидан тинчини йўқотганди. Устига устак Тянмен майдонига йиғилганлар ҳам ўз ҳукуматларидан Совет Иттифоқидан ўрнак олган ҳолда сиёсат юритишини талаб қилишни бошлаганди.

Тянмендаги қатағонлар бошланишидан сал аввалроқ совет раҳбари ўз нутқида «иқтисодий ислоҳотларни сиёсий режимни ўзгартирмасдан туриб амалга ошириб бўлмаслиги» ҳақида сўзлайди. Авторитар хитойлик сиёсатчилар эса мамлакатдаги вазият янада кескинлашишидан чўчиган ҳолда Горбачёв нутқини радио орқали эфирга узатилишига тўсиқ қўйди.

1980 йиллар охирига келиб Горбачёв Совет Иттифоқида коммунистик мафкура ўрнатган давлатни сиёсий монополлаштирган режим билан узоққа бориб бўлмаслигини яхши англаганди. Бироқ Дэн Сяопин ва унинг сиёсий ҳаммаслаклари Хитойдаги мавжуд вазиятни сиёсий жангларсиз бой беришни истамасди. Горбачёв Пекиндан кетиши билан Хитой коммунистик партияси мамлакатда кескин чоралар кўришни бошлаб юборди.

Фото: Google Photos
4 июнь санасида Тянмендаги норозилик намойиши қамчи билан бостирилди, бир неч юз одамлар ҳаётдан кўз юмди. 16 июнь санасида Дэн Сяопин коммунистик партия йиғилишида «Хитой социалистик тузумдан ортга чекинмаслигини, айнан бир партияли социализмгина Хитойнинг халоскори бўлиши ва мамлакатни тараққий этган мамлакатга айлантириши» ҳақида нутқ сўзлайди.

Хитой Совет Иттифоқида юз бераётган сиёсий воқеаларни кузатар ва шу билан авторитар бошқарувни дастаклаган ҳолда секин-аста бозор иқтисодиётига ўтишни бошлади. Совет Иттифоқида эса сўз эркинлиги, кўп партиявийли сайловларни жорий қилар экан, секин-аста мамлакат иқтисодий таназзулга юз тутди. Охир-оқибатда эса Совет Иттифоқи парчаланиб кетди. Иқтисод абгор аҳволдан қутула олмай келмоқда, демократия эса Россияда ҳамон ўз ўрнини топа олмади.

90 йиллар бошидаги Хитой ва Россия ўртасидаги фарқлар шунда эдики, Совет Иттифоқида сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва эркин сайловлар бўлса, Хитойда авторитар режим пойдевори кучайтирилди. Бугун эса Россияда яна авторитар режимга асосланган бозор иқтисодиёти амалда. Иккинчидан, Совет Иттифоқи либерал иқтисодий ислоҳотлар ортидан иқтисодий инқирозга дуч келди, Хитойда Тянмен исёни бостирилгандан сўнг иқтисодий инқироз қисқа давом этди ва Хитой ўз иқтисодиётини жиловлашга эришди. Горбачёв эса Совет Иттифоқидаги бюджет танқислигининг олдини ололмади, бюджет танқислиги хориждан кредит олиш ва пул зарб қилиш билан ҳам янада кенгайишда давом этди.

1991 йилда бир қатор исёнчилар Горбачёвни Қримдаги дачасида қамаб қўйиб, ҳокимиятни ўз қўлига олишга эришди. Исён бостирилди, аммо Горбачёвнинг сиёсий иродаси билан эмас, аксинча, сиёсий кучларни ҳаракатга келтира олган Борис Ельцин шарофати билан. Горбачёв эса Қримдаги дала ҳовлисидан Ельциннинг амалга ошираётган ишларини жимгина кузатарди. Орадан тўрт ой ўтиб, 26 декабрь санасида Совет Иттифоқидек улкан давлат тарихига нуқта қўйилди.

Горбачёв демократияни татбиқ қилишни истар экан, Совет Иттифоқида кўп йиллардан бери ҳокимиятдан манфаатдор бўлган гуруҳларнинг интилишларини ҳисобга олмади ва исённинг юз беришига йўл қўйиб берди. Дэн Сяопин эса Хитойдаги элита билан тил топишди ва ўз сиёсатини амалга оширишда улар кўмагидан фойдаланди ва тараққий этди.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Михаил Горбачёв Совет Иттифоқини сақлаб қолиши мумкинмиди?