Россия Федерацияси томонидан Украинага қарши кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён, ушбу қуролли можарода ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчилар сони камида 121 507 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда “Медиазона” нашри ва Британиянинг BBC рус хизмати журналистлари кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорликда аниқ маълумотлар асосида хабар берди. Охирги янгиланган статистика 1 август, жума куни эълон қилинди. Фақат 18 июлдан буён очиқ манбалар орқали яна 2 353 нафар ҳарбий шахснинг шахсияти тасдиқланган.
“Медиазона” порталида тақдим этилган рақамларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Бошқирдистон (5 889), Татаристон (5 565), Екатеринбург (4 377) ва Челябинск (3 649)дан келган ҳарбийлар сони энг юқори. Шулардан 27,3 фоизи (33 152 киши) кўнгиллилар, 14,8 фоизи (17 964) қамоқхоналардан жалб қилинган маҳкумлар ва 11 фоизи (13 356) сафарбар қилинган фуқаролардан иборат.
Ёш гуруҳлар бўйича энг кўп ҳалок бўлганлар 30–32 ёш (10 366), 33–35 ёш (11 794), 36–38 ёш (11 614) ва 39–41 ёш (10 625) тоифаларига тўғри келади. Шунингдек, Россия армияси ва бошқа хавфсизлик хизматлари таркибида хизмат қилган 5432 нафар зобит, жумладан, 12 нафар генерал ҳам Украинада ҳалок бўлган.
Журналистлар таъкидлашича, ҳақиқий йўқотишлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки ҳарбийлар ўлими ҳақидаги маълумотлар доимо оммавий манбаларда очиқ эълон қилинмайди.
2024 йил 14 июлда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашув чоғида НАТО бош котиби Марк Рютте маълум қилишича, Россия армияси 2025 йил бошидан бери Украинада 100 мингдан ортиқ аскарини йўқотган. Апрель ойида эса НАТО Россия қуролли кучларининг умумий йўқотишлари 250 мингга етгани ва 650 минг нафар аскар яраланганини эълон қилган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!