Технология оламидаги йирик корпорация Apple ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида навбатдаги юридик қадамни ташлади, деб хабар берди rozetked.me. Компаниянинг судга мурожаат қилишига сабаб — АҚШда фаолият юритаётган “Apple Cinemas” номи остидаги кичик кинотеатрлар тармоғи савдо белгисини бузганлик айби бўлди.
Apple даъво аризасида таъкидлаганидек, “Apple Cinemas” номидан фойдаланаётган компаниялар ушбу атама истеъмолчилар орасида аниқ чалкашлик ва ноаниқликларга сабаб бўлаётгани ҳақида бир неча марта расман огоҳлантирилган. Технологик гигантнинг мурожаатида, ҳатто айрим одамлар “Apple Cinemas” кинотеатрлари Apple компаниясига тегишли, деб ўйлаб, янгиликлар сайтлари ва ижтимоий тармоқларда шундай хабарлар тарқатаётгани алоҳида қайд этилган.
Маълумотларга кўра, биринчи расмий огоҳлантириш АҚШ Патент ва товар белгилари идораси томонидан берилган. 2024 йил октябрда мазкур идора Sand Media Corp. томонидан берилган “Apple Cinemas” ва “ACX – Apple Cinematic Experience” товар белгиларига аризаларни рад этган. Рад этиш сабаби сифатида, бу номлар Apple ҳуқуқлари билан чалкашликка олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.
Apple томонидан судга тақдим этилган шикоятда, компания адвокатлари кинотеатр тармоғи раҳбарияти билан бир неча марта телефон орқали ва ёзма шаклда расмий алоқада бўлгани қайд этилган. Бироқ, шунга қарамасдан, “Apple Cinemas” номи остидаги тармоқ ўз фаолиятини кенгайтириш ва ҳудудий миқёсда кенгайиш режаларини олға суришда давом этган.
Энди эса, Apple суд орқали “Apple Cinemas” номи билан боғлиқ барча савдо белги фаолиятига чеклов қўйиш ва моддий товон тўлашни талаб қилмоқда. Мазкур иш кино ва технология саноатидаги брендлар ҳимояси масаласида яна бир катта баҳсни юзага келтирди.
Apple ва “Apple Cinemas” ўртасидаги ушбу низо кино ва технология оламидаги янги интриганинг бошланиши бўлиб, ушбу иш натижаси АҚШдаги товар белгиларига нисбатан келгусида янада қатъий қарашларни шакллантириши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!