08:30 / 17.01.2021
1 297

Хитойча коммунизм: идеология, сингдирилган мафкура ва келажак агрессияси…

Хитойча коммунизм: идеология, сингдирилган мафкура ва келажак агрессияси…
Инсоният цивилизацияси бошланганидан бери энг яхши бошқарув шаклини изламоқда. Минг йиллар давомида бизнинг сиёсий тизимларимиз ўзгариб бораётган сиёсий қадриятлар ва инсоният цивилизациясининг тараққиёти билан доимо боғланиб борди.

«Қайта қуриш» авжига чиқаётган кезларда, гарчанд инсоният бошқа бошқарув шаклини ўйлаб топишига ҳеч ким ишонмаса ҳам, дунё коммунизм ва либерал демократиядан иборат бўлиб қолмади. Шарқий Европа ва Совет Иттифоқидаги коммунистик режимларнинг қулаши Ғарб либерал демократиясининг устунлигини кўрсатди. Бироқ либерал демократия қанча яшайди ва у энг маъқул вариантмиди?..

Америкалик олим, жаноб Фукуяманинг сўзларига кўра, ғарб либерал демократияси «инсоният ғоявий эволюциясининг якуний нуқтаси» ва «сиёсий ҳукуматларнинг бошқарувида якуний шакли» деб даъво қилинди. Эртами-кечми Ғарб либерал демократияси — «энг яхши» сиёсий тизим ва инсониятнинг «якуний» ютуғи бўлиб қолиши, сиёсий тизимларнинг бошқа барча шаклларини мағлубиятга учратиб, ягона бошқарув шаклига айлананиши керак эди. Бироқ биз ўйлагандек, авторитаризм барҳам топмади. Аксинча, бугун ўша коммунизмдан қолиб кетган «эскилар»нинг чидамлилиги янада ошиб, Ғарб демократиясининг устун ҳукмронлиги учун мисли кўрилмаган муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Энг қудратли ҳисобланган коммунистик Совет Иттифоқи парчалангач, бошқа ҳеч қайси бир партияли мамлакат ғарб йўлини тўсолмайди деб ўйлашганди. Шарқий Европа ва Совет Иттифоқида коммунизм қулаганидан қарийб ўттиз йил ўтди ҳамки, Хитойдаги коммунистик партия Ғарб либерал демократиясига катта қийинчиликлар туғдирмоқда. Кўп йиллар давомида кутилганидек, қулаб тушиш ўрнига, Хитой Коммунистик партияси ажойиб иқтисодий мўъжиза яратди.

2011 йилда Хитой расман Японияни ортда қолдириб, дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётга айланди. Ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати 7 фоиздан ошадиган бўлса, Хитой сўнгги ўн йил ичида энг йирик жаҳон иқтисодиётига айланиши кутилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, Хитой 2014 йилдаёқ АҚШни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик иқтисодиётга айланиб бўлган.

Энди дунё аввалгидан ҳам кўпроқ авторитар режимдаги мамлакат билан муроса қилишга мажбур бўлмоқда. Совет Иттифоқининг қулаши Шарқий Европада ҳам коммунизмнинг инқирозига олиб келди. Бироқ, нима учундир, ёппасига либерал демократияга ўтиб кета бошлаган бошқа коммунистик давлатларга Хитой эргашмади. Профессор Цзинхань Зенгнинг Хитой идеологиясига оид изланишларидан маълум бўлишича, ХКПнинг ҳокимиятда қолиш учун зарур бўлган иккита муҳим стратегия — мафкуравий мослашиш ва етакчилик меросини институционализация қилишни ўрганиш коммунистик тизимни сақлаб қолишда муҳим ўрин тутган. Унинг фикрига кўра, мафкура ва партия етакчилигига меросхўрлиги ХКПни сақлаб қолишида ҳал қилувчи рол ўйнаган.

Хитой 30 йилда мисли кўрилмаган иқтисодий муваффақиятларга эришди, бироқ коммунизмнинг «хитойча талқини» зўравонликка ва кучли авторитар бошқарувга қурилган, деган шубҳалар пайдо бўла бошлади. Хитой Коммунистик партияси конституциясига кўра, партиянинг «энг юқори идеал ва пировард мақсади» ва назарий жиҳатдан унинг мавжуд бўлишининг ягона сабаби — коммунизмга эришишдир. Бироқ Хитойча коммунизм «китобидагидақа» эмас-ку.

Коммунистик партиянинг капиталистик жамият барпо этишни режалаштираётгани ғалати туюлади. Аслини оладиган бўлсак, Хитой яратаётган жамиятни капиталистик деб аташ ҳам унчалик тўғри эмас. Нега десангиз, ғарб либерал капиталистик давлатлари Хитой яратаётган идеологияни капитализм деб тан олмайдилар. Коммунистик идеаллардан узоқлашиш муқаррар равишда Хитойда коммунистик эътиқодларнинг пасайишига ва улкан мафкуравий бўшлиқни яратишига олиб келди.

1980-йилларнинг охирларида ушбу вакуум, либерал ижтимоий қадриятлар билан тўқнашганида, ХКПнинг мафкуравий асосларини заифлаштирди, бу эса бутун мамлакат бўйлаб демократияни қўллаб-қувватловчи оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқарди. Қолаверса, бу пасайиш нафақат ХКПнинг мафкуравий асосларига қақшатқич зарба бўлди, балки партия ич-ичидан зил кетишига олиб келди, дейилади профессор Цзинхань Зенгнинг хулосаларида.

1979 йилдан 1992 йилгача квази-капиталистик иқтисодий сиёсат ва ХКПнинг социализмга содиқлиги ўртасида туб зиддиятлар келиб чиқди. Квази-капиталистик иқтисодий сиёсатни иқтисодий ўсишни таъминлаш учун муҳим деб ҳисоблаган элита қатлам бошқа гуруҳлар томонидан ҳужумга учраганлиги ҳақида ҳам фаразлар мавжуд. ХКП таркибидаги бу бўлиниш бир қатор жиддий ва салбий оқибатларга олиб келган. 1992 йилда бозор иқтисодиёти расман тан олинганлиги сабабли, партиядаги бўлиниш аста-секин ХКП капитализмга қандай бориши ёки бормаслиги кун тартибида биринчи бўлди.

Капитализмни танқид қилувчи ва миллатчи социализмнинг янги шаклини афзал кўрган «янги чап» элита ижтимоий-иқтисодий ишларда давлат учун катта роль ўйнашнинг маъқул эканлигини, умуминсоний қадриятларни қабул қилган либерал тарафдорлар эса либералликни илгари суришга ҳаракат қилишди. Партиянинг бирлиги ва Хитойда етакчилик-меросхўрлик тизимининг қонунийлиги бу орқали катта хавф остига тушиб қолди.

Умуман олганда, замонавий Хитой авторитар бошқарувни қонунийлаштиришда айблаб келинади. Аммо Хитойнинг сиёсий идеологияси ва аҳолига сингдираётган мафкураси бошидан Буюк Хитой сиёсатини тиклаш ва энг гегемон давлатга айланиш бўлиб қолган.

Мафкуравий мослашувдан ташқари, партия етакчилигига меросхўрлигини институционализация қилиш ХКПнинг ҳаётий муҳим стратегияси бўлиб қолиши тахмин қилинган эди ва шундай бўлиб ҳам қолди. Бироқ, халқаро таҳлилчиларга кўра, 70-йилларнинг охиридан бошлаб ХКПнинг мафкуравий бурилиши партияни иккига бўлиб юборди. Элита ичидаги бўлинишлар хавфини тарих тез-тез намойиш этади: «авторитар режимларнинг аксарияти омма томонидан ағдарилиши натижасида эмас, балки элита ўртасида бўлинишлар туфайли муваффақиятсизликка учрайди» дейди профессор ва халқаро аналитик О’Доннелл.

«Шунинг учун ҳукмрон элиталарнинг бирлиги режимнинг омон қолиши учун жуда муҳимдир ва бу бирлик учун асосий таҳдид ворислик инқирозидир», дейди бошқа бир олим О’Доннелл фикрини тўлдирар экан. Авторитар режимли давлатлар учун ворислик масаласи доим оғриқли нуқта бўлиб келган.

1997 йил 19 февралда Хитойнинг «буюк раҳбари» Дэн Сяопиннинг ўлими ҳақида эълон қилинди. Умуман ҳам олганда, коммунистик ва авторитар тизимли давлатларда раҳбарлик ва ворислик масаласи жуда мураккаб бўлган. Дэн вафотидан олдинги йилларда, тобора кексайиб ва мўртлашиб борар экан, халқаро шарҳловчилар ворисликнинг сиёсий оқибатлари тўғрисида кўп мунозаралар олиб боришди. Хулоса аниқ: «Хитой коммунизми қулайди». Бироқ ҳамма ўйлаганидек бўлмаслиги ҳам мумкин.

Хитойча коммунизм… Аслида ҳамма нарсани китобида ёзилгандай кўриб ўрганиб қолганмиз. Биз Хитойнинг бугунги сиёсий қиёфасини китобларда кўрган эмасмиз. Хитойнинг агрессия сиёсати бошланишини мутахассислар Дэн Сяопиннинг ўлими ва партиядаги бўлинишлар кучайиб, ворисликнинг қийин даврини бошдан кечириши билан боғлашмоқда. «Замонавий Хитой меъмори» ҳисобланган Дэн Сяопиндан сўнг Хитой ўта ривожланиб кетганлиги партиявий муаммолар йўқлигини англатмайди.

Доктор Стефан Шерлокка кўра, агар партиявий ворислик бузғунчи, айниқса, қуролли кучларнинг қўллаб-қувватлашидан фойдаланадиган, ашаддий миллатчиликка мурожаат қиладиган фашистик раҳбарият пайдо бўлишига олиб келадиган бўлса, Хитойнинг янада тажовузкор ташқи сиёсати ривожланиши мумкин. Хитой агрессияси Иккинчи жаҳон уруши давридаги немис сиёсатига монанд бўлмоқда, дейишмоқда таҳлилчилар.

Хитой, шубҳасиз, нафақат минтақада, наинки бутун ер юзида энг кучли сиёсий ирода етилган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Кучли сиёсий ҳукуматнинг агрессияси ҳам кучли бўлади. Хитой қақнус қуши каби бутун дунёга ўт қўйиши ва оқибатда кўплаб давлатлар зарар кўриши мумкин. Ҳа, бу — хитойча коммунизм, идеология, сингдирилган мафкура ва келажак агрессиясидир.

Санжар Машриқий
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)