15:23 / 02.03.2021
1 704

Сармоядорлар Дуровдан 100 млн долларлик зарарларни қоплаб беришни талаб қилишмоқда

Сармоядорлар Дуровдан 100 млн долларлик зарарларни қоплаб беришни талаб қилишмоқда
Фото: TechCrunch / flickr / CC BY 2.0
Феврал ойи охирларида Da Vinci Capital фонди ҳуқуқшунослари Telegram асосчиси Павел Дуров, Telegram вице-президенти Илья Перекопский ва TON’нинг бошқа топ-менежер ва ҳуқуқшуносларига TON Inc. ва Telegram Inc.га қарши даъво киритиш ниятлари борлиги ҳақида огоҳлантириш жўнатишган, дея хабар бермоқда Forbes нашрининг фондга яқин манбалари.

Мактубда муваффақиятсизликка учраган лойиҳа учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида компенсация талаби қўйилган. Бу маълумотни жамоавий даъво киритаётган сармоядорлардан бири билан таниш бўлган одам тасдиқлаган. Telegram топ-менежментига яқин бўлган икки манба ҳам бу маълумотни тасдиқлашди. Лекин бу манбалар даъво қилинаётган пул миқдори 20 миллион доллар эканини айтган.

Сармоядорлар зарарни қоплаш учун Telegram’га икки ҳафта муддат беришган ва рад этилган тақдирда судга мурожаат қилишларини айтиб огоҳлантиришган. Фондга яқин манбанинг сўзларига кўра, letter before claim – бу даъвогар даъво киритилишидан аввал судга йўлланадиган хат.

«Иккинчи тарафга охирги огоҳлантириш берилади. Баъзида эса, бу шунчаки техник ҳолат бўлади ва хат, одатда, катта сюрприз бўлмайди.
Ҳозирча суд бўладиган жой Лондон, кейинчалик бошқа юрисдикциялар қўшилади
», дейди Forbes манбаси.

Da Vinci Capital эгаларидан бири ва бошқарувчи ҳамкори Олег Железко изоҳ беришдан бош тортди. Илья Перекопский ҳам Forbes саволларига жавоб бермади.

«Одатда қарздор тарафга жавоб бериш учун икки ҳафта муҳлат берилади, кейин қарз берувчи судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Зеро, у қарздорликни ундириш учун судгача бўлган расман барча чораларни қўллаб бўлган бўлади», дейди «Иккерт ва ҳамкорлари» юридик компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Павел Иккерт. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британияда бундай хат мажбурий, қарздор рискларни бўйнига олишга тайёр бўлса унга жавоб бериш шарт эмас.

2020 йилнинг май ойида Павел Дуров TON блокчейн платформаси ва Gram криптовалютаси лойиҳалари тугатилганини расман эълон қилганди. Бу лойиҳаларга бутун дунёдан 171 нафар сармоядор 1,7 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритишганди. Сармоядорлар орасида миллиардерлар Роман Абрамович, Юрий Мильнер, Qiwi асосчиси Сергей Солонин, тадбиркор Саид Гуцериев, «Вимм-Билль-Данн» ҳаммуассиси Давид Якобашвили кабилар ҳам бор.

Da Vinci Capital бошқарувидаги Disruptive Era Fund TON’нинг энг йирик сармоядорларидан бири эди. «Фонднинг Telegram билан тузган шартомасига кўра, у 72,1 миллионлик токенлар олиши керак эди ва 2018 йили сотувчи тараф ҳисобига 45,4 миллион доллар ўтказиб берган, дейилади SEC ҳужжатларида.

TON’нинг яна бир йирик сармоядори Space Investments компаниясидир. АҚШнинг қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича Комиссияси (SEC) маълумотларига кўра, Space Investments Сергей Азатяннинг InVenture Partners компанияси билан боғлиқ. Сергей Азатян ҳам Forbes’нинг саволларига жавоб бермади.

SEC Gram криптовалютасини қимматли қоғоз сифатида тан олмади ва унинг чиқарилишини тақиқлади. Лойиҳани тугатишга тўғри келди ва компания пулни дарҳол олмоқчи бўлганларга сармоянинг 72 фоизини, кредит бериб, 2021 йилнинг апрелигача кутмоқчи бўлганларга 110 фоизини қайтариш мажбуриятини олди. Америкалик сармоядорларда фақат бир вариант бор эди – сармоянинг 72 фоизини олиш.

«Telegram 2021 йилнинг апрели сўнгига қадар инвесторларга 600 миллион доллардан зиёд пулни қайтариши керак», дейилади 2018-2020 йил Telegram гуруҳининг ҳисоботлари билан танишган VTimes нашрида.

«Қарзни тўлаш учун Telegram инвесторлардан 1 миллиард доллар олмоқчи», дейилганди The Information ва Коммерсанть нашрларида.

Telegram’нинг молиявий ҳисоботларига кўра, облигацияларни сотишдан тушган маблағнинг 684 миллиони қарзларни тўлашга сарфланади. Қарзларнинг катта қисми (2020 йилга кўра 625,7 миллион доллар) – 2021 йилнинг 30 апрелига қадар тўланиши шарт бўлган очиқ кредит линиялари бўйича олинган қарзлар.

Сармоядорларга аталган ҳужжатларда Telegram’ни монетизация қилиш ҳақида гап боради. Монетизация асосида Telegram каналларига реклама қўйиш ётади. Компания ҳисоб-китобларига кўра, мессенжерда ойига ўртача 350 миллиард кўришлар бўлади ва 42 миллион фаол каналлар мавжуд. Мессенжер аудиториясига йилига 40 фоизга ўсган тақдирда, 2025 йилга бориб кўришлар сони 2 триллиондан ошиб кетади ва ҳар ўнинчи кўриш реклама бўлиши мумкин.

Қарзларни тўлаш учун Дуров нимадан пул ишламоқчи?
Павел Дуров чиқарилган облигациялардан тушган маблағ ҳисобига қарзларни тўлагач, Telegram жамоаси турли усуллар билан мессенжер монетизациясини йўлга қўйишни ваъда қилган. Инвесторларга аталган ҳужжатда эълон қилинган режалардан ташқари янги ғоялар ҳам баён этилган. 2023 йилга қадар Telegram қуйидаги лойиҳаларни йўлга қўймоқчи:
  • асосий – рекламадан даромад: Telegram каналларда реклама постлари орқали пул ишлаш.

Даромад олишнинг бошқа имкониятлари:
  • Telegram нинг алоҳида дўконида премиал стикерлар сотиш;
  • ўйин ишлаб чиқарувчиларнинг чат ўйинларида қўйилган реклама орқасидан тушган даромадни бўлиш модели;
  • корпоратив мижозлар учун қўшимча хизматлар жорий қилиш: мессенжерлар фойдаланувчилари Telegram’да алоҳида ишчи кенглик ва ходимларни бошқариш инструментларини ташкил қилинишидан манфаатдор. 2021-2022 йилларда Telegram шу йўналишга сармоя киритиб, келажакда корпоратив фойдаланиш учун тўлов ундириш ниятида;
  • даромадни гуруҳ маъмурлари билан баҳам кўриш модели: Telegram гуруҳ чатларида реклама қўйишни истамаётгани боис, тушган пулни мессенжер гуруҳ маъмурлари билан бўлишмоқчи. Айнан гуруҳ маъмурлари реклама қўйишдан манфаатдор бўлишади;
  • рекламани интеграция қилган ҳолда қисқа видеолар қўйиш;
  • савдо учун платформа яратиш: Telegram мессенжер ичида интернет савдони ривожлантириш. Бунда савдогарларга оптималлаштирилган тўлов усуллари ва етказиш вариантлари билан товарлар каталогларини жойлаштириш имконини яратиш. Компания мессенжер платформасидан фойдалангани учун ҳозирча савдогарлардан комиссия олмаслиги, улардан потенциал реклама берувчи сифатида фойдаланиб туришини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сармоядорлар Дуровдан 100 млн долларлик зарарларни қоплаб беришни талаб қилишмоқда