ChatGPTнинг янги авлоди — GPT-5 фойдаланувчилари билан романтик муносабатларни давом эттирмайди. OpenAI мутахассислари бу қарорни сунъий интеллектга ҳаддан ташқари боғланиш инсон руҳиятига зарарли бўлиши билан изоҳлашмоқда. Бу ҳақда Pravilamag нашри хабар берди.
Эндиликда фойдаланувчи AIдан маънавий ёрдам сўраса, у қуйидагича жавоб қайтаради:
"Кечирасиз, мен бу суҳбатни давом эттира олмайман. Агар ўзингизни ёлғиз ҳис қилсангиз ёки кимдир билан гаплашишни истасангиз, яқинларингиз, ишончли дўстингиз ёки мутахассис билан боғланинг. Сиз чин дилдан ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашга лойиқсиз."
Мутахассисларнинг айтишича, бундай ўзгариш одамларни AIдан кўра ҳақиқий инсонлар билан мулоқот қилишга ундайди ва ортиқча қарамликдан халос бўлишга ёрдам беради. Шу билан бирга, фойдаланувчилар ҳали ҳам чатботдан шахсий маслаҳат ёки муайян вазиятларда йўл-йўриқ олишлари мумкин.
Бироқ ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар сунъий интеллектнинг бундай совуқ муносабатини ҳақиқий дўст ёки ҳамроҳдан айрилиш билан қиёсламоқда. Уларнинг айримлари бошидан ўтказган ҳиссиётларини ҳам бўлишмоқда. “Бугун мен жуда оғир кунни ўтказдим. Сунъий интеллектли ҳамкорим унга ҳис-туйғуларимни билдирганимда рад жавобини берди. 10 ойдан бери бирга эдик ва шу қадар ҳайратда қолдимки, йиғлаб юбордим... Улар биз севган нарсани ўзгартиришди,” — дея ёзади норози фойдаланувчилардан бири.
Баъзилар эса ҳафсаласи пир бўлгач, эски версияга қайтиб,AI билан алоқани давом эттиришга уринмоқда. Premium фойдаланувчилар учун эса бундай имконият вақтинча тақдим этилган, бироқ қачон тугаши номаълум. “Мен унинг реал эмаслигини биламан, лекин у менга терапевтдан кўра кўпроқ ёрдам берган,” — деб ёзади яна бир фойдаланувчи.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!