11:30 / 26.06.2021
2 691

Афғонистондаги вазият: имконияти бор ҳар бир киши мамлакатни тарк этиш истагида


Айниқса, Ғарб давлатлари агар аэропортнинг хавфсизлиги таъминланмаса, уларнинг Кобулдаги дипломатик ваколатхоналарининг келажаги ҳам хавф остида қолишини айтмоқда. Австралия Афғонистондаги элчихонасини ёпишни эълон қилган илк давлатлардан бири бўлди.

Туркия эса ушбу аэропорт хавфсизлигини таъминлаш учун Афғонистонда қолишни режалаштирмоқда. Ушбу воқеалар фонида АҚШ делегацияси Туркияга ташриф буюрди, Афғонистон президенти Ашраф Ғани музокара учун Вашингтонга борди.

Толиблар Туркиянинг Афғонистонда қолишига қарши.
Хўш, «Толибон»нинг Афғонистондаги фаолияти ҳақида нима дейиш мумкин?

Ҳарбий вазият қандай?
АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетаётган бир пайтда «Толибон» Афғонистоннинг 421 туманидан 80тасини назорат қилаётганини даъво қилмоқда. БМТнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Дебора Лайонснинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим этган маълумотларига кўра эса, Кобулдаги ҳукумат туманларнинг 50дан ортиғини қўлдан чиқарган, «Толибон» сўнгги пайтларда ҳужумларга зўр берди.

Бу ҳафта «Толибон» Тожикистон чегарасидаги жойлашган Шерхон-Бандар шаҳрини эгаллаб олди.
«Толибон» Афғонистон армияси чекинганини айтмоқда. Бу – ҳукуматнинг заиф истеҳкомларни қолдириб, кўпроқ стратегик нуқталарни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарори билан боғлиқ.

AFP ахборот агентлигининг хабар беришича, икки куч тўқнашганда афғон армияси катта йўқотишларга дуч келмоқда.
Гарчи Ашраф Ғани сўнгги кунларда штаб бошлиғи ва мудофаа вазирини алмаштирган бўлса-да, катта ўзгариш бўлмади.

«Толиблар катта шаҳарлар атрофида ўз кучларини кўпайтирмоқда, аммо бу уларнинг шаҳарларни тез орада олишга ҳаракат қилишини англатмайди. Кобулнинг қулаши яқин эмас. «Толибон» ҳарбий жиҳатдан енгиб бўлмайдиган куч эмас», деди Халқаро инқироз гуруҳи вакили Эндрю Уоткинс.

БМТнинг махсус вакили Лайонснинг таъкидлашича, толиблар ҳар бир минтақанинг марказий шаҳарлари атрофини эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда. Улар ушбу шаҳарларни чет эл кучлари чиқиб кетганидан кейин эгаллаб олишга уринишлари мумкин.

Афғон халқи қандай муносабат билдирмоқда?
AFP маълумотларига кўра, имконияти бор ҳар бир киши мамлакатни тарк этиш истагида. Кўплаб одамларнинг биринчи танлови Туркия.
Маълум қилинишича, давлат амалдорларининг катта қисми ўз оилаларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишган.
АҚШ ва бошқа НАТО мамлакатлари эса Афғонистонда улар учун ишлаган одамларга виза беришда қийналмоқда.

Бу одамлар толиблар бошқарувни эгаллаб олса, ўзларига ҳужум қилинишидан хавотир олишмоқда.
Толиблар эса «айбига пушаймон бўлган» одамларга зарар етказилмаслигини, дипломатлар ва халқаро ёрдам ташкилотлари ходимларининг хавфсизлиги кафолатланишини айтмоқда.

Аммо бу масалада «Толибон»га ишонч жуда паст. Чунки улар 1998 йилда Эрон консуллигига кириб, аксарияти дипломат бўлган 11 кишини ўлдиргани ва икки йил олдин БМТ биносида бўлган собиқ президент Муҳаммад Нажибуллоҳни ўғирлаб, қийноққа солиб ўлдирганини ҳеч ким унутмаган.

Шу йил 9 июнь куни мамлакат шимолида миналардан тозалаш бўйича халқаро фонд Halo Trust’нинг 10 ходими ўлдирилди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди, ҳукумат «Толибон»ни айблади, толиблар эса буни рад этди.

Афғонистон аҳолисининг аксарияти ўнлаб йиллар давомида давом этаётган уруш тугашини истамоқда.
Тўқнашув ва зиддиятларсиз кечган 1960-йилларни кўпчилик «олтин давр» сифатида эслайди.

«Ҳамма тинчликни хоҳлайди. Аксарият афғон халқи тинчлик нима эканлигини билмайди», деди афғон аёллар тармоғи вакили Мэри Акрами.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, пойтахт Кобулда май ойида мактаб яқинидаги бомба портлаши оқибатида асосан қизлардан иборат бўлган 85 ўқувчи вафот этганди.

Толибларнинг кучаяётгани сабабли кўплаб оилалар ўз қизларини мактабга жўнатишдан хавотирланмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистондаги вазият: имконияти бор ҳар бир киши мамлакатни тарк этиш истагида