date

8,7 млрдлик солиқ можаросида инспектор қўлга тушди

8,7 млрдлик солиқ можаросида инспектор қўлга тушди

Тошкентда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамият мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши янги тафсилотлар билан бойиди. Мирзо Улуғбек туман судида кўрилаётган ушбу иш доирасида корхонага қўшимча солиқ ҳисобланиши ва унинг атрофидаги шубҳали ҳаракатлар алоҳида эътиборга тушди.

Маълумотларга кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган дастлабки тафтиш натижасида корхона зиммасига 8,7 миллиард сўмлик қўшимча солиқ мажбурияти юкланган. Бу ҳисоб-китоблар суд жараёнида ҳам асосий масала сифатида кўтарилган.

15 сентябрь куни суд корхонада қайта текширув ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарган. Шундан сўнг, Солиқ аудити бўлимида фаолият юритувчи бош инспектор корхона вакилларига “ўз ёрдами”ни таклиф қилган: у текширув давомида ана шу 8,7 млрд сўмлик солиқни бекор қилиб беришини айтиб, буни эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган ва олган.

Бироқ инспектор ваъда қилган ишини бажара олмаган — қўшимча солиқнинг барчасини бекор қилиш унга муяссар бўлмаган. Шу боис у олган пулни қайтариб беришга уринган. Аммо бу ҳаракат уни қутқармади: ДХХ ходимлари инспекторни ашёвий далиллар билан қўлга олди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган, у “қамоқ” эҳтиёт чорасига олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мазкур воқеа солиқ тизимида шаффофлик ва масъулият масалалари яна бир бор жиддий ўрганилиши кераклигини кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » 8,7 млрдлик солиқ можаросида инспектор қўлга тушди