
Жанубий Кореяда илм-фан яна бир кутилмаган қадам ташлади: маҳаллий мутахассислар тишларни табиий ҳолда тиклай оладиган махсус пластир ишлаб чиқди. Бу янгилик келажакда анъанавий пломбалар, оғриқли жарроҳлик ва қиммат муолажалар ўрнини босиши мумкин, дея таъкидламоқда мутахассислар.
Яратилган пластир микроигналари орқали Tideglusib номли дори моддасини тўғридан-тўғри милк тўқималарига етказади. Дори тиш илдизидаги ствол ҳужайраларини фаоллаштириб, табиий эмалнинг қайта шаклланиши ва янги тиш тўқималарининг ўсишига туртки беради.
Олимлар айтишича, пластирни кунига ўртача 20 дақиқа милкка қўйиб туриш кифоя. Синовлар ҳайвонларда ўтказилган ва натижалар ҳайратланарли бўлган: шикастланган тиш туқималари ҳеч қандай жарроҳлик аралашувисиз, табиий ҳолда тикланган.
Янги технология инсонларда ҳам самарали бўлиши кутилмоқда. Мутахассислар 2026 йилдан кейин клиник қўллашга рухсат берилиши мумкинлигини билдирмоқда. Энг қизиғи, бундай муолажа нархи бир тиш учун тахминан 300 доллар атрофида бўлиши мумкин — бу баъзи клиникаларнинг замонавий тиш имплантлари ва мураккаб протез ишларидан анча арзон ҳисобланади.
Мутахассислар бу технология стоматология соҳасини бутунлай ўзгартириши, табиий тишни сақлашга хизмат қиладиган янги даврни бошлаб бериши мумкинлигини айтишмоқда. Шунингдек, келажакда пластирнинг янада қулай, кўпроқ ҳолатларда қўлланадиган турлари ишлаб чиқилиши ҳам кутилмоқда.
Қисқа қилиб айтганда, янги кашфиёт табассумни тиклаш жараёнини енгил, оғриқсиз ва анча арзон қилиш учун катта имконият очади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.