date

Оғиз гигиенасини ҳаддан ошириш қандай зарар қилади?

Оғиз гигиенасини ҳаддан ошириш қандай зарар қилади?

Тиш парвариши ҳақида гап кетганда, кўпчилик фақат яхши ният билан ҳаракат қилади: “Кўпроқ тозаласам, тишларим соғлом бўлади”, деб ўйлайди. Аммо стоматолог-терапевт Виктория Чередниченко огоҳлантиришича, тишларни ҳаддан зиёд тозалаш ҳам оғиз бўшлиғи саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин. Бугунги кунда стоматологлар ҳар бир овқатдан кейин тиш ювишни тавсия қилмай қўйган — бунга сабаблар етарлича.

Мутахассис фикрига кўра, тиш гигиенасида икки чегара бор: умуман парвариш қилмаслик ва аксинча, меъёрдан ортиқ тозалаш. Биринчи ҳолат тишларда қатор муаммоларни келтириб чиқарса, иккинчи ҳолат — эмалнинг емирилиши ва милкнинг шикастланишига сабаб бўлиши мумкин. Яъни ҳар икки ҳолат бирдай хавфли.

Энг тўғри йўл — кунига икки марта тиш тозалаш: эрталаб ва кечқурун. Эрталабги парваришни нонуштадан кейин амалга ошириш фойдали, чунки овқатдан кейинги кислота муҳитида эмал юмшоқ бўлади. Кечқурунги тозалаш эса оғиз бўшлиғида тундаги бактериялар кўпайишининг олдини олади.

Стаматологлар юмшоқ ёки ўртача қаттиқликдаги чўткадан фойдаланишни маслаҳат беришади. Паст абразив кўрсаткичли паста эмални асрашга ёрдам беради. Тозалаш жараёни 2–3 дақиқа давом этиши, тиш ва милкларга ортиқча босим бермаслик лозим. Чўтканинг ўзи ҳам абадий эмас — уни камида ҳар уч ойда бир марта янгилаб туриш керак.

Шунингдек, тиш гигиенаси фақат чўтка ва пастадан иборат эмас. Махсус иплар, оғиз чайгичлар ва энг асосийси — стоматолог қабуллари ҳам жуда муҳим. Вақти-вақти билан мутахассисга кўриниб туриш кариес, милк яллиғланиши ва бошқа касалликларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради.

Хулоса оддий: ортиқча меҳр ҳам зарар. Тишларингиз чиройли ва соғлом бўлишини истасангиз, парваришни меъёр билан қилинг ва мутахассис маслаҳатини инкор этманг.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Фойдали » Оғиз гигиенасини ҳаддан ошириш қандай зарар қилади?