
Таиланднинг Latkrabang туманида жойлашган маъмурий бинодаги ҳожатхонада янги туғилган қизча тирик ҳолда топилди, деб хабар берди Daily Mail нашри. Ушбу ҳолат бинонинг учинчи қаватида жойлашган ҳожатхонада рўй берди.
Тозаловчи аёл ҳожатхонадан бола йиғисини эшитиб, дарҳол ишчини чақирган. Қопқоқни очган ишчи ҳожатхонанинг пастки қисмида янги туғилган чақалоқ ётганини кўрган. Бу чақалоқ атиги бир кунлик бўлиб, ҳали она томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган.
Полиция капитани Kritsada Saykxong берган маълумотга кўра, чақалоқ дарҳол Sirindxorn шифохонасига етказилган. Шифокорлар унинг аҳволи яхши эканини, танасида жароҳатлар йўқлигини тасдиқлашди. Қизчанинг вазни 2,7 килограммни ташкил қилади.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари болани ҳожатхонага ташлаб кетган шахсни аниқлаш бўйича суриштирув олиб бормоқда. Терговчилар бинодаги кузатув камералари орқали сўнгги соатларда ҳожатхонага кирган ҳар бир кишининг ҳаракатларини ўрганмоқда.
Полиция ушбу воқеани оғир жиноят сифатида баҳолаб, гумонланувчини топиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Айни вақтда чақалоқ ижтимоий хизматлар назоратига ўтказилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.