13:50 / 25.09.2021
2 692

Толиблар туфайли мамлакатни тарк этган афғон аёл ҳикояси

Толиблар туфайли мамлакатни тарк этган афғон аёл ҳикояси
Мен, Суума Аслами, Афғонистон фуқаросиман. Алишер Навоий туғилган шаҳар – Ҳиротданман. Халқаро ташкилотда ишлардим. Тартибсизликлардан сўнг турмуш ўртоғим билан Канадага бош олиб кетишга мажбур бўлдик. “Толибон” мамлакатни эгаллаши кўплаб афғонлар каби менинг ҳаётимни ҳам издан чиқариб юборди. Тўғри, Ашраф Ғани даврида ҳам зўр яшамасдик. Аммо ўша пайти одамлар келажаги ёруғ бўлишига ишонарди. Ҳозир эса...

Афғонистон мен учун ҳамма нарсани англатарди
Афғонистондаги ҳаётим ёмон эмасди. Кобулда халқаро ташкилотда яхши ҳамкасблар билан, соғлом муҳитда ишлардим. Шу билан бирга, магистратурада ҳам ўқиётган эдим, битиришимга 2 ой қолганди. Бундан жуда ҳаяжонда эдим. Умуман олганда, бахтли инсон эдим. Ҳар куни тушлик танаффусида офисимиз спорт залига борардим. Тушдан кейин турмуш ўртоғим билан уйимиз яқинида қаҳвахонага бориб турардик. Дам олиш кунлари бир гуруҳ дўстларимиз билан йиғилишиб, мароқли дам олар эдик.

Мени мамлакатнинг хавфсизлик ҳолатигина ташвишга соларди, аммо бунга ҳам кўникиб қолгандим. Кобулни яхши кўрардим. Ҳеч қачон ўз ватанимни тарк этишни хоҳламаганман. Айрим дўстларим Афғонистоннинг келажаги йўқ, дейишганда жилмайиб туриб шундай жавоб қайтарардим: “Келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди!” Афғонистон мен учун ҳамма нарсани англатарди. Ватанимни севардим.

Бир неча йил ишлаганимдан сўнг уй сотиб олдим ва бир неча ой давомида унинг дизайни билан шуғулландим. Тез орада янги уйимга кўчиб ўтиш режам бор эди. Толиблар Кобулга келганидан сўнг дарҳол квартирамга кўчиб ўтдим, чунки етти йил давомида бир жойда яшаганим учун ҳамма кимлигим, қаерда ишлашимдан хабардор, бу эса хавфли эди. Қўрқув ичида квартирамда бир неча кун яшай олдим, холос.

Кобулдан кетган куним ўзимни қандай ҳис қилганимни фақат Аллоҳ билади. Мен кўп йиллар давомида Ватаним равнақи учун астойдил меҳнат қилдим. Афғонистоннинг кўп вилоятларига саёҳат қилдим, турли одамлар ва жамоалар билан учрашиб, уларнинг умидлари, дардларини тингладим. Ҳар доим юртим ва халқимнинг аҳволини ўзгартиришни хоҳлардим. Лекин охирги 11 йил давомида қилган меҳнатимни, қурган ҳамма нарсамни ташлаб, кўзларим тўла ёш ва вайрон бўлган қалбим билан Ватанни тарк этишга мажбур бўлдим.

Бутун ҳис-туйғуларим, қувончимни Кобулга ташлаб, янги ҳаёт бошлаш учун Канадага келдим. Ҳаётим бир кун ичида остин-устун бўлди: ҳамма нарсамни йўқотдим. Балки, бу ерда мени яхшироқ ҳаёт ва келажак кутаётгандир, лекин ишончим комилки, Кобулда қолиб кетган туйғуларим бошқа қайтмайди. Биз ҳаётимизни бузганларни ҳеч қачон кечирмаймиз!

Ҳар қаёққа югураётган одамлар юзидаги қўрқувни ҳеч қачон унутолмасам керак
Бир ой ичида Афғонистоннинг аксарият шаҳарлари, жумладан, Кобул Толибонларга таслим бўлди. Бир неча кун олдин Ҳиротда ва унинг атрофида уруш бўлаётганидан жуда хавотирда эдим, чунки мен ўзим Ҳирот шаҳриданман, ўша кунлардаги ҳолат мени қаттиқ хавотирга солар эди. Толибон Ҳиротни қўлга киритганида, вужудимнинг бир қисмини йўқотгандек ҳис қилдим.

Эртаси куни Мозори Шарифга навбат келди. Бундан қаттиқ шок ҳолатига тушдим, бўлаётган воқеаларни таҳлил қилолмайдиган даражага тушиб қолдим. Ярим тунда телефоним жиринглади. Акам қўнғироқ қилиб, Кобулда уруш бўлаётганини айтди. Тезда электрон почтам ва Facebook’ни текширдим, у ерда уруш ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Аслида, Кобул умуман таслим бўлмаслиги керак эди, ҳеч бўлмаганда бунчалар қисқа вақт ичида.

15 август куни ҳамкасбларимдан бири менга қўнғироқ қилиб, шаҳарда тартибсизлик бўлаётганини, одамлар банкларга шошилаётганларини айтди. Бир неча кундан бери банкдаги жамғармаларимни олмоқчи эдим, аммо бошқа ишлар билан бандлигим туфайли бунга вақт ажратолмагандим. Бу гапларни эшитиб, дарров банкка қараб йўл олдим. Кўча тўла одамлар: ҳамма қаёққадир шошиляпти, йўллар тирбанд. Банкка бориш фикримдан қайтиб офисимиздаги банкоматдан фойдаланмоқчи бўлдим, афсуски, банкомат ишламаётган экан.

Шунда ҳамкасбларим билан биргаликда офис машинасида бошқа банкка йўл олдик. Тирбандлик шу қадар катта эдики, АҚШ элчихонасига етиб олиш учун кетадиган 15 дақиқалик йўлга 2 соат вақт кетди. Кўчалар ҳар қаерга югураётган, қочаётган одамлар билан тўла эди. Югураётган эркаклар ва аёлларнинг юзларидаги қўрқувни ҳеч қачон унутолмасам керак. Бу орада машинамиз йўл ўртасида тўхтаб қолди: одамлар кўплигидан жойидан қимирлай олмасди.

Ашраф Ғани қочди: ўзи билан бутун бошли миллатнинг барча умид ва интилишларини олиб кетди
Назаримда, толиблар ҳар онда ҳужум қилиши мумкиндек кўринаверди, қаттиқ қўрқув ва хавотир мени тарк этмасди. Айниқса, биз БМТнинг логотипи туширилган машинада бўлганимиз янада кучлироқ ташвишга соларди. Ҳамкасбим билан машинадан тушиб, уйга кетишга қарор қилдик. Уйга қайтаётганимда, одамларнинг қўрқув тўла қарашларини, шунингдек, баъзи одамларнинг ташқи кўринишимга (калта палто ва шим) салбий баҳо бераётган қарашларини ҳам сезиш қийин эмасди.

Баъзилар “Толибон” келаётгани ижобий ҳолат эканлиги, ҳеч бўлмаганда мен каби аёллар кўчага чиқишига йўл қўйилмаслигини айтардилар. Уйга етиб келгунимча шунақанги ҳақоратларни кўп эшитдим. Ва шунда англадимки, ён атрофимда қанчадан қанча “Толибон” мафкураси тарафдорлари билан яшаяпман ва улар менга ўхшаганлардан қанчалар нафратланишини ҳис қилдим.

Уйга етиб келгач, Президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочгани, толиблар саройга кирганини эшитиб шок ҳолатига тушдим. Мен бир нарсани тушунмасдим: қандай қилиб улар ҳеч қандай қаршиликларсиз саройга кира олдилар? Бу лаҳзани таърифлаш жуда қийин. Ҳамма шок ҳолатида эди, гуёки уларнинг руҳлари тананинг ичидаги қамоқда қолиб кетгандек туйиларди. Икки соат ичида барча дўконлар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, банклар ва бошқа ташкилотлар ёпилди. У ерларда ҳеч қандай тирбандлик қолмади, гуёки барча одамлар ўлиб кетгандек.

Ашраф Ғани қочиб кетди: ўзи билан бутун бошли миллатнинг барча умид ва интилишларини олиб кетди. У мамлакатни вайрон қилди, умидларимиз билан бирга бизни тириклайин кўмди. Энди Афғонистон яна жаҳолат ва зулматнинг гирдобига тушди.

Ватанни тарк этиш
“Толибон”нинг келиши узоққа чўзилмагани қайсидир маънода кутилган эди, лекин унинг бу қадар тезлик билан ҳокимиятни эгаллаши ҳаммани ҳайратда қолдирди. Бир неча ойлар давомида оиламга нисбатан таҳдидлар бўлаётганди, юртни ташлаб кетишни режа қилиб юрувдим, аммо бунчалик тез чиқиб кетаман деб ўйламагандим.

Канада визаси учун оилавий ариза топширгандик. Толибон Кобулга қириб келганидан бир неча кун ўтгач визамизни олдик. Асосий муаммо Кобул аэропортига етиб олиш эди. Аэропорт ичидаги вазиятни назорат қилиш учун кўп сонли хорижий хавфсизлик кучлари Кобулга кирган бўлса-да, вазият назоратдан чиқиб кетди. Аэропортнинг шимолий дарвозасига етганда, Кобулни тарк этиш учун тўпланган минглаб одамлар тўпланиб турганини кўрдик.

Ташқи ва ички хавфсизлик кучлари ходимлари Кобул аэропортининг шимолий дарвозасини қўриқлаб, одамларнинг киришига йўл қўймасдилар. Хавфсизлик кучлари одамларни тарқатиб юборишга уриниб, ўқ отиб, кўзни ёшлантирувчи газ ишлатардилар. Минг қийинчиликлар билан дарвозага яқинлаша олдик, лекин афсуски, одамлар оқими кўплиги туфайли хавфсизлик кучлари ўқ отишга мажбур бўлди. Вазият кескин ёмонлашгани туфайли ҳамма бир тарафга қоча бошлади.

Кўзни ёшлантирувчи газ туфайли қаттиқ йўталиб, нафас ололмай қолдим. Биз билан эримнинг ота-онаси, қариндошлари ҳам бор эди. Мен ва турмуш ўртоғим тўс-тўполонда улардан ажралиб қолдик. Улар Барон лагерининг дарвозаси орқали аэропортга киришга муваффақ бўлишди. Биз эса уйга қайтишга мажбур бўлдик.

Икки кундан сўнг яна аэропортга боришга қарор қилдик. Ҳозир ҳаракат қилмасак, мамлакатдан чиқиб кетишга бошқа имконият бўлмаслигини билардик. Иккинчи марта аэропортга борганимизда, вазият бир неча кун олдинги ҳолатга қараганда ёмонлашган, одамлар сони эса кўпайган эди. Элчихона биздан аэропортнинг шимолий дарвозасига боришни сўради, аммо у ер ёпиқ эди. Дарвоза олдида бир кеча қолишга мажбур бўлдик, аммо у ер барибир очилмади.

Эртаси куни Канада элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Улар мендан Барон лагерига етиб бора олсам, ёрдам бера олишларини айтишди. Барон лагерига етиб бориш осон иш эмас эди. Аммо биз, иккинчи кун ярим тунда Барон лагеридаги ABY дарвозасига етиб бориб, у ердан аэропортга кирдик. Эртаси куни Канада хавфсизлик кучлари бизни Канада базасига ўтказди.

Учинчи куни эса Канада ҳарбий самолёти билан Кувайтга, у ердан Германияга, кейин эса Канадага етиб бордик. Аэропортда сарсон бўлган кунларимни эслаш мени даҳшатга солади. Ҳар эслаганимда, ўзимни йиғидан тўхтатолмайман. Ўша ерда қанчадан қанча аёллар ва болаларнинг оёқ остида қолиб ўлганини кўрдим. Одамлар шунчалик даҳшатга тушгандики, “Толибон” қийноғи остида яшамаслик учун ўлишга ҳам тайёр эдилар.

Толиблар Афғонистонни 100 йил ортга қайтариб қўйди
Толибларнинг олдинги олти йиллик ҳукмронлиги Афғонистон тарихидаги энг қоронғи даврдир. “Толибон” ҳуқумати зулмат ва жаҳолат билан бирга Афғонистонни юз йил орқага сурди. “Толибон”нинг ҳокимият тепасига келиши мавзусининг ўзи одамлар учун даҳшатли туш каби эди. Афғонистонда йигирма йил давомида хориж ҳарбий кучларининг фаолият юритганидан сўнг бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди.

Одамлар келажакдан, айниқса, ёш авлоддан умидвор эди. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам ёруғ келажак учун ўқиб, ишладилар, ўзлари орзу қилган мамлакатларини қуришга ҳаракат қилаётгандилар. “Толибон”дан кейин келган ҳукумат коррупция ва самарасизликка тўла бўлса-да, одамлар барибир оптимистик руҳда эдилар.

Афғонистонликлар, айниқса, ёш авлод учун “Толибон” ҳокимият тепасига қайтганига ишониш жуда қийин кечди. Чунки улар энди ўзлари орзу қилган келажакдан маҳрум қилинган эдилар. “Толибон” инсон ҳуқуқларига, миллий, халқаро қонунлар ва қадриятларга ишонмайди. 20 йил давомида нисбатан тинч ва умидли Афғонистонда яшаганлар учун “Толибон” ҳукмронлиги остида яшаш даҳшатга тенгдир.

Ашраф Ғани даврида...
Ўтган 20 йил давомида Афғонистон ҳукуматида мамлакатни “Толибон” давридаги инқироздан олиб чиқиш учун кўп имкониятлар бўлган. Гарчи Афғонистон сўнгги 20 йил ичида турли соҳаларда катта ютуқларга эришган бўлса-да, ислоҳотлар изчил олиб борилмаган.

Афғонистонга миллиардлаб доллар оқиб келаётганига қарамай, ҳукуматдаги коррупция ва амалдорлар фаолиятининг самарасизлиги туфайли, афсуски, аҳолининг турмуши яхшиланмади. Охирги ойда эса ҳаёти ойлик маошига боғлиқ бўлган кўплаб давлат хизматчилари, ўқитувчилар, хавфсизлик ходимлари ва бошқалар ишсиз қолдилар. Натижада вазият янада ёмонлашди.

Афғонистон ҳозирда нафақат сиёсий, балки оғир иқтисодий ва гуманитар инқирозга дуч келмоқда. Одамларнинг Кобул аэропортига оқиб келишининг асосий сабабларидан бири нафақат “Толибон” олиб келадиган қора кунларда яшашни хоҳламагани, балки қашшоқлик ва иқтисодий шароитнинг ёмонлиги ҳам эди. Одамлар бошқа жойларда яхшироқ ҳаёт кечириш учун ҳар қандай йўл билан мамлакатни тарк этишни хоҳлашарди, аммо бу кўпчиликнинг ҳаётига зомин бўлди.

Ашраф Ғанининг кетиши бозорда доллар нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Банкларда нақд пул йўқ, Марказий банк баланси АҚШ томонидан музлатилган, одамлар ўзларининг банк ҳисобларига кира олмасди. Чегара ёпилиши бозорда зарур маҳсулотлар тақчиллигига сабаб бўлди, нархлар кескин кўтарилиб кетди. Одамлар омон қолиш учун ўз мулкларини сота бошлашди.

Хотин-қизлар ҳуқуқи батамом рад этилди
“Толибон”нинг ваъдалари ва уларнинг қилган ишлари ҳамиша бир-биридан фарқ қилган. Улар ҳукуматга келганидан сўнг аёлларга таълим муассасаларига бориш, ўз иши ва бурчини бажаришга тақиқ қўйди. Аёллар маҳрамсиз кўчага чиқиши ёки саёҳат қилиши чекланди.

Бундан ташқари, мажбурий никоҳ, аёлларни зўрлаш каби ҳолатлар, мамлакатнинг турли ҳудудларида энг кўп учрайдиган аёллар ҳуқуқлари бузилишларидан бири бўлиб, уларнинг ҳеч бири Ислом шариати қоидаларига тўғри келмайди. Ушбу масалалар юзасидан “Толибон” қандай изоҳ бериши бизга қоронғи. Улар қайси турдаги Ислом ва Шариат қоидаларидан баҳс этаётганлари ҳам тушунарсиз. Зеро, “Толибон” қилаётган ишлар бу тамойилларга мутлақо зид деб ҳисоблайман.

Афғонистон аёлларининг келажаги номаълум ва афсуски охирги 20 йил ичида эришилган барча ютуқлар йўққа чиқмоқда. Афғон аёли сифатида толиблар ёғдирган қора кунларни эслар эканман, сўнгги 20 йил ичида инсон сифатида ўз ҳуқуқларининг бир қисмини қўлга кирита олган аёллар ва қизларнинг аҳволидан жуда хавотирдаман. Афғон аёлларининг келажаги жуда мажҳул ва умидсиз кўринмоқда.

“Толибон”га инсониятнинг барча қонун-қоидалари ва қадриятларига амал қилмагунча сиёсий қонунийликни бермаслик керак деб ҳисоблайман

Бугун Афғонистон ва унинг халқи ҳар қачонгидан ҳам халқаро ҳамжамият кўмагига муҳтож. 20 йил давомида мамлакатда олиб борилган нотўғри сиёсат ва ҳукуматда кенг тарқалган коррупция ватанимни шу ҳолатга олиб келди. Хориж давлатлари сарфлаган миллиардлаб долларлар, қурбонликлар ҳеч қандай фойда бермади. Аммо жафокаш афғон халқи, айниқса, ҳар доим қурбон бўлган аёллар ва болалар мамлакатимизни вайрон қилганларнинг хатоси эвазига ҳақ тўламаслиги керак.

Халқаро ҳамжамият “Толибон”нинг халқаро меъёрларга амал қилиши, хусусан, аёллар ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаши учун босим ўтказиши зарур. Аксинча ҳолатда эса “Толибон” ҳукумати халқаро доирада тан олинмаслиги керак. Жаҳон ҳамжамияти “Толибон”га инсониятнинг барча қонун-қоидалари ва қадриятларига амал қилмагунча сиёсий қонунийликни бермаслиги керак деб ҳисоблайман.

Мен қочиб кетдим, мен қўрқдим
Ватанимни ривожлантириш учун минглаб режаларим, истакларим бор эди. Бир кун келиб Афғонистонни тарк этаман деб сира ўйламаган эдим. Афсуски энг қийин шароитда ватанимни, халқимни ташлаб кетишга мажбур бўлдим. Энди эса ватандошларим бахтсизлигини узоқдан туриб кузатишга маҳкумман.

Афғонистон ҳақидаги янгиликларни ўқиганимда, ўша лаҳзада минглаб парчаларга бўлинаётгандек ҳис қиламан.

Баъзида ўзимни қўрқоқдек ҳис қиламан, чунки мен қочиб кетдим (гарчи бундан бошқа иложим бўлмаган бўлса ҳам), мен қўрқдим. Виждон азобидан қийналаман. Чунки мен тинч мамлакатдаман, ватандошларим эса азоб чекмоқда.

Юрагим халқим ва Ватаним учун қон йиғламоқда, қўлимдан эса ҳеч нарса келмайди. Ичимдан нималар ўтаётганини, нималарни ҳис қилаётганимни фақат Аллоҳ ва мен биламан. Ягона орзуим – бир мўжиза содир бўлиб, вазиятнинг ўзгариши ва бу даҳшатнинг якун топиши.

ТДЮУ катта ўқитувчиси,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Камола Алиева суҳбатлашди.

Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Толиблар туфайли мамлакатни тарк этган афғон аёл ҳикояси