Эҳтимолий уруш мавзусида кўплаб ҳажвий суратлар чизилган. Карикатура муаллифи: Карлос Латуфф
АҚШнинг «Politico» нашри жорий йил ноябрь ойида Россия қўшини Украина чегарасида тўпланаётганидан огоҳлантирди.
Бунинг ортидан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг қўшни мамлакатга бостириб кириши эҳтимоли ҳақида гапирди. Кўп ўтмай АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс ошиғич равишда Москвага сафар қилди ва ушбу нозик масалада музокаралар ўтказди. Бу орада Россия президенти Владимир Путин беқарорликни сақлаб қолиш кераклиги, ана шунда ғарбликларнинг бошқа зиддият чиқаришга имкони бўлмаслиги ҳақида баёнот берди. Бу эса тутаб турган оловга мой сепгандек таъсир кўрсатди.
Вашингтон НАТОга аъзо иттифоқчилар ҳамда расмий Киевни эҳтимолий агрессиядан огоҳлантирди. Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов ҳатто ҳужумнинг тахминий муддатини ҳам эълон қилди: 2022 йилнинг феврали! Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба эса куни кеча чегарада 115 минг кишили рус қўшини жойлаштирилгани, Россия «совуқ уруш» давридан кейин барпо этилган хавфсизлик тизимини йўққа чиқаришга уринаётганидан баҳс этди.
Хўш, Россия чиндан ҳам Украинага бостириб кирмоқчими?
АҚШдаги илмий марказ таҳлилчиси Майкл Кофманга кўра, Россия агрессияси хусусидаги огоҳлантиришлар қуруқ гап эмас. Илгари Россия муайян давлатни қўрқитиб қўйиш учун ҳарбий операция ўтказгудек бўлса, уни намойишкорона тарзда амалга оширган. Украина чегарасида эса қўшин махфий равишда жамланди.
«Буларнинг бари кенг кўламли ҳарбий операцияга ҳозирлик кўрилаётганидан далолат беради», – деб ҳисоблайди эксперт.
Кофман фикрича, Кремлнинг ҳарбий операция ўтказишга қарор қилганининг икки сабаби бор: аввало, Москванинг Украина йўналишидаги дипломатик уринишлари самара бермади, Владимир Зеленский билан тил топишишнинг ҳам имкони бўлмади. Боз устига, расмий Киев худди атайин қилгандек НАТО билан ҳамкорликни янада жонлаштиришга уринмоқда.
М.Кофман чегарада рус қўшинининг ғимирлаб қолганини энг камида Киев ҳамда Ғарбни Кремль шартларига кўндиришга бўлган уриниш деб атайди.
Эксперт воқеаларнинг энг ёмон ривожи ўлароқ 2008 йилги Россия–Грузия урушини ёдга олади. Яъни Россия қўшни мамлакатга қўшин киритиш орқали унинг ҳарбий салоҳиятини йўққа чиқариши, сўнг янги сиёсий битим имзолаб, аскарларини олиб чиқиб кетиши мумкин.
Россия бўйича мутахассис Марк Галеотти эса «Moscow Times» нашридаги мақоласида мавжуд вазият реал уруш ҳақида гапиришга эртага эканини кўрсатмоқда деб ёзади.
«Россиянинг Украинага бостириб кириши борасидаги хавотирлар доимийлик касб этганига анча бўлди. Албатта, чегарада ҳарбий куч жамланган, аммо у ҳужум учун етарли эмас. Бу ўринда асосий мақсад Украинанинг Донбассдаги айирмачиларга қарши ҳужумининг олдини олиш бўлса ажаб эмас», дейди эксперт.
Аксар таҳлилчилар эса Россия армиясининг Украинага бостириб кириши реалликдан анча йироқ деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, ҳарбий ҳаракатлар эҳтимолини қўллаб-қувватловчилар ҳам ўз нуқтаи назарини турли далиллар билан ҳимоя қилишга уринмоқда.
Буюк Британия мудофаа тизимида салкам 40 йил фаолият юритган захирадаги подполковник Глен Грант ҳарбий сценарийни истисно этмаётир.
«Украина ҳарбийлари орасида Россиянинг бостириб кириши учун чегарада етарли ҳарбий контингент жамланмаган деган қараш мавжуд. Бу янглиш баҳо. Негаки, воқеалар шиддатли тус олиши ҳеч гап эмас», – дейди собиқ ҳарбий.
Айни кунларда АҚШ Хитой билан Тайвань масаласида дипломатик зиддиятларга борган. Буюк Британия ҳам бор диққатини Осиё–Тинч минтақасига қаратган. Экспертга кўра, Москва вазиятни ўзи учун қулай деб билиб ҳаракатга тушиши ҳеч гап эмас.
Флорида халқаро университети профессори Александр Краутер Украина чегарасида қўшин жамланишини Кремль олиб бораётган ахборий урушнинг бир қисми деб ҳисоблайди.
«Қўшинларнинг чегарага келтирилиши шунчаки машғулот эмас. Мақсад – Ғарбни қўрқитиб қўйиш. Кремль Украинани ҳуркитиб туришни хуш кўради», – дейди эксперт.
Айни чоқда, у Россия тўлақонли ҳарбий операция бошлашига шубҳа билдиради.
«Бу ўринда Кремль бирор сиёсий наф кўрмайди. Қанча кўп ҳудудни босиб олсангиз, вайрон этилган инфраструктурани тиклаш учун шунча кўп маблағ сарфлашингиз керак бўлади. Қрим Россияга қимматга тушди. Украинага кенг қамровли ҳужум барчанинг ғазабини қўзғайди ва янада кучли изоляция ҳамда санкцияларга олиб келади», – дейди профессор Краутер.
Дарвоқе, бу борада икки давлат президенти қандай фикрда?
Икки давлат раҳбари аллақачон воситачилар орқали мулоқот қилишга ўтган. Фото: ТАСС
Украина раҳбари Владимир Зеленский ўтган ҳафта бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақдаги саволга жавоб берар экан, унинг мамлакати Россия билан 8 йилдан буён уруш ҳолатини эканини қайд этган. «Биз чегараларимизни тўлиқ назорат қилиб турибмиз ва ҳар қандай эскалацияга тайёрмиз», – деган В.Зеленский.
Владимир Путин эса жорий йил 30 ноябрь куни бўлиб ўтган анжуманда мазкур масалага тўхталган.
«Гап қўшин киритиш ёки киритмаслик, уруш қилиш ёки қилмасликда эмас, балки халқаро фаолият иштирокчиларининг адолатли ва барқарор ривожланиши ҳамда хавфсизлик борасидаги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда муносабатларни йўлга қўйишда. Агар биз бунга самимият ила ҳаракат қилсак, ҳеч ким таҳдид остида қолмайди», – дея тагмаъноли фикр билдирган В.Путин.
Эслатиб ўтамиз, ўзаро муносабатлар таранглашуви ортидан Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужуми масаласи жорий йил апрель ойида ҳам қизғин муҳокама этилган эди.
Қарийб 8 ой ўтиб яна ушбу оғриқли масала халқаро сиёсат кун тартибига чиқаётгани «Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди» деган эски нақлни ёдга солади...
С.Салим
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи