Австралия ҳафта охирида табиатнинг гўзал ва айни пайтда хавфли синовига дуч келди, деб хабар берди sky.com. Янги Жанубий Уэлс штатида шанба куни ёққан қор қалинлиги 40 сантиметргача етиб, сўнгги қирқ йилда биринчи марта бундай рекорд қайд этилди. Мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳам ана шундай об-ҳаво шароити кузатилди.
Австралия метеорология идораси маълумотига кўра, мамлакатдаги кўплаб шаҳарлар охирги ўн йилликда бундай қорли манзарани кўрмаган эди. Айниқса, Квинсленднинг айрим ҳудудларида ўн йилда илк бор қор ёғди ва бу аҳоли учун ҳам ҳаяжонли, ҳам эсда қоларли воқеага айланди.
BBC телеканали эса Австралияликларнинг қорбўрон ўйнаб, қорбобо ясаган видеоларини тарқатди. Мазкур лавҳаларда бир эркак журналистга умрида биринчи марта қорни кўраётганини тўлқинланиб сўзлагани ҳам акс этган.
Бироқ ёққан қор фақат завқ ва қувонч олиб келмади. Янги Жанубий Уэлсда дам олиш кунлари кучли қор ва ёмғир оқибатида 1 455 та фавқулодда ҳолат қайд этилди. Ҳукумат ахборотига кўра, 100 дан ортиқ автомобиль қор уюмида тўхтаб қолган, баъзи биноларга ва уйларга турли зарар етган. Шунингдек, айрим манзилларда электр таъминоти узилган, баъзи ҳудудларда эса сув тошқинлари рўй берган.
Полиция маълумотича, сув оқизиб кетган 26 ёшли аёлни қидириш ишлари давом этмоқда.
Янги Жанубий Уэлс — Австралия аҳолиси энг кўп тўпланган штатлардан бири бўлиб, Сидней ҳам шу ерда жойлашган. Мамлакатдаги глобал иқлим ўзгариши сўнгги йилларда об-ҳавони тез-тез ноаниқлаштириб юбормоқда. Шу билан бирга, Австралияда аввал ҳам қалин қор ёғиши қайд этилган, аммо бу сафарги табиий ҳолат аҳоли ва расмийлар учун ўзига хос синовга айланди.
Аҳоли учун бу дам олиш – бир томондан завқли қорбўрон, иккинчи томондан эса хавф ва ташвиш уйғотди. Австралия табиати яна бир бор кутилмаган “сюрприз” билан барчанинг эсида қолди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!