Эронда содир бўлган жиноий иш атрофидаги шов-шувли ҳолат маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Мамлакатда ўғриликда айбланган уч нафар эркакка нисбатан қонуний тартибда кескин жазо қўлланилди. Суд томонидан чиқарилган ҳукмга кўра, уларнинг қўл бармоқлари кесиб ташланди.
Daily Mail манбасининг хабар беришича, ушбу шахслар “ўғриликни доимий тарзда касбга айлантирган” шахслар сифатида баҳоланган. Маҳаллий расмийлар маълумотларига кўра, улар Эроннинг турли ҳудудларида — камида тўртта вилоятда — жами 40 дан зиёд шахсий шикоят асосида қўлга олинган.
Айбланувчиларга нисбатан турли жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, улар асосан тилла тақинчоқлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни ўғирлаш билан боғлиқ. Энг эътиборлиси шундаки, улар ўғирланган буюмларни қайтаришдан бош тортган ҳамда жабрланганлар билан ярашиш йўлидан ҳам юз ўгирган. Бу эса уларни ҳукмни енгиллаштириш имкониятидан маҳрум қилган.
Маълумотларга кўра, барча апелляция ва қайта кўриб чиқиш жараёнлари якунланганидан сўнг, Эрон Олий суди биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган ва жазо ижроси амалга оширилган.
Жазо шакли жуда оғир — маҳкумлардан ҳар бирининг ўнг қўлидаги тўртта бармоғи (бош бармоқдан ташқари) ампутация қилинган. Бу каби жазо усули Эроннинг амалдаги шаръий қонунлари асосида қўлланилади ва муайян оғир жиноятлар учун назарда тутилган.
Мазкур воқеа халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва жамоатчилик орасида турлича муносабатлар уйғотди. Бир томондан — қонунни қаттиқ сақлаш, иккинчи томондан — жазо усулининг инсонпарварлик меъёрларига қанчалик мос экани ҳақида фикрлар турлича.
Айни пайтда Эронда жиноятчиликка қарши кураш доирасида кескин чоралар кўрилмоқда ва мазкур ҳолат ҳам мамлакатдаги қонуний интизом мустаҳкамланишини англатувчи воқеа сифатида баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!