13:48 / 10.02.2022
1 157

Саудия Арабистони: икки муқаддас масжидда роботлар! Уларнинг ўз вазифаси бор...

Саудия Арабистони: икки муқаддас масжидда роботлар! Уларнинг ўз вазифаси бор...
11 тилда сўзлашувчи робот.
Саудия Арабистони ҳукумати Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги икки муқаддас масжидда роботлар хизматини йўлга қўйди. «Темиртан» хизматчилар Замзам сувини тарқатиш билан шуғулланади.

Икки муқаддас масжиддаги роботлар инсон аралашувисиз 5 соатдан 8 соатгача ишлайди. Фото: SPA
Роботлар инсон аралашувисиз 5 соатдан 8 соатгача ишлайди. Тежамкор аккумуляторлар техниканинг узлуксиз ишлашини таъминлайди. Роботнинг пастки ва юқори камералари ҳамда лазер узатувчи қурилма бехато ҳаракатланишга кўмак беради.

Икки муқаддас масжид бошқармаси ҳожилар ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун эндиликда энг сўнгги илм-фан технологияларидан кенг фойдаланилишини маълум қилган.

Яқин ўн йилларгача асосан нефть-газ газ экспортига асосланган Саудия Арабистони подшоҳлиги кейинги йилларда иқтисодиётни диверсификациялаш, илғор технологияларни кенг жорий этишга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ҳафта Риёз шаҳрида бўлиб ўтган LEAP 2022 анжуманида Саудия ахборот технологиялари ва коммуникация вазири Абдуллоҳ ал-Сваҳа подшоҳлик келажак технологияларини ривожлантириш учун 6,4 миллиард доллар маблағ ажратишини маълум қилди. Бу сирада рақамли тадбиркорлик, стартаплар, технологик ихтиро ва янги ишланмаларга эътибор қаратилади. Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳит ҳамда экологияни муҳофаза этиш, барча жабҳаларда тежамкор технологиялардан фойдаланишга устунлик берилади.

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ғояси асосида мамлакат шимоли-ғарбида барпо этилаётган NEOM – келажак шаҳрида ҳам робототехникадан кенг фойдаланилиши кўзда тутилган. 500 миллиард долларли лойиҳага кўра, шаҳар-давлатда қуёш, шамол каби муқобил энергия манбаларидан истифода этилади. Мутахассисларга кўра, NEOM шаҳридаги ўн минглаб роботлар мураккаб-мушкул вазифаларда инсоният оғирини енгил қилади. Роботлар хавфсизлик, нақлиёт каби стратегик соҳалардан тортиб, қария ва ногиронларга ғамхўрлик қилиш каби маиший йўналишларга қадар одамлар корига ярайди.

500 миллиард долларли лойиҳа доирасида барпо этилаётган NEOM “роботлар шаҳри” деб ҳам аталмоқда. Фото: WSJ
Сунъий ақл ҳамда робототехникани изчил ва кенг қамровда жорий этиш Саудия иқтисодиётини икки бараварга ошириб, 1,6 трлн долларга етказиши кутилмоқда. Янги технологиялар 2030 йилдаёқ 293 миллиард доллар қўшимча қиймат яратиш имконини беради. Дунё бўйича робототехника бўйича етакчи таҳлил маркази тадқиқотлари ана шундан далолат беради.

Айни пайтда Саудияда ресторан бизнесида ҳам роботлардан унумли фойдаланилмоқда. “Темиртан” официантлар дастлаб коронавирус авж олган пайтда, эҳтиёт чора сифатида хизматга қўйилган бўлса, эндиликда улар тобора оммалашиб бормоқда.

Саудия бу борада дадил тажриба ва синовларга қўл урмоқда. Мамлакат таълим вазирлиги бир муддат аввал «Teqany» (Техник) деб аталган роботни ходим сифатида ишга қабул қилган эди. Сунъий интеллект соҳиби бўлган ходимнинг мажбуриятлари мижозларга хизмат кўрсатиш, сўровлар ўтказиш ҳамда буйруқларни тегишли бўлимларга етказишдан иборатдир.

2017 йилда робототехника оламида яна бир шов-шувли ҳодиса рўй берди. Риёзда ташкил этилган халқаро анжуманда Ҳонгконг ширкати томонидан тақдим этилган «София» роботига Саудия Арабистони фуқаролиги берилди. Ўшанда дунёда илк бор роботга фуқаролик берилиши келажак технологияларнинг шиддат билан ўсаётганига рамзий ишора ўлароқ баҳоланган эди.

С.Салим

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саудия Арабистони: икки муқаддас масжидда роботлар! Уларнинг ўз вазифаси бор...