23:38 / 25.02.2022
1 338

Россиянинг Украинада олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлари молия бозорларида саросималарга сабаб бўлмоқда

Россиянинг Украинада олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлари молия бозорларида саросималарга сабаб бўлмоқда
Украинадаги сўнгги воқеалар соясида жаҳон молия бозорларида тушкунлик юзага келди. Охирги етти йилда илк бор жаҳон бозорида нефтнинг бир баррели баҳоси 100 АҚШ долларидан зиёдга кўтарилди. Украинага ҳужум ҳақидаги хабарлар ортидан Брент нефти бир баррелининг (156 литр) нархи 105 долларга чиқди. JP Morgan таҳлилчиларига кўра, яқин кунларда бир баррель нефть нархининг 150 долларга кўтарилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Россия рублининг қадрсизланиши кузатилди: 1 АҚШ доллари 90 рублга, 1 Евро 100 рублгача чиқиб кетди. Москва биржасида бир муддат савдолар тўхтатилган. 24 февраль тонгидан эътиборан Россиянинг барча ширкатлари акциялари шитоб билан арзонлаб бормоқда. Москва биржаси индекси 11 фоизга қулаган. Олди-сотти жараёнида катта саросима кузатилмоқда. Инвесторлар Украинага бостириб кирилгани ортидан Россияга нисбатан Ғарб ваъда қилган янги кескин санкциялар жорий этилаётганидан ташвишда. Бир кун ичида Россия компанияларининг 150 миллиард доллар зарар кўргани айтилади. АҚШ доллари пайшанба тонгидан буён қимматлашаётгани яна инфляция даражасининг ошишига сабаб бўлмаслиги мумкин эмас. Ўз навбатида, мазкур ҳолат аҳоли даромадларида салбий акс этади.

Россия йирик компанияларининг акциялари қулаши ортидан жаҳондаги йирик биржаларда ҳам савдолар ҳиссаларнинг баҳоси тушиши билан бошланди. Россия Марказий Банки рубль қийматини кўтариб туриш мақсадида интервенция бошлаганини эълон қилди. Россия рублининг қадрсизланиши қўшни Марказий Осиё давлатларида ҳам кучли акс-садо берди.

Қозоғистон Миллий банки танга курсини қўллаб-қувватлаш учун ярим кун ичида 104 миллион доллар сарфлади. Регулятор матбуот хизмати хабарига кўра, бу қарор «геосиёсий вазият сезиларли даражада ёмонлашганда ташқи сектордан хатарларни реализация қилиш фонида нархлар барқарорлигини сақлаш зарурати билан боғлиқ». Қозоғистонда кун давомида валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар қимматлашда давом этди ва куннинг иккинчи ярмидаги биржа савдолари якунларига кўра, доллар курси 465,9 тенгени ташкил қилди. Кун давомида тенгенинг тушиши 28 пунктни ташкил этди. Ваҳоланки, 24 февраль куни эрталаб расмий курс 437 тенге эди.

Қирғизистон Миллий банки ҳам ташқи ва ички валюта бозоридаги вазиятга изоҳ берди. Миллий банк хабарида таъкидланишича, Украинадаги воқеалар муносабати билан ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан Россияга қарши қўлланилиши мумкин бўлган санкциялар ҳақидаги маълумотлар фонида Россия рубли курсининг юқори ўзгарувчанлиги ташқи молия бозорларида кузатилмоқда. Бу ички валюта бозорида доллар курсининг ошишига олиб келди. Қирғизистон Миллий банкнинг фикрича, бунга «кўп жиҳатдан психологик омиллар ва бозор иштирокчиларининг умидлари сабаб бўлмоқда».

«Миллий банк» банк ҳамжамияти вакиллари билан мавжуд вазият ва юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама қилди. «Украина атрофидаги инқироз фонида ички валюта бозорида долларга талаб ортиб бормоқда. Вазиятни барқарорлаштириш учун Миллий банк валюта интервенцияларини амалга оширди. Зарур ҳолларда Миллий банк валюта бозорида иштирок этишда давом этади, уни мослаштириш учун зарур ресурслар ва воситаларга эга бўлади», — дейилади Қирғизистон Миллий банки хабарида.

24 февраль куни Қирғизистон банклари АҚШ доллари курсини кескин оширди. Эрталаб Америка валютаси 84,9 сомдан сотилди, соат 15:25да доллар курси 95 сомгача кўтарилди. Айрим банкларнинг мобил иловаларида валюта айирбошлаш имконияти ўчириб қўйилган.

Тожикистонда ҳам рублнинг сомонига нисбатан курси кескин тушиб кетди. 24 февраль куни айрим кредит ташкилотлари («Эсхата банк» ва «Амонатбанк») 1000 Россия рубли Тожикистон Миллий банки белгилаган курс бўйича 128 сомоний, бир кун аввалгидан 13 сомонийга арзонлашганини тасдиқлади. Тожикистон Миллий банки рубль курсининг сомонийга нисбатан кескин тушиб кетгани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади ёки рад этмади. Тожикистонда 2016 йилдан бери Марказий банк кўрсатмаларига кўра рублдаги ўтказмалар қабул қилиш вақтидаги курс бўйича конвертация қилингандан сўнг фақат сомонийда берилади.

Хуллас, бир томонда ҳарбий операциялар, иккинчи томонда халқаро молия бозорларидаги карахтлик давом этмоқда.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
халқаро шарҳловчи

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиянинг Украинада олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлари молия бозорларида саросималарга сабаб бўлмоқда