12:12 / 26.02.2022
8 844

Россия Қозоғистондан Украинага қарши урушда қатнашишни сўради. Қандай жавоб қайтарилди?

Россия Қозоғистондан Украинага қарши урушда қатнашишни сўради. Қандай жавоб қайтарилди?
Қ.Тўқаев ва В.Путин.
Фото: Кremlin.ru

Россия Қозоғистондан Украинага қарши урушга қўшилишни сўради, деб хабар беради АҚШнинг NBC телеканали.

Қайд этилишича, Россиянинг яқин иттифоқчиси ва қўшниси бўлган мамлакат Украина босқинида қатнашиш сўровини рад этган. Расмий Нурсултон айирмачи Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олишдан ҳам бош тортган.

АҚШ томони Қозоғистон бу тариқа қатъий сиёсий ирода кўрсатганини олқишламоқда, деб хабар беради NBC.

Душанба куни Россия президенти Владимир Путин халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра Украинага тегишли бўлган Донецк ва Луганск халқ республикаларининг мустақиллиги ва суверенитетини тан олди. Дунё ҳамжамияти бу ҳаракат халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши дея кескин қоралади.

22 февраль, сешанба куни ушбу ҳодисага муносабат билдирган Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тиловберди расмий Нурсултон икки ҳудудни мустақил деб тан олмаслигини маълум қилди.

Қозоғистон халқаро ҳуқуқ ва БМТ низоми тамойилларига таянишини таъкидлаган вазир томонларни масалани дипломатик йўл билан ечишга ундади. Орадан кўп ўтмай, Россия Украина ҳудудига қўшин тортиб кирди.

Қозоғистон Кремлнинг Украинага нисбатан ҳудудий даъволарига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлаётгани бежиз эмас. Негаки Россия сиёсий доираларида Қозоғистонга нисбатан ҳам шундай даъволар илгари сурилган.

2020 йил декабрда Россия Давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг «Большая игра» дастурида Қозоғистон деган давлат мавжуд бўлмаган дея баёнот берди. «Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совғадир», – деди у.

Кескин ҳудудий даъво парламентнинг қўмита раиси эмас, кичикроқ рутбадаги аъзоси томонидан айтилганда, эҳтимол, «ҳа энди бир депутатнинг алмойи-жалмойи фикри-да» дейиш мумкин эди. Ушбу фикр давлат телеканали дастурида янграгани, боз устига, В.Никонов иқтидордаги «Единая Россия» партияси аъзоси экани важидан бу даъво Қозоғистон сиёсий доираларида катта хавотир ила қарши олинди.

Депутат Евгений Фёдоров ҳамкасби В.Никоновнинг фикрини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Қозоғистон Совет иттифоқига тегишли ҳудудларга ноқонуний равишда эгалик қилаётганини даъво қилди.

«Ўртоқ Назарбоев, Тўқаев, ТИВ... Верний – Олмаота шаҳри ҳудудини қайтаринг!» – деб талаб қилди у.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2021 йил январь ойида «Egemen Qazaqstan» газетасида чоп этилган «Мустақиллик барчасидан қадрли» деб номланган мақоласида россиялик мулозимларнинг ҳудудий даъволарга муносабат билдирди.

«Аждодлардан мерос бўлиб келаётган муқаддас заминимиз – бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Ушбу ҳудудни қозоқларга хориждан биров пешкаш қилмаган. Бизнинг бугунги тарихимиз 1991 ёки 1936 йиллар билан ўлчанмайди. Она халқимиз ушбу заминда Қозоқ хонлиги даврида, ундан аввалроқ Олтин ўрда, Турк хоқонлиги, хунлар ва саклар даврида умргузаронлик қилган. Мухтасар айтганда, тарихимиз илдизи қадим ўтмишга бориб тақалади», – деб ёзди Қ.Тўқаев.

Россия сиёсатчиларининг даъвою иддаолари шу билан тўхтагани йўқ. Жорий йил январь ойида қўшни мамлакат ғалаён домида қолган пайтда баҳсли баёнотлари билан танилган Владимир Жириновский Қозоғистоннинг шимолий вилоятларини «Россиянинг тарихий ерлари» дея иддао қилди ва уларнинг қайтарилиши лозимлигидан баҳс этди.

Россия матбуоти ва сиёсий доираларида бу каби ахборий хуружлар бот-бот кузатилади. Дарвоқе, 2014 йилда В.Путин бу борада янада очиқроқ фикр билдирган, қозоқларда давлатчилик бўлмаганини айтган эди.

С.Салим

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Қозоғистондан Украинага қарши урушда қатнашишни сўради. Қандай жавоб қайтарилди?