Кўпчилик тонгни бир чашка иссиқ қаҳва билан бошлайди. Баъзилар ҳар овқатланиш вақтида қаҳва ичишни одат қилган. Лекин тўғри овқатланиш ҳамда қаҳва ичишнинг ўзига хос қоидалари бор, деб ёзади The Voice Mag.
Қаҳва ҳамма нарсани мазалироқ қилиши шубҳасиз. Ҳаттоки усиз ҳар қандай ширинлик ҳам таътимаслиги мумкин. Бундан ташқари, қаҳва тетиклантирувчи хусусиятга эга.
Кунини ширинлик ва бир чашка қаҳвасиз тасаввур қила олмайдиганлар диққатига: парҳезшунослар қаҳвани ширинлик, газак ва ҳатто асосий таомлар билан истеъмол қилмаслик керак бўлган ичимлик деб ҳисоблайди.
Албатта, ҳеч ким парҳез қоидасини бузишни ва куннинг исталган вақтида қаҳва ичишни тақиқламайди. Аммо шуни тушуниш керакки, айнан шу одат билан озиқ-овқатдан олинадиган озуқа моддаларининг нормал сингишига халақит бериш мумкин.
Тўғри, олимлар кофеиннинг овқат ҳазм қилиш жараёнига деярли таъсири йўқлигини аниқлади. Аммо огоҳлантирилишича, қаҳва организмга темир моддасининг сингишини секинлаштиради — 50 фоизга.
Аксарият аёлларнинг темир танқислиги камқонлигидан азият чекаётгани ҳисобга олинса, қаҳвани ҳар қандай таомлардан алоҳида вақтда, аниқроғи, овқатдан тахминан 30-40 дақиқа кейин ичиш тавсия этилади.
Шуни ёдда тутиш керакки, темир танқислиги нафақат ички саломатликка, балки ташқи кўринишга ҳам таъсир қилади. Рангпарлик, қуруқ тери ва юз терисида яллиғланиш кузатилса, ҳеч бўлмаганда тажриба ўтказиш учун ҳам қаҳвани овқатдан кейин дарҳол ичмаслик керак. Бу темирга бой таблеткаларни қабул қилишдан кўра соғлиқни қўллаб-қувватлаш учун анча оддий чорадир.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг