Америкалик гроссмейстер эътирофи: Ўзбекистон шахмати жуда тез ўсмоқда

Америкалик таниқли гроссмейстер Фабиано Каруана шахмат ривожида давлатларнинг роли ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, бу спорт тури нафақат интеллектуал ўсиш, балки стратегик фикрлашни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Каруананинг айтишича, АҚШда шахмат асосан хусусий сектор ҳисобига ривожланмоқда. Давлат томонидан бу соҳада катта иштирок кузатилмайди ва кўп жиҳатдан ҳомийлар ёрдамига таянилади.
"Шахмат жуда фойдали. Аммо АҚШда ҳукумат бу жараёнда деярли иштирок этмайди ва биз кўпроқ хусусий ҳомийларга таянамиз", — деди Каруана.
Европа давлатларида эса вазият бошқача. У ерда ҳукуматлар шахматни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этади, бу эса натижаларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Давлат даражасидаги эътибор ва инвестиция — ўсишнинг асосий драйвери сифатида қайд этилди.
"Европада давлатлар бу соҳада анча фаол. Бу эса ривожланишга бевосита таъсир қилади", — деди Каруана.
Сўнгги 20 йил ичида энг катта тараққиётга эришган мамлакатлар сифатида Каруана Ўзбекистон ва Ҳиндистонни алоҳида тилга олди. Ушбу давлатларда шахматга бўлган муносабат, инфратузилма ва қўллаб-қувватлаш даражаси юқори экани қайд этилди.
"Сўнгги 20 йилда энг катта ўсишга эришган давлатлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон бўлди. Уларда шахматга давлат томонидан катта эътибор ва сармоя қилинади, натижалар эса кўриниб турибди", — деди Каруана.
Айниқса, Ўзбекистон мисоли Каруанани ҳайратга солган. Унинг фикрича, ҳудуди катта бўлмаганига қарамай, мамлакат жаҳон миқёсида кучли гроссмейстерларни етиштиришга муваффақ бўлмоқда.
"Ўзбекистон катта давлат бўлмаса ҳам, дунёнинг энг кучли шахматчиларини етиштира олмоқда", — деди Каруана дея унинг сўзларини келтиради UzChess.
Қисқача айтганда, шахматда “ресурс + стратегия = натижа”. Ўзбекистон эса бу формулани жуда тўғри ишлатяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!