Азиз хотини Диёранинг бир ойдан буён чет элга саёҳатга чиқиш ҳақидаги хархашасини эшитавериб, қулоғи том битди.
«Аёл кишига бир нарсани айтиб бўлмайди. Қаердан ҳам ваъда берибман», деб ўзини-ўзи койиб юрган Азизнинг қаршисида хотини пайдо бўлди-ю, шўрлик эрнинг пешонаси яна тиришди.
— Яхши келдингизми, дадаси? — Диёра эрининг қўлидан елим халтани олиб, курткасини ечишга ёрдамлашди.
— Ҳа, яхши ўтирибсизларми?
— Ўтирибмиз. Кун санайвериб, тинкам қуриди. Қачон бизнинг дадамиз таътилга чиқар экан, деб.
— Уфф! Яна ўша дарднинг кўчасига буриляпсанми?
— Нима бўпти? Ахир ўзингиз ваъда бергансиз. «Таътилга чиқсам, сизларни чет эл саёҳатига олиб бораман», деб. Ё эсингиздан чиқдими?
— Йўқ, ҳаммаси эсимда, миямда елимланиб турибди.
Азиз жаҳл аралаш пешонасига ургач, Диёра лабини буриб, ошхона томон юрди.
— Жаҳл қилманг. Олиб борсангиз, хотинингиз билан болангизни олиб борасиз. Йилда бир марта ҳордиқ чиқарсак, нима бўлибди?
— Хўп дедим-ку, инсон! Сабр қилинглар, борамиз, ўша саёҳатга!
Азизнинг бир парда кўтарилган овози Диёранинг жарангдор товушини ўчирди. Жувон жимгина дастурхон ёзиб, чойнак-пиёлани олиб келди. Агар эрига бир оғиз гапирса, фикридан қайтиб қолиши мумкинлигини у жуда яхши биларди.
Орадан уч кун ўтиб, Азизга ишхонасидан таътил берилди. Ҳамма берилган таътилдан қувонса, Азизнинг афти бужмайди. Энди ҳотамтойлик қилиб, берган ваъдасини бажариши керак.
Азиз табиатан шўх, саёҳатни севадиган йигит. Диёрага уйланмасидан олдин ҳам бир неча марта Туркия, Франция, Англия каби давлатларга бориб келган. Топиши яхши. Турли давлатлар билан ҳамкорлик қиладиган нуфузли савдо фирмасида иш юритувчи бўлиб ишлайди. Уйлангач, Диёрага қаерларга борганини мақтаниб, суратларини кўрсатганди. Диёранинг ҳам ичи қизиди. Қараса, эрининг иши кўп. Сабр қилди. Фарзандли бўлди. Ўғилчаси тўрт ёшга кирди. Диёра ҳамон чет элга бориш орзусидан воз кечмади. Бир куни Диёра эрини маҳкам «ушлади» ва ваъдасини олди.
Азиз «Бўлди, ишхонамдан таътилга чиққан куним, Лондонга учамиз», деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Диёранинг оғзи қулоғига ёпишди. Ҳамма дугоналарига мақтаниб чиқди. Ўзи яшаб турган вилоятидан нарига чиқмаган аёл Лондонга боришини тасаввур қилиб, ҳаяжонланарди. Азиз таътилга чиққанини хотинига айтиб, бир пиёла чой ҳам ичмай, сайёҳлик компаниясига жўнади.
— Тезда бориб, чипта олиб қўйинг, ҳозир мавсум, яна шундан ҳам қуруқ қолмайлик, — деб Диёра эрининг оёғини ерга теккизмай ортига қайтарди.
Азиз йўлда кетиб бораркан, ўзича нималарнидир ўйларди. Сўнг чўнтагидан телефонини олиб, кимнингдир рақамини тера бошлади. Аммо…
Азиз сайёҳлик компаниясига бормади. Ортига қайтди. Чиптасиз келган эрини Диёра савол назари билан кутиб олди.
— Чипта қолмабди. Тошкентдан кетамиз!..
— Ана, айтгандим сизга вақтида ҳаракат қилинг, деб.
— Нима фарқи бор? Бу ердан кетсанг ҳам борасан, Тошкентдан кетсанг ҳам. Баҳонада довонларни кўриб кетасан.
Диёра индамай, уйига кирди. Ортидан Азиз ҳам одимлади.
— Ҳамма нарсанг тайёрми?
Диёра тасдиқлаб бош силкиди.
— Бўлмаса, ойим билан дадамнинг олдига бориб келамиз. Дуосини олиб, қайтамиз. Ахир узоқ йўлга чиқяпмиз.
Диёра эрига кулимсираб қўйди. Азиз ота-онасини ҳаж зиёратига олиб борганди. Ҳожи ота, ҳожи онанинг дуосини олмасдан кетиш Азиз учун гуноҳ эди. Набиралар қуршовида ўтирган ҳожи ота-онанинг юзидан нур балқиб турарди.
Азиз билан келини Диёранинг келганини кўрган она ўғлига пешвоз чиқди. Ота дуога қўл очди. Юзига фотиҳа тортиб, Азизга юзланди. Азиз юзида табассум билан гап бошлади:
— Отажон, келинингиз билан бир айланиб келмоқчи эдик.
— Қаерга борасизлар, ўғлим?
— Тошкентга борайлик-чи. Бирор давлатга саёҳатга чиқмоқчимиз.
— Ҳа, майли, йўлингиз бехатар бўлсин. Эсон-омон бориб келинглар!
Азиз хотини билан ота-онаси ҳузуридан ярим тунга яқин чиқди. Диёра ҳамон орзулар оғушида, Лондонни кўришга ўзини руҳан тайёрламоқда эди. Ўғлини кийинтирди. Тонгда учови йўлга тушди. Диёра машинада довонларни, тоғларни ҳайрат билан томоша қилиб борар, ўғли ҳам чуғурлаб дадасига нималарнидир кўрсатиб кетарди. Шу тариқа улар Тошкенти азимга етиб келишди. Диёра пойтахтнинг шунчалик гўзаллашиб кетганини кўриб, оғзи очилди. Лекин унинг хаёли ҳамон Европада — Лондонда эди.
Азиз серқатнов йўлда такси тўхтатди. Такси уларни турнақатор турган бошқа таксилар олдига олиб келди. Диёра эрининг ҳаракатларини кузатиб, ҳеч нарсага тушунмай, «Шу ердан кетса керакда аэропортга», деб қўйди. Азиз шошиб, юк сумкаларини кўтарди-да, хотинини эргаштириб, оппоқ машина олдига олиб борди. Ҳайдовчи ҳам хушхандон экан, дарров сумкаларни юкхонага жойлаб, Диёрага машина эшигини очди. Сўнгра:
— Мана ҳозир аэропортга етиб борамиз, — деб қўшиб ҳам қўйди.
Азиз ҳайдовчига кўз қисиб, хотинининг ёнидан жой олди. Машина йўлга тушди. Диёра йўл юриб чарчаганди, эрининг елкасига бош қўйиб, ухлаб қолди. Текис йўлда кетаётган машина Диёрани аллалаб кетарди. Орадан бир қанча вақт ўтди. Диёра уйқусираб ёнига қаради. Ҳамон таксидалигини кўриб, Азизга қаради. Ахир шунча ухлади. Бу пайтда аэропортда бўлиши керак эди-ку. Азиз хотинига қараб, кулимсиради.
— Аэропортга етмадикми? — Диёранинг саволини ҳайдовчи ҳам эшитди.
— Энди етасиз, янга. Аэропорт нима бўлибди, ундан зўр жойга кетяпсиз, — деб ҳайдовчи пешона ойнасидан Азизга кўз қисиб қўйди.
— Қаерга кетяпмиз?
— Жим кетавер, етганда кўрасан.
Азизнинг гапи Диёрага ғалати туйилди. Лекин бошқа гапирмади. Улар Самарқандга келишди. Регистон майдонига келиб тўхтаган такси ҳайдовчиси эр-хотинга тушиш учун ёрдам берди. Диёра қаршисидаги улкан минораларга, обидаларга қараб, бир зум оғзи очилди. Бу кўҳна шаҳарни телевизорда кўрган ва боришни роса орзулаган эди. Азиз хотинининг маҳлиё бўлиб қолганини кўриб, секин туртди:
— Мана сенга Лондон, мана сенга Париж!
— Ёлғончи! — лабини чўччайтирди Диёра. — Бу ерларни кейин кўрсак ҳам бўларди.
— Анавиларни қара! — Азиз майдонда айланиб юрган чет эллик сайёҳларга ишора қилди: — Улар европалик. Бири Лондон, бири Париждан келган. Улар бу ерда юрса, биз уларнинг юртида нима қиламиз? Улар ҳайратланиб, томоша қилаётган жойлар бизники. Биз ҳам ҳайратланишга улардан-да ҳақлироқмиз. Сен ҳам ҳайратлан, истаганча завқлан!
Диёранинг мижжаларига ёш қалқиб, майдон томон юра бошлади. Шердор, Бибихоним, Гўри Амир мақбараларини кўзларига суртиб, зиёрат қилди. Азизнинг таржимонлигида европаликлар билан танишди. Улар Самарқандни оғзидан бол томиб мақташди. Бу ерга келиш уларнинг азалий орзуси эканлигини эшитган Диёра ичига сиғмай кетди. Кейинчалик Азиз хотини билан ўғлини Бухоро, Хива сари олиб кетди. Диёра умрида кўрмаган, ўз ерининг шундай бебаҳо бойликларини, боболаридан мерос қолган ёдгорликларни кўриб, севинганидан худди ёш боладек қийқира бошлади. Азиз бир чеккага ўтиб, онасига қўнғироқ қилди.
— Онажон, айтганингиздай қилдим. Келинингиз ёш боладек хурсанд, Лондонни эсидан чиқарди.
Она ўғлига нимадир деди, шекилли, Азиз қаҳ-қаҳ отиб кулди. Ёш оиланинг саёҳати Хоразмда тугади. Олам-олам таассурот билан қайтган Диёра оғзини тўлдириб, сафар суратларини барча дугоналарига мақтанди.
Мансурбек РЎЗИЕВ
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди