
Олимлар инсон қаришига таъсир қилувчи яна бир муҳим омилни очиқлади. Виржиния университети мутахассислари 17 йил давом этган кузатув натижасида ўсмирликдаги тажовузкор хулқ-нафақат руҳият, балки биологик қариш жараёнига ҳам кучли таъсир кўрсатишини аниқлади.
Тадқиқотда 123 нафар қатнашчи иштирок этган. Психологлар 1998 йилдан буён ўсмирларнинг дўстлари ва ота-оналари билан муносабатларини таҳлил қилиш баробарида, уларнинг соғлиғига оид кўрсаткичлар — холестерин даражаси, қон босими, глюкоза, яллиғланиш белгилари ва қон таҳлилини ҳам доимий ўрганиб борган.
Натижа ҳайратланарли бўлди: 13 ёшларда дўстларига нисбатан тажовузкор, ота билан доимий низоли муносабатда бўлган ўсмирларда 30 ёшга келиб биологик қариш жараёни анча тезлашгани аниқланган. Айниқса, ўсмирлик охирида оталар билан узлуксиз зиддиятлар ва 20 ёшлардаги дўстларга нисбатан душманлик энг кучли таъсир кўрсатувчи омил сифатида қайд этилган.
Мутахассислар бу жараён нафақат эркакларда, балки аёлларда ҳам бир хил даражада кузатилганини таъкидлайди. Уларга кўра, инсоннинг бошқаларга муносабати, атрофдагиларнинг унга берган баҳоси организмдаги "ичдан қариш" жараёнларини олдиндан башорат қила олади.
“Бу фақат юрак-қон томир касалликлари хавфи ҳақида эмас. Инсоннинг хулқи ва атрофдагилар билан муносабати биологик ёшни белгилаб берадиган кучли кўрсаткич”, — дейди тадқиқотчилар.
Олимлар ўсмирликдаги руҳий босим ва агрессияни барвақт бартараф этиш келажакдаги саломатлик учун жуда муҳим эканини эслатиб ўтди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.