14:43 / 28.01.2018
7 841

Сохта севги қурбони...

Сохта севги қурбони...
Насиба янграган севимли таронани эшитар экан дилига илиқлик югурди. Қўл телефонида унга азиз бўлган исмни кўриб кўзлари қувнади.

– Ассалому алайкум, – мамнунлик билан жавоб берди қўнғироққа. – Яхши юрибсизми?

– Раҳмат, ўзинг тинч юрибсанми?

– Шукр, яхши! Негадир кайфиятингиз йўқми? – деди ҳамсуҳбатининг мунгли овозидан кўнгли бежо бўлиб.

– Эҳ, ҳозир кайфиятдан сўз очма, бир грам ҳам қолмаган...

– Нега, Санжар ака нима бўлди?! – капалаги учиб кетди Насибанинг. – Ишқилиб, тинчликми?..

– Қачон ишдан чиқасан, кечки пайт кўришайлик. Ўшанда бафуржа гаплашамиз.

– Хўп, унда мен узоғи билан бир соатларда бўшаб йўлга чиқаман. Ўша жойда кўришамиз, келишдикми...

Насиба гўшакни стол устига омонатгина қўйиб хаёллари тўзғиб кетди.

“Унга нима қилган бўлиши мумкин? Телефонда ҳам учини чиқармади. Бирор бир катта муаммо бўлдимикин? Рафиқаси орамиздаги муносабатларни пайқагач жанжал кўтарган бўлса-я? Наҳот айрилиқ онлари яқинлашди...”

Юрак-бағрини сиққан бу саволларга тезроқ жавоб олишни истади. Ундан айрилгиси йўқ. Тақдир уларни мана шу аросатли йўлда учраштирдию, шу кунгача фақат ва фақат муаммо, тавишлар билан сийлаб келяпти. Тўрт йил аввал ўша жой: Яккасарой туманидаги “Космонавтлар” метроси ёнгинасида ўрнатилган ўриндиқлардан бирида кўз ёшларини артиб турган Насиба илк бора унга дуч келган эди. Жуда қайсар қиз қўрслик қилишига қарамай Санжарнинг жимгина йўлини давом эттиришига нимадир халал берди.

Юз кўзларида меҳр балқиб турган бу дилшикаста қизнинг аламзада эканлиги шундоққина маълум эди. Насиба ўшанда ширин сўзлари билан йигитни аврагани йўқ. Ноз-карашма қилиб кўнглига қулф солишга интилмади ҳам. Аксинча бор аламини шу бегуноҳ кимсадан олди. Етти ёт бегона бўлишига қарамай, ўз ҳолига қўйишини айтиб бақириб берди. Ҳаммиятига тегадиган гаплар билан сийлади. Лекин Санжар кетиб қолмади... Вазминлик билан шу ўжар қизнинг дилини топди. Узоқ вақт гаплашишди ўзиям. Сўнг фавворалар ёқалаб сайр қилишди. Насиба ҳам кўнгли ҳаловат топганидан беихтиёр эди. Хайрлашар чоғи ҳар янги топишган жуфтликлар бир-биридан телефон рақам ва манзилни қайта учрашиш илинжида сўраб олишади. Аммо уларда бундай бўлмади. Насиба икки-уч соат олдинги тушкунликдан ҳаётдан мамнун қиёфада уйга етиб келди. Ана шундагина у йигитнинг ҳазил-ҳузулларини қўмсади шекилли, орланиб телефон рақамини сўрамаганидан ёзғиринди. У йигит ҳам, ҳатто иш жойи, касби-кори ҳақида суриштиргани йўқда.

“Тавба одатда бу ҳақида суриштирмаган одам йўқ эди. Нега у қизиқмади? Эҳ, Насиба, Насиба... бундай қўрсликдан сўнг қайси йигит сендан юрак тутиб телефон рақам сўрасин?”

Санжар билан бўлиб ўтган суҳбатини эслаб кулиб юборди. Хонадош қизлар ундаги бу ўзгаришдан суюнчи олишга ўтди?

– М-м-м, дугонажон ким у юрагингизни ўғрилаган? – деди шадод қиз Шоҳиста.

– Вой, қанақа юрак ўғриси? – деди юзлари қизарган Насиба уятчанлиги тутиб.

– Иби, ҳали биздан яширмоқчимилар? – саволлар ёмғирини ёғдириб маҳкам ушлаб олди. – Келишган, баланд бўйлими? Қаерда ишлар экан? Тошкентликми ёки вилоятнинг алп йигитлари?..

– Вой, до-о-од бошим, – саволларга тайинли жавоби йўқлигидан шартта ўзгарди. – Шоҳиста, нима бало фолбинлик ҳам қиляпсизми? Ким ва нима ҳақида гапиряпсиз ўзи?

– Ҳа, кимнидир учратиб севиб қолганлигингиз шундоққина юз-кўзингиздан маълум-ку. Ишдан нуқул безиб, ҳомуш уйга кириб келгансиз. Бугун илк марта сизни бундай мамнун ҳолатда кўраяпман, аниқ учратгансиз-а? Фақат айтишни хоҳламаяпсиз?

– Унақа эмас, ахир. Нима ишдан яхши кайфиятда келиш мумкин эмасми? Ҳа, деб ташвишларга аза тутиб, қовоғимни солиб юришим керакми?

Ана, холос у Санжарнинг айтган гапларин такрорлаяптими? Бир соатча олдин худди шу сўзларни, очилиб юринг, самимийлик сизга ярашади, деб насиҳат қилганди-я у. Насиба яна ўйга толди. Ўзи бугун унга нимадир бўлди. У олдин ҳеч кимнинг сўзларини қайд қилмас эди. Ҳатто, қаттиққўл бошлиғининг ҳам. Хонадаги қизлар унинг ўйчан нигоҳидан пайқади шекилли, индамай қўяқолишди. Бугун кечки овқатни тайёрлаш унинг гали. Ошхонада якка ўзи егулик ҳозирлашга тушди. Қизлар ҳам халал бермай қўйди. У бамайлихотир Санжар билан бирга ўтган мазмунли вақти ва суҳбатини хотирлаб картошка, пиёз ва сабзини арчарди. Дафатан “А-а-а” деб ингради. “Қурғур пичоқ ҳам ўтмас. Нуқул картошкани кесмай, қўлни қонатади” дея оғринди. Аслида айбдор пичоқ эмас, Санжар ва у томон сайр қилиб юрган хаёллар... Лекин аламини дами қайтиб қолган пичоқдан олди. Шу тобда яна унинг сўзларини эслади: “Жаҳлингиз чиққанида, гаримдорили сўзларингиз билан қаршингизда турган киши ёки нарсадан хуморингиз чиққунича саваламанг!”

Шу зайл одатда ярим соатда тайёр бўладиган тамо ке-е-еч тушганда пишди. Қизлар овқатнинг хушбўйлигидан бай-байлаб дастурхон атрофига йиғилишди. Қоидага биноан овқат тайёрлаган киши идишларга сузиб сўнгида ўзи ўтиради. Қизлардан биринчи бўлиб шошқалоқ Дилдора таомдан татиб кўрди. Кўзлари бежо бўлганлигини кўрган Шоҳиста таажжубланиб тикилди. Насиба ҳам дастурхон атрофига ўтирган пайт Шоҳиста қошиғини секин косасига суқдию ошпазга томоғида ушлаб турган чимдимгина егуликни юта олмай, минг бир қийноқда турган алфозда тикилди. Насиба ҳамманинг афт-ангоридан хавотирга тушиб дарров овқатдан татиб кўрдию ўзининг ҳам чеҳраси дугоналари билан бир хил бўлиб қолди. Фақат юзлари қизарганлигини ҳисобга олмаса.
– Айтгандим-ку, севиб қолгансиз, – овқатнинг шўр бўлганлигини ҳазилга бурди Шоҳиста. – Ким экан у шундай малакнинг хаёлларини ўғрилаган? Энди айтмагунгизча сизга овқат қилдирмай турамиз!

Стол атрофида кулгу кўтарилди. Насиба ҳам ортиқ баҳона қилишга ҳожат қолмагани учунми қўшилиб хи-хи-хилашди. Мана энди биргина Шоҳиста эмас нақ учта бош ва учта ором олмай сайраб турган тиллар саволларга кўмиб ташлади. Лекин биргина Санжар исмидан ташқари тайинли бир маълумот олишга муваффақ бўлишгани йўқ.

Тонг ёришди. Насиба бугун янги кунни бошқача қарши олди. Ўша уй, таниш кўча ва эски дераза. Аммо хонага урилаётган шамол тафти бошқача... Сочларини силаб, юзларини эркалаяпти майин шабада. Енгил ва хушхилқат чеҳра билан ишга отланди. Бир грам самимийликни ҳам қўшиб қўйди. Жамоадагилар ҳам унинг тўлин ойдек ёрқин нур таратиб қадам ранжида қилганидан бениҳоя хурсанд. Тушликкача яхши кайфиятда юрди. Аммо овқатланиб бўлгач Санжар ҳақида фикрлари туб ўзгаришга юз тутди.

Кеча ширин сўзлари, ҳазил-ҳузуллари билан кўнглини кўтарган йигит боғланиш учун ҳеч қандай маълумот қолдиргани йўқ ёки олмади ҳам. Шунчаки, тасодиф туфайли ғамгин бир қизнинг кўнглини чоғ қилди-да. Хаёлларида сарҳадсиз сайр қилиб юрган Санжар ҳақидаги ўйларини ҳайдаб солди. Ортиқ уни эслаб, паришонхотир бўлмасликка аҳд қилди. Агар қайта кўриша олмаса, яна ўзи қаттиқ сиқилади. У йигитнинг эса фақатгина исмини билади холос... Олдинги қора булутлар унинг атрофида йиғилиб ёмғир ёғиладиган диққинафас об-ҳаводек кайфияти бузилди. Яна ўша таниш жойга келди. Лекин бу гал ўтирмади. Фойдасиз ва мантиқсиз узоқ кутишнинг нима кераги бор. Қўлоқчинни сумкасидан ахтаришга тушди. Шу пайт унга кимдир қаттиқ тўқнашиб кетди. Жаҳил билан қичқирди.

– Тавба, кўрми-и-и... – қаршисидаги йигитни кўриб тили айланмай қолди.

– Яхшимисиз, – дея ҳазиломуз ҳол-аҳвол сўради. – бугун ҳам кайфиятингиз чатоқ кўринади?

– Ҳа-а-а, йўға, сизлигингизни билганимда...

– Бақирмасмидингиз, яхши унда яна бир марта синаб кўрамизми?..

Иккиси ҳам кулиб юборди. Насиба айни чоғда уни кутмаганди. Йўқ, ич-ичидан қайта учратиб қолишни истаган эди, лекин яна шу ерда учратиши бу бир тушдек. Ўзини чимдилаб ҳам кўрди, хаёллар оғушида юрмаганлигини аниқлаш учун.
*****
– Нима бўлди? – капалаги учиб кетди Насибанинг.

– Онамни шифохонага ётқиздик, – ўксиниб сўзлади Санжар. – Тўсатдан бўлгани учун операцияга зудлик билан пул топишим зарур. Йиғиб юрганимни ишлатиб қўйган эдим. Энди қаердан, кимдан оламан шунча пулни...

– Менда икки миллион йиққаним бор.

– Қўйсанг-чи...

– Ундай деманг, сизга зарур. Мен эса орзу-ҳавасларимга йиққанман. Ахир шу орзуларим сиз билан рўёбга чиқадиган бўлса, нега уни сарфламаслигимиз керак. Ойижон соғайиб кетсалар бўлгани...

Санжар инкор этмади. Чунки иложсиз, ҳозир Насибадан бўлак ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмайди унга. Қиз азиз инсонидан жонини ҳам аямайди. Тирноқ кири теккан шу пулларни қизанармиди? Муаммо ҳал бўлди. Лекин негадир Насиба бўлажак қайнанасининг ҳолидан хабар олиб бормоқчи бўлганида, Санжар мавриди эмаслигини тушунтирди. Эътироз билдиргани йўқ.

Орадан вақт ўтиб, уларнинг муносабатлари анча палак ёзган эди. Санжарнинг ҳам ташвишлари кун сайин ортар, ҳали ишидан ҳайдалар, ҳали кимдандир қарз бўлиб қолар. Насиба эса имкон борича унга кўмаклашди. Оёққа туриб, бариги изига тушиб кетишини ўйлар эди-да. Унга қаттиқ ишонар эди. Негадир атрофдагилари нуқул Санжарни қўллаб-қуватлашидан норози бўлар, ҳаддан зиёд унга боғланиб қолганлигидан куйинишарди. Орада унинг оиласи, севимли икки фарзанди борлигини билганида дунё кўзларига тор кўринди. Алданганлигидан изтиробга тушиб, қалбида ғафлат босган ғурури тобталди. Лекин ундан буткул совиб қолмади. Чунки фақатгина у билан ҳаловат топади. Кўнгли унинг сўзларидан хотиржамлик туяди. Фақат угина кўнгил кўчаларига сайр қилиб, бекилиб қолган эшикларни очганди. Қолаверса, оиласи ва яқинлари ҳақида тайинли бир маълумот бермаган эди. Шунинг учун ҳам ота-онасига у ҳақида айтишдан шошмаган эди. Энди нима деб айтсин, уйланган оилали бир эркакка илакишиб қолганлигиними? Ёки севгани ўзганики эканлигини кеч англаб, алданганлигиними? Фақатгина хонадош дугонаси Шоҳистага дардини тўкди. Шадод қиз эса дугонасининг лақмалигидан оғриниб, гоҳ далда, гоҳ хатоларидан куйиниб дакки берарди.

– Насиба, бўлди у билан учрашманг.

– Нима-а-а, менга насиҳат эмас, маслаҳат керак.

– Мен ҳам сизни ўйлаб, маслаҳат беряпман, – баттар асаблари бузилди. – У эркак ҳеч нима бера олмайди. Унинг қўл телефонига пул ташласангиз, муаммолари чиққанида ҳал қилиб берсангиз. Нима унга бойвачча хотин эмассиз-ку? Қанақанги, ҳамиятсиз эркак экан у?!

– Ундан нолишни бас қилинг. Мен ҳозир уларни эмас, энди нима қилишим кераклигини ўйлаяпман.

– Нимасини ўйлайсиз-а? У сизнинг бор-будунгизни шилиб зулукдай ёпишиб олган ҳашорат-ку? Ундан қанча тез қутилсангиз ўзингизга шунча яхши!

Насиба телефонидаги тароналар севимли қўшиғини қўйиб хонанда билан бараварига алам билан йиғлаб куйлай бошлади. Шоҳиста унинг изтиробларига чидай олмай хонадан чиқиб кетди.

Гоҳ севгидан тошган дарёсиз,
Гоҳ меҳрга ташна саҳросиз.

Мен биламан сиз ҳам танҳосиз,
Кўргим келар сизни негадир...

Муҳаббатда мазмун эрур эрк,
Бир армонга ҳар ким эгадир.

Сизсиз менга барча йўллар берк,
Кўргим келар сизни негадир...

Тун кутаман ойдин, юлдузлик,
Кун кутаман нурафшон аслик.

Ҳе-е-ей, дилимни эзди ёлғизлик,
Кўргим келар сизни негадир...

*****
– Ҳозиргина ишхонадан чиқдим, – ҳансираб гапира кетди Насиба. Уни қийнаган саволларга жавоб топишга муштоқ эди. “Наҳот ҳозир ташлаб кетишини айтса...” дея ич-ичда ҳадиксираб турди.

Хабаринг бор бозорда савдо қиламан, деб бизнес бошладим. Падари қусур ишим юришмади. Шу йил ўзи менга нуқул омадсиз келди. Қайси ишга қўл урмай, омадсизликка дуч келаяпман.
– Ҳа, яна қарз бўлдингизми? – ўйлаганининг умуман акси бўлиб чиққанидан кўнгли хотиржам тортгандек бўлди.

– Ҳада-а-а...

– Энди нима қилмочисиз?

– Топиб беришим керак пулни. Сенинг олдига шу масалани ҳал қилиш учун келган эдим.

– Лекин менда ҳам ҳозир молиявий муаммолар кўп. Ўзимнинг ҳам ташвишлардан бошим гаранг.

Санжар индамайгина жим турди. Илгари ҳар хил ҳазил-ҳузулларини қилиб Насибанинг пулини осонгина қўлга киритиб кетар эди. Бу гал эса унинг кайфияти умуман йўқ. Аксига олиб пули йўқлигини ҳам таъкидлаб турибти. Узоқ бирга бўлишмади. Илк маротаба унга рад жавобини берди. Аниқроғи ёрдам қўлини чўзмади. Шу-шу санжар дом-дараксиз йўқолиб қолди. Қайтиб кўринмади. Телефон рақамлари ҳам ўзгариб кетди. Ўша таниш рақамлар ва азиз бўлган исмни қўл телефонидан топиб сим қоқади. Биргина жавоб учта тилда жаранг сочади: “Абонент хизмат доирасидан ташқарида...”

Бу воқеалардан сўнг бир ойлик таътил олди. Хонада қамалиб кўчага ҳам чиққани йўқ. Телефон рақамларини ўзгартирди. Фақатгина пул учун севимли ёр сифатида юрганлигидан иснот қилиб, ўзига келолмай юрди. Уни эслатувчи ҳамма нарсаларни ўзгартиришга, йўқ қилишга киришди. Фақат шу севимли қўшиғини тингламаса қалби тилкапора бўладигандек эзиларди. Шу қўшиқдаги сўзлар билан овуниб, кўнглини мусиқа юпатарди... Кўча-куйда ёки ишхонада унга илтифот кўрсатадиган эркак зотининг ҳар қандай тоифасини кўрганида уларга нисбатан нафрат ва аламзадалик билан қарай бошлади. У бир эмас иккинчи бор алданди. Икки бор севги борасида қаттиқ янглишди, танлаган жуфти унга садоқатли чиқмади. Санжар Насибани сохта севгисига маҳлиё қилиб, ўз мақсади йўлида фойдаланиб юрди. Бечора қиз эса шу совун пуфагидек кам умр кўрган сохта севгига садоқат билан вафо қилди. Унга ишонди... Энди кимдир унга келиб севги ҳақида оғиз кўпиртирмоқчи бўлса, муҳаббат қуруқ сафсатанинг ўзгинаси эканлигини таъкидлайди. Истироҳат боғида севишган икки жуфтни кўрса, кўз олдида маккор Санжарнинг совуқ чеҳраси гавдаланади. Лекин кўргиси келади. Соғинади…
Ҳидоят САДРИДДИНОВ

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сохта севги қурбони...