date

Ҳар куни пиёда юриш соғлом ҳаётнинг калити

Ҳар куни пиёда юриш соғлом ҳаётнинг калити

Замонавий ҳаёт шиддати одамларни ҳаракатсиз турмушга одатлантириб қўйди. Кун бўйи компьютер ёки телефон олдида ўтириш, кечаси телевизор қаршисида вақт ўтказиш — бугунги куннинг оддий ҳолатига айланган. Аммо бу одат инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради.

Камҳаракатлик натижасида кўпчилик ортиқча вазн, қон айланиш бузилиши, суяк-мушак тизими ва юрак-қон томир касалликларидан азият чекмоқда. Мутахассислар бунинг олдини олишнинг энг оддий, арзон ва самарали йўли сифатида пиёда юришни тавсия этмоқда.

Кузнинг тетик ва ёқимли ҳавосида пиёда сайр қилиш нафақат танага, балки руҳиятга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Инсон ўзини енгил, тетик ва хотиржам ҳис этади. Юриш чоғида гавданинг барча мускуллари ишлайди, қон айланиши фаоллашади, ички органлар фаолияти ривожланади.

Эрталаб ишга кетишда 30–40 дақиқа яёв юриш кунни тетик бошлашга ёрдам беради. Ишдан кейин йўлнинг бир қисмини пиёда босиш эса чарчоқни енгиллаштиради ва асаб тизимини тинчлантиради.

Мутахассислар таъкидлайди: бир кунда тўрт марта 10 дақиқадан юриш қон босимини меъёрлаштиради, кунига 15 дақиқа тез қадам билан юриш эса 100 ккал сарф этиш имконини беради. Бу — озишнинг энг табиий ва қулай усули.

Пиёда юриш иммунитетни мустаҳкамлайди, шамоллаш ва стрессдан ҳимоя қилади. Шунингдек, юрак фаолиятини яхшилайди, қон босимини пасайтиради ва асаб тизимини барқарорлайди.

Шундай экан, соғлом ҳаёт учун спорт зали ё йўл-йўриқ шарт эмас. Ҳар куни бир соатлик яёв сайрнинг ўзи танадаги чарчоқни енгади, онгни тозалайди ва ҳаётга янги куч бағишлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Ҳар куни пиёда юриш соғлом ҳаётнинг калити