date

Олимлар бахт ҳиссини оширишнинг энг осон йўлини очишди

Олимлар бахт ҳиссини оширишнинг энг осон йўлини очишди

Куз ва қиш мавсуми келиши билан кўпчиликда кайфият пасайиши, руҳий енгиллик йўқолиши ва ички ҳаваснинг сўниши кузатилади. Психологлар бу ҳолатни “мавсумий тушкунлик” деб атайди. Бироқ, олимлар сўнгги тадқиқотлар орқали бу ҳолатни енгиллаштиришнинг табиий ва оддий йўлини аниқлашди — табиат қўйнида сайр қилиш.

PsyPost нашри ёзганидек, 2000 нафардан ортиқ иштирокчилар билан ўтказилган илмий изланиш натижалари ҳайратланарли бўлди. Олимлар одамларнинг боғлар, ўрмонлар ва сув ҳавзаларида вақт ўтказгандан кейинги руҳий ҳолатларини таҳлил қилган.

Натижаларга кўра, табиат билан боғлиқ фаолият инсоннинг ички тинчлиги ва бахтиёрлик даражасини сезиларли даражада оширади.

— табиат қўйнига чиққан куни инсон ҳаётидан кўпроқ қониқиш ҳис қилган,

— ижобий кайфият фақат ўша кун эмас, балки кейинги куни ҳам сақланиб қолган,

— яшил ҳудудлар (боғлар, ўрмонлар) ва кўк манзаралар (сув соҳиллари) инсонда табиий “бахт гормонлари” ишлаб чиқарилишини кучайтирган.

Олимлар таъкидлашича, табиат таъсири остида инсон мияси дам олади, стресс гормонлари камаяди ва эмоционал барқарорлик ортгани ҳис этилади.

Шу билан бирга, тадқиқотда қизиқ ҳолат ҳам аниқланган — сурункали хавотир ёки чуқур депрессияда бўлган айрим иштирокчилар сув бўйида сайр қилгандан кейин ўзларини янада хавотирли ҳис қилишган. Мутахассислар бу ҳолатни инсоннинг ички қўрқувлари ва эмоционал ҳимоя механизмлари билан боғламоқда.

Шунингдек, тадқиқот муаллифлари фикрича, табиат билан мулоқот — руҳий барқарорликни тиклашнинг бепул ва ҳар ким учун очиқ усулидир. Ҳатто 15–20 дақиқалик сайр ҳам одамни енгиллаштириб, уйқуни яхшилайди, фикрни мусбат йўналтиришга ёрдам беради.

Олимлар хулоса қиладики, “бахт” деган тушунча кўпинча қиммат нарсалар ёки мураккаб муолажалар билан боғлиқ эмас — баъзан фақат ҳаво, қуёш, дарахт ва тоза ҳавода қадам ташлаш етарли бўлади.

Табиатдаги оддий сайр — инсон кайфиятини кўтаришнинг энг самарали ва содда усули экани яна бир бор исботланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Олимлар бахт ҳиссини оширишнинг энг осон йўлини очишди