date

Олимлар: ясмин чойи қондаги шакар ва ёғни камайтиради

Олимлар: ясмин чойи қондаги шакар ва ёғни камайтиради

Хитой ва Жанубий Африка олимлари ясмин чойининг соғлиққа таъсирини ўрганиб, қизиқарли натижаларга етишди, деб ёзди Science Daily.

Мутахассислар аниқлашича, ясмин чойи глюкоза алмашинувини яхшилайди, қондаги ёғ миқдорини камайтиради ва организмдаги энергетик мувозанатни тиклашга ёрдам беради.

Тажрибалар иккинчи тип қандли диабет билан оғриган каламушлар устидан ўтказилди. Натижада ясмин чойи қондаги шакар даражасини пасайтирган, инсулин ишлаб чиқарилишини фаоллаштирган ҳамда β-ҳужайраларининг қайта тикланишини рағбатлантирган.

Олимларнинг таъкидлашича, ясмин чойида биологик фаол моддаларни организм томонидан яхши ўзлаштиришни таъминлайдиган нанозарралар ва антиоксидант таъсирини кучайтирувчи микроэлементлар мавжуд. Ушбу моддалар биргаликда моддалар алмашинувига боғлиқ салбий жараёнларни юмшатишга ва қандли диабетнинг таъсирини камайтиришга ёрдам беради.

Ҳозирча тажрибалар фақат ҳайвонларда амалга оширилган бўлса-да, муаллифлар ясмин чойининг инсонлар соғлиғига ҳам ижобий таъсир кўрсатиш эҳтимоли юқори эканини қайд этмоқда. Улар бу ичимлик келгусида диабетни даволаш ёки унинг асоратларини олдини олишда қўшимча табиий восита бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ясмин чойини мунтазам миқдорда истеъмол қилиш организмнинг қанд моддасини қайта ишлаш қобилиятини яхшилайди, қон айланишини фаоллаштиради ва антиоксидант ҳимоясини кучайтиради.

Шундай қилиб, янги илмий изланишлар яна бир бор шундан далолат бермоқдаки, табиатнинг оддий неъматлари — чой, гиёҳ ва ўсимликлар — инсон соғлиғини сақлашда замонавий дори воситалари билан тенг аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Олимлар: ясмин чойи қондаги шакар ва ёғни камайтиради