
Бугун дўконларда турли хил ёғларни учратиш мумкин: кунгабоқар, сабзавот, зайтун, кокос ёки авакадо ёғи. Уларнинг барчаси ўзини фойдалироқ деб танитади, лекин аслида қайси бири соғлиқ учун яхшироқ? Профессор Нита Форуҳининг сўзларига кўра, ҳеч бир ёғ “мўъжизавий” эмас — асосий нарса уларнинг таркибидаги ёғ турларига эътибор беришдир.
Сабзавот ва кунгабоқар ёғлари кўп ҳолларда салбий фикрлар билан тилга олинади, аммо мутахассислар бунга қўшилмайди. Уларнинг таркибида зарарли тўйинган ёғлар жуда кам, соғлом ҳисобланган омега-3 ва омега-6 кислоталари эса кўп. Шунинг учун бу ёғлар юрак ва мия фаолияти учун фойдалидир. Бундан ташқари, улар арзон нархда бўлгани сабабли уй шароитида пишириш учун энг мақбул танловдир.
Маргарин илгари соғлиқ учун зарарли деб ҳисобланган, аммо ҳозирги замонавий маргаринлар таркибида ёмон транс-ёғлар деярли йўқ. Мутахассисларнинг айтишича, маргарин ёмон холестеринни камайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, сариёғни ҳам бутунлай тақиқлаш шарт эмас — уни оз миқдорда истеъмол қилиш мумкин, бироқ пиширишда ўсимлик ёғларидан фойдаланиш фойдалироқ.
Зайтун ёғи фойдали моддалар ва антиоксидантларга бой, аммо у чуқур қовуриш учун мос эмас. Сабаби, у юқори ҳароратда тез ёниб, аччиқ таъм ҳосил қилади. Шу боис, уни салатлар ёки тайёр таомларга қўшиш мақсадга мувофиқ. Чуқур қовуриш учун эса кунгабоқар ёки сабзавот ёғи энг яхши вариант саналади, чунки улар юқори ҳароратга бардош беради.
Мутахассислар таъкидлашича, соғлом турмуш тарзи фақат битта ёғ турига боғлиқ эмас. Энг муҳими — овқатланишни мувозанатда ушлаш ва ортиқча ёғ истеъмолидан сақланишдир. “Таъм ва нархни инобатга олиб ўзингизга мос ёғини танланг, аммо уни меъёрида ишлатинг”, — дейди профессор Нита Форуҳи.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!