date

Дон маҳсулотлари хотирани мустаҳкамлаб, ақл равшанлигини оширади

Дон маҳсулотлари хотирани мустаҳкамлаб, ақл равшанлигини оширади

“Food & Function” (F&F) журналида эълон қилинган янги илмий тадқиқот одамлар кундалик овқатидаги оддий дон маҳсулотларининг мия фаолиятига ижобий таъсирини яна бир бор исботлади. Мутахассислар фикрича, мунтазам равишда тўлиқ дон истеъмол қилиш инсонда когнитив қобилиятни оширади ва ёш ўтиши билан боғлиқ хотира пасайиши хавфини камайтиради, деб хабар берди pubs.rsc.org.

Тадқиқотда ўртача ёши 64 дан юқори бўлган 5000 дан зиёд иштирокчи қатнашди. Хитойлик олимлар уларнинг парҳез маълумотларини диққат, хотира ва фикрлаш тезлиги бўйича тест натижалари билан таққослашди.

Натижалар шундан далолат бердики, кунига тахминан 75 грамм тўлиқ дон маҳсулотларини истеъмол қилган иштирокчилар барча когнитив синовларда юқори кўрсаткичларни қайд этган. Улар енгил ақлий бузилишлардан 18 фоизга камроқ жабр кўрган. Айниқса, оғзаки хотира ва диққатни жамлаш қобилияти билан дон истеъмоли ўртасидаги боғлиқлик яққол кузатилган.

Олимлар бу ҳолатни дон таркибидаги фойдали элементлар — толалар, В гуруҳи витаминлари, магний ва антиоксидантлар билан изоҳлашди. Ушбу моддалар қон томирлари соғломлигини таъминлаб, нейронларнинг фаолиятини қувватлайди ҳамда мияни оксидланиш жараёнларидан ҳимоя қилади.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ҳатто парҳезда донли маҳсулотлар улушининг озгина ошиши ҳам кексайганда хотира, диққат ва фикрлаш равшанлигини сақлашнинг оддий, табиий усули бўлиши мумкин.

Шунингдек, экспертлар таъкидлаганидек, бу каби парҳез нафақат мия фаолияти учун, балки умумий соғлиқ ва юрак-қон томир тизими учун ҳам фойдали ҳисобланади. Улар аҳолини қайта ишланган маҳсулотлар ўрнига табиий тўлиқ донли таомлар — жавдар, сули, aрпа ва қора буғдойни кўпроқ истеъмол қилишга чақиришди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Дон маҳсулотлари хотирани мустаҳкамлаб, ақл равшанлигини оширади