Қишлоқда яшайдиган қайнона ва қайнотам ҳар йили қишни бизникида ўтказишади. Уч ой қарқара келин бўлиш менга, бобоси ва бувисининг эътиборида бўлиш фарзандларимга, ота-онаси ёнида бўлиши табиийки, турмуш ўртоғимга ёқади. Қайнонам невараларига бир нималар тўқиб ўтиради. Қайнотам китоб, газета ва журналлар ўқиш билан банд. Кечки пайт ҳаммамиз бир дастурхон атрофида жам бўлиб телевизор кўрамиз.
Фарзандларим ҳамма ёшлар яхши кўрадиган “Zo‘r.tv” каналидаги кўрсатувларни кўришади. Биз катталар информацион кўрсатувлар учун телевизор қаршисига йиғиламиз. Қайнонам “Наво” каналини кўргиси келади. Оиламизда сериаллар кўриш тақиқлангани учун, сериал бошланганидан бошқа канал уланади. Баъзан телевизор шунчаки қўйилганича ҳар ким ўз машғулоти билан бўлиб, нима кўрсатаётганига эътибор қилинмайди. Ҳамманинг оғзига тушган сериалнинг баъзи жойлари шунинг учун диққатимни тортади.
Ишхонада тушлик пайти қизларнинг асосий суҳбат мавзуси – туркиялик киноижодкорлар томонидан ишгланган “Севги изтироби” сериали. Шунинг учун бир қарашда ўнта қисм воқеаларини билиб оламан. Бир-икки қисмини кўриб, қайнонам бу сериални “Шарманда кино” деб номлади. Шунчаки кўрсатувлар орасида шу сериалнинг рекламаси бўлаётган бўлса ҳам “Ўчир, телевизорни, шармандаларнинг киноси бошланди”, дейди. Бор-йўғи саккиз синф ўқиган, кейин турмушга чиқиб, ҳаётнинг паст-баландини кўриб, умргузаронлик қилган қайнонамдан хурсанд бўламан. Агар бекорчиликда эрмак-да деб шу томошани кўраман деса, фарзандларим ҳам сериалга боғланиб қолиши мумкин-ку. Ахир, ҳозир уларнинг айни билим оладиган пайти.
Бир куни турмуш ўртоғим билан кечроқ машина тўхтатиб чиқиб олдик. Ҳайдовчи ва унинг ёнида бир аёл киши бор экан. Улар йўл-йўлакай мана шу сериал хусусида баҳслашиб келишди. Аёл киши жон куйдириб Ниҳон деган қизни оқлайди. Ҳайдовчи эса унинг айбларини гапиради.
– Барибир эрли хотиннинг бошқаси билан учрашиб юриши яхши эмас, – дейди ҳайдовчи.
– Улар расман эр-хотин бўлса ҳам умуман бирга яшашмаган. Шунчаки Ниҳон укаси учун мажбур бўлиб турмушга чиққан.
– Барибир ўша эр бўлади-ку. Мен Камолнинг ўрнида бўлсам, кунини кўрсатар эдим шу хотиннинг.
– Эййй, кинода бу…
Манзилга етиб тушиб қолар эканмиз, бу суҳбат менинг шууримда давом этади. Аёллар-ку, томошага ўч бўлишади. Эркаклар ҳам хотинлар билан сериалларни муҳокама қилишар экан-да. Қани эди бу муҳокамада “Шуям киноми?!”, “Мен бўлсам шу кинони гапириш тугул кўришга ор қиламан” деган гаплар бўлса…
Табиийки, бу сериалда иштирок этганларнинг ҳаммаси мусулмон фарзандлари. Исломда ёлғон никоҳ деган тушунча йўқ. Никоҳ оила дегани. Оила бирга яшаш, аёл эрнинг олдидаги, эр аёлнинг олдидаги ҳуқуқлари ва бурчларига итоат қилиши керак, дегани. Агар укасининг жиноятини яшириш учун шунчаки турмушга рози бўлган бўлса, бу аёл икки карра гуноҳкор. Аслида, жиноят бекитилмайди. Ука касалми, соғми, жиноят қилганми, йўқми қонун билан иш кўрилиши керак. Битта ёлғон никоҳ қанча гуноҳ ишларга сабаб бўляпти. Аёл эрга айтмасдан уйдан чиқиб кетса, у қайтгунича лаънат ёғилиб туриши айтилади динимизда. Бу кинода бирор аёл эрдан сўраб кўчага чиқмайди. Ҳатто норози бўлса ҳам уйдан чиқиб кетаверади.
Икки номаҳрам ўртасида ҳеч қанақа муносабат бўлиши мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон яхши билади. Бизга кўрсатилаётган томошада Камол деган киборнинг Лайло деган аёл “дўсти” бор! Кимдир бошқа киши билан танишса, севишса, дарров зино қилаверади. Менимча номаҳрамни шунчаки қучиш ҳам зинога киради, валлоҳи аълам. Бир ўйлаб кўрайликчи, шу кинода ҳар хил ишлар қилиб юрганларнинг қайси бири ҳалол иш қиляпти? Энг ёмон томони ҳар бир зинокор бизга ижобий образ қилиб кўрсатилади. Мана, энди салбий қилиб кўрсатилаётган образларни қўйиб, ижобийларини кўриб чиқамиз. Камол деган йигитнинг қалбини ҳасад ва кибр эгаллаб олган.
Бировнинг хотинининг хаёли билан яшайди. Айтишларича, бошида танишганидаёқ Ниҳон билан ёлғиз кемада сайр қилиб келади. Икки номаҳрам бирга қолган жойда учинчиси шайтон бўлиши ҳаммамизга маълум. Номуносиб қадамдан бошланган севги хариш ишларга сабаб бўлаверади. Ҳамкасб қизлар бир куни Ниҳон ўз жонига қасд қилди деб куйиб-пишиб қолишди. Нима эмиш, эри ётоғига чақирса, ўзини баланддан ташлабди. Қизлар шундай бу қизнинг эридан нафратланишдики… Яна шу жойда ҳам Камол деган кас ҳозиру нозир бўлиб уни ўлимдан асраб қолармиш. Ана сизга муҳаббат!
Ниҳон деган қизнинг қайси бир иши ижобий? Нега у жабрдийда қилиб кўрсатилиши керак. Уни қайси томонлама оқлай оламиз? Энг ёмони ҳамма томошабин уни яхши кўриб қолган. Зўр бериб уни оқлашга уринади. Агар ростдан жардийда бўлса, нега ё эридан талоқ сўрамайди, ё севганидан воз кечмайди? Бу аёлга нафақат икки эркакнинг, барча эркакларнинг назарида бўлиш ёқса керак. Бўлмаса, ҳатто хафа ҳолатида ҳам лаб-лунжи шишиб, тиззадан калта либосда изғимас эди.
Яна бир талай Зайнаб, Асу… Менинг эсимга келмаётган кўпгина образлар бор. Бирортасининг тайинли иши йўқ. Ҳаммаси ўзгаларнинг ҳаётини таҳлил қилиш, бировнинг гапини пойлаш, бировни бировга чақиш билан овора. Бирортаси йўқки, кел ўзимни ўзгартирай, ҳаловатда яшайин, дейдиган. Бунисининг турмуши бузилишидан наригиси наф кўради. Бунисининг ҳаёти бошқа бирига халал беради…
Мен бу сериални юқорида таъкидлаганимдай, тўлиқ кўрмаганман. Лекин воқеалар узуқ-юлуқ бўлсада кўрганимдан, эшитганимдан менга ойдин. Шулар ичида бирорта ўрнак бўларли, мана яхши томони ҳам бор экан, барча ёмон томонларини ёпиб кетади, дейдиган лавҳа йўқ. Ушбу қораламаларни ёзишдан аввал интернетга кириб, факт қидирдим. “Кара севда” дегани “Қора савдо” экан. Яъни бошига ёмон савдолар тушган тақдирлар ҳақида экан. Бу сериал ҳақида туркиялик журналист “Бузғунчининг тегирмонига сув қуймаймиз” деб мақола ёзган экан. Англашимча, бу мақолада шу сериал таҳлил қилиниб, биз бу сериални кўришга, экранларда намойиш этилишига қаршимиз, дейилган. Яъни хонадонларимизга бетаъсир томошаларни кириб келишига йўл қўймаймиз, деган.
Энди бу сериал ёшларимизнинг севимли каналида таржима қилиниб эфирга узатила бошланди. Биз биров ҳовлисидан кураган қорни ўз ҳовлимизга сочган бўлиб қолмаяпмизми? Бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Катта-катта маблағлар эвазига сериал сотиб олинади, таржима қилинади, овозлаштирилади ва эфирга узатилади. Нега биз ўз элида иззат топмаган сериални фарзандларимизга кўрсатишимиз керак? Нима учун биз бузғунчилар, қайнонамнинг тили билан айтганда “шармандалар”ни томоша қилиб вақт ўтказишимиз керак? Санайверсак, “нега”ларнинг сони кўп. Бир куни менга бир танишим “Нега доим шу хусусий канлалардаги кўрсатувлар учун куйиб-пишиб ёзиб юрасиз? Улар капитали бор одамларнинг мулки. Маблағ сарфладими, ундан даромад кўриши керак. Сиз айтмасангиз ҳам танқидчилари кўп”, деб қолди.
Тўғри, хусусий дўкони бор одам четдан нима олиб келиб сотса, ҳаққи бор. Хусусий телеканали бор одам қандай томоша кўрсатиши ўзига ҳавола. Лекин… Мана шу жойи мени кўп қийнайди. Бир оиланинг ажралиш иши маҳаллада кўрилаётган экан. Фаоллар сафида мени ҳам чақиришди. Бориб, воқеани ўргандик. Оилада ҳамма иш сериаллар кўриладиган вақтга қараб қилинар экан. Келин сериаллар ишқибози экан. Сериал кўраётганда безовта қилиб бўлмас эмиш. Сериалдаги Ниҳон деган қизнинг тақинчоқларию кийимларига ҳавас қилиб кийинар эмиш.
Тўғри бу кийимларни унинг онаси олиб бераркан. Куёв томонга оғири тушмабди. Бироқ куёв таъқиқлаган калта-култа кийимлар, пардозлар билан қиз сўроқсиз кўчага чиқиб кетаверар экан. Табиийки, қайнона бу ҳақда ишдан келагн ўғлига айтади. Мана энди қўйди-чиқди. Бу бир оилада бўлаётган гаплар. Яна бир ҳолат яқинда бир азадор хонадонга бордик. Аёллар йиғинида марҳуманинг қариндошларидан бири “Йиғи-сиғини тўхтатинглар, “Ёсин” сурасини ўқийман, иши борлар бораверсин, қолганлар хотиржам ўтириб эшитинглар”, деди. Шунда икки аёл туриб кета бошлади. Бирининг сериал кўрадиган пайти экан. Бири узоқ ўтирса бели оғриркан…
Она сифатида фарзандларимнинг қўл телефонларини текшириб тураман. Кечалари ўзим билан олиб кириб кетаман. Институт талабаси бўлган қизимнинг ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларини кўриб чиқдим. Аксарият қизлар ўз сурати ўрнига “Севги изтироби”даги лавҳаларни қўйиб чиққан. Демак, шунча қизлар, эртага бир оилани обод қиладиган, она бўлиб бешик тебратадиган қизларимиз учун кимлар ўрнак эканини билиб олдим. Тўғри, ҳамма қизлар ёппасига ёмон эмас, ким ҳавас билан ким бошқаларга эргашиб, ким азбаройи чиройли қиз бўлгани учун шу қизнинг расмини қўйгандир.
Лекин биз оналар профил дегани сенинг юзинг, расминг тармоқларда тарқалишини истамасанг, бошқаларнинг расмини ҳам ўзингга ўрнак қилма, деб ўргатишимиз керак. Лицей ўқувчиси бўлган ўғлимнинг ўртоқларининг аксарияти эса Амир деган йигитни “кумир” қилиб олишган. Бу хусусда ўғлим билан гаплашиб кўрдим. “Ҳамманинг ўз идеали бор. Ўртоқларим Амирни ўта ғурурли йигит деб билишади. Ҳатто юриш-туришига, кийинишига, телефон ушлашигача тақлид қиладиган болалар бор”, дейди у.
Ота-онаси индашмасмикан, десам, оналари билан бирга муҳокама қилишар экан, деб жавоб берди. Ҳамма сериал кўрадиган, фарзандлари билан муҳокама қилаётган аёлларни қоралаш фикридан йироқман. Лекин, қайси бири қачон фарзандига охирги марта китоб ўқиб берганини эслай олармикан? Бирорта ҳадисни ёки оятни шу сериал кўрадиган вақтимизда ўрганамиз деб айтармикан? Агар ҳам тарбия, ҳам маънавий ҳордиқ сифатида кино кўрилаётган бўлса, мени маъзур тутсинлар.
2017 йилнинг бошларида Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига сафар қилди. Аҳолининг яшаш тарзи, ижтимоий аҳволини ўрганди. Шунда энг кам таъминланган хонадаонлардан бирида бўлгани эсимда. Рисоладагидай оила. Кам таъминлангани боис маҳалладан ижтимоий кўмак олиб туради. Ҳовли бор, ер, бор, сув бор. Президентимиз шунда ҳозир сериал кўриб ётадиган пайт эмаслигини, ишлаган, ҳаракат қилган одам ҳар замонда тегадиган ижтимоий ёрдамга қараб ўтирмай ўзи учун ҳаракат қилиши лозимлигини айтгани эсимда. Нега шундай қилмаймиз.
Нимага бировларнинг ҳаёти, айтиш мумкин бўлса, чиркин ҳаёти учун куйиб-пишамиз, улардан фарзандларимиз ўрнак олади. Ижтимоий тармоқларда ўн беш ёшли қиз она бўлди, ўн тўрт ёшли қиз ҳомиладор экан, деган хабарлар тез тарқайди. Буларнинг ҳаммаси уйимизга экранлар орқали кириб келаётган томошаларнинг таъсири эмасми? Ахир қуш уясида кўрганини қилади, деган гап бор. Соф исломий тарбия олаётган хонадонларнинг бирортасида шу каби томошалар қўйилармикан? Фарзандларимизга кимлар ибрат бўляпти? Бу каби саволларга ўзимиздан жавоб излаб кўрайлик.
Кўраётганларимиз онгимизда, шуримизда айланавериб, кўникиш, у ҳақда хаёл суриш сингари таъсирларини беради. Буни психологлар яхши тушунтириб беришади. Фарзандларимиз ҳам экранларда нима кўраётганига қизиқиб кўрайлик. Ҳамма шароитни яратиб берганман, деб хотиржам бўлмайлик. Экранлардан хонадонларимизга кириб келаётган қора савдолар бизнинг бошимизга тушмасин.
Манзура ШАМС
Манбa: azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»