Икки кун ичида ит билан дўстлашиб қолдик. Мен унга «Шарик» деб лақаб қўйдим. ҳамроҳим сира ёнимдан жилмас, олис-олислардан шубҳали товуш қулоғига чалиндими, тамом, дарҳол ташқарига чопиб чиқиб вовиллай бошларди.
Кун пешиндан оққанда кўзим илинган экан. Тўсатдан уйғониб кетдим-у, чап ёнимга ўгирилдим. Негадир ит кўринмасди. Ташқарида бўлса керак, деган хаёл билан бирпас жим ётдим. Аммо Шарикнинг товуши келмади.
Безовталаниб жонҳолатда ташқарига отилдим. Афсуски, у йўқ эди.
— Шарик!.. Қаердасан, Шарик?.. — пастроқ овозда уни чақирарканман, уйча атрофини айланиб чопар, юрагим қўрқувдан дир-дир титрарди.
Шу кўйи орадан ярим соатча вақт ўтди. Мен тасодифий ҳамроҳимдан буткул умидимни уздим.
— Ҳа, ўзи шунақа, — ўйлардим алам билан лабимни тишлаб. — Итлар ҳам одамларга ўхшаркан-да! Қорни тўйди, совуқдан ўлмади. Энди ҳақиқий эгасини қидириб кетгандир-да!..
Бошимни эгганча ичкарига кирдим. Бир четда юмалаб ётган консервага боқдим. Йўқ, ҳеч нарса ейишни хоҳламасдим. Хўрлигим келиб, тўйиб-тўйиб йиғласам дердим…
* * *
Бир маҳал… Ташқаридан Шарикнинг вовиллагани қулоғимга чалингандай бўлди.
Ҳовлиқиб ташқарига чиқдим. Не кўз билан кўрайки, қадрдоним икки-уч метр нарида турар, олдида каттакон бир қуш думалаб ётарди.
Шарик мени кўрди-ю, югурганча келиб оёғимдан тишлаб тортқилай бошлади.
— Оббо сен-ей! — кулиб юбордим унинг юнгларини сийпалаб. — Қуш овлаб келибсан-да!.. Мен бўлсам, сендан айрилиб қолдимми деб ўтирибман.
Итнинг хоҳишига бўйсуниб қушни қўлимга олдим. Ҳа, бундай қушларни илгари ҳам кўрганман. Мана шундай гўштдор бўлишади. Агар шўрва қайнатилса, жуда мазали бўлса керак.
Шоша-пиша уйчага кириб пичоқ олиб чиқдим ва қушнинг бошини кесиб, ҳаш-паш дегунча патларини юлиб олдим.
— Ие, бу нима?.. — қушнинг танасини икки бўлакка ажратаётиб, ичидан майда-майда, ялтироқ тошчасимон қаттиқ буюмларга кўзим тушди. — Қизиқ, сап-сариқ, ялтироқ… Тўхта, бу тилла эмасми? Бошқа тошлар сариқ бўлмайди. Ҳа, тиллага ўхшайди… Адашмасам, авваллари кимдандир эшитганман. Айнан шу қушлар Приобьи, Нижний Тагиль тарафлардаги кичик дарёлар соҳилларини кезиб тилла зарраларини ютишаркан. Бу ер қайси жой? Нижний Тагильми, Приобьими?.. Наҳотки, дарё яқин бўлса?..
— Шарик, — дедим итнинг бошини силаб. — Иккаламиз ҳозироқ овга чиқишимиз лозим. Агар шу қушлардан ўн-ўн бештасини тута олсак, омадимиз келди деявер. Бойиб кетамиз. Бир ҳовуч тилламиз бўлса, биласанми, нима қиламиз? Уй қурамиз, машина сотиб оламиз… Кетдик!
Ит ҳам гўё мени тушунгандек, ортимдан эргашди.
* * *
Ўрмон ҳам гўзал, ҳам қўрқинчли эди. Мен умримда кўрмаган ботқоқликлардан кечиб ўтишга маҳкум эдим. Яхшики, Шарик олдинда борар, мен фақат унинг изидан юрардим.
Йўл-йўлакай майда-майда, қип-қизил ўрмон меваларидан, кедр ёнғоқчаларидан тўйгунча едим. Ботқоқлик устида ўсиб, бутун ўрмонга кўрк бағишлаб турган гулларга боқиб кўзим яшнади.
Шу кўйи биз ўн чақиримча йўл босиб, ниҳоят кичик бир дарё бўйидан чиқдик.
Шарик соҳилга етганимизданоқ, уёқдан буёққа чопиб соҳилда кезиб юрган қушларни қувлашга тушди.
У қувлаганда ҳам жуда эҳтиёткорлик билан, ҳақиқий овчиларга хос ҳаракатларни содир этарди. Қайси қушни мўлжалга олса, аввал эмаклаб унга яқинлашар, пайтини топдими, кутилмаганда ташланиб, таппа босарди.
— Ҳа, оддий жайдари итлар бу ишни бир умр уринганда ҳам қила олишмайди! — кўнглимдан ўтказдим мен. — Буни боқиб олган одам эринмай овга ўргатган экан-да!.. Қара, ҳар бир ҳаракати ҳисоб-китобли!.. Мен шу икки метр бўйим, билагим тўла куч билан ҳам бу қадар ов қила олмайман…
Кўз очиб юмгунча у қушларнинг олтитасини чалажон ҳолатда оёқларим остига келтириб ташлади. Мен ҳам қараб ўтирмай, қушларнинг бошини кесиб уйчадан топган халтачага жойлаб қўйдим.
Бу кеча биз Шарик билан ростакамига зиёфат уюштирдик. Қушларнинг ҳаммасини қозонга босиб димлама пиширдик.
— Энди, тилсиз дўстим, шу атрофдан бирор кимсани топсак ёмон бўлмасди. — дедим ташқарига чиқиб учқунлай бошлаган қорни кузатарканман. — Бу кетишда сўзлашишни унутиб юбориш ҳам ҳеч гапмас. Сен ёнимда экансан, мушкулим осон бўлишига аминман. Майли, ҳозир ётиб ухлайлик! Эрта тонгда йўлга тушамиз.
* * *
Эрта тонгда — ҳали ерга ёруғ тушиб-тушмасдан мен Шарикни ёнимга олиб йўлга тушдим. Тағин ботқоқликлар, чакалакзорлардан ўтишга тўғри келди. Дарёга етгач, ўнгга қараб юрдик. Тўғри, чор атроф қалин ўрмон, бирор уй ёхуд чайла кўзга ташланмасди. Аммо сезардим. Дарё оқиб ўтибдими, демак, бизни одамлар яшайдиган жойларга олиб бориши тайин.
— Эҳтиёт бўлишим зарур, — ўйлардим ўзимча. — Нима бўлгандаям турмадан қочганман. Ёмонларга дуч келсам, сотиб қўйиши мумкин. Шундай экан, мен башарти кимнидир учратган тақдиримда ҳам олдин яхшилаб текшириб олишим лозим.
Биз Шарик билан тахминан ўн чақиримча йўл босдик. Охири чарчаб оппоқ қор устига ёнбошладим. Қорним таталаб, ортиқ йўл босишга ҳолим етмасди.
— Кел, манави қушларни пишириб тамадди қилайлик! — дедим рўпарамга келиб чўнқайган Шарикка қараб. — Ўзингниям тилинг осилиб қолибди. Яхшилаб овқатлансак, йўл юриш осон кечади.
Олтита қуш ичидан чиққан тиллаларнинг вазни сезиларли даражада эди. Уларни йиғиб латтага ўрадим-да, чўнтакка жойладим. Шундан сўнг олов ёқиб, чўғида новдага бўлак-бўлак ҳолда териб чиқилган қушларни пишира бошладим.
* * *
Шу пайт қаердандир милтиқнинг гумбурлаган овози қулоғимга чалиниб, ҳушёр тортдим ва қўлимдаги гўштни бир четга қўйдим-да, қулоғимни динг қилдим.
Милтиқ товуши ўрмон ичкарисидан келаётганди.
— Юр, одам борга ўхшайди ўрмонда! — Шарикни турткилаб туришга ундадим. — Балки, шу одам жонимизга оро кирар? Бу аҳволда иккимиз адойи тамом бўламиз!..
Шарик олдинда чопиб, гўёки менга тўғри йўлни кўрсатиб борар, ҳар милтиқ гумбурлаганда вовиллаб қўярди.
Биз ботқоқликни айланиб ўтиб, сўқмоқ бўйлаб боравердик. Милтиқ овози ҳам анча яқиндан эшитила бошлади.
Ботқоқлик тугаб, чакалакзорлар бошланганда иккимиз ҳам тўхтадик. Чунки, биздан эллик-олтмиш қадам нарида — оқ қайин дарахти остида семиздан келган, серсоқол, бошига жундор телпакни бостириб олган бир қария ўтирар, қўлидаги милтиқни дарахт тепасида чуғурлашиб учаётган қушларга тўғрилаш билан овора эди.
У бизни кўрди-ю, даст ўрнидан туриб, милтиғини тўғрилади.
— Тўхта, отаман! — бақирди қария тобора ортга чекиниб. — Тўхта дедим!
Мен юришдан тўхтаб, унга қўл силтадим.
— Отахон, ундай қилманг! Биз адашиб қолдик! Бизга ёрдам беринг!
Қария шу гапимдан сўнг милтиғини ерга ташлади.
— Яқинроқ кел! — буюрди у соқолини тутамлаб. — Агар кўнглингда ёмонлик бўлса, ўзингдан кўр! Сендайларнинг кўпини кўрганман!
Мен Шарикни етаклаганча қарияга яқин бориб сўрашиш учун қўл чўздим.
— Қаердан келяпсанлар? — сўради у совуққонлик билан.
— Ота, адашиб қолдик. — ёлғондан тушунтира бошладим унга. — Неча кундан бери йўл тополмай ҳалакмиз. Илтимос, ёрдам беринг!
— Қайси турмадан қочгансан? — кутилмаган саволни эшитиб, рангим ўзгарди ва аста ўрнимдан қўзғалишга тутиндим.
— Қўрқма, — деди қария мийиғида кулимсираб. — Сотмайман. Ростини айтавер!
— Турмадан қочганимни қаердан билдингиз? — сўрадим ундан чўчиётганимни сездирмасликка уриниб.
— Ие, мени гўл деб ўйлаганмидинг? Ана, эгнингдаги кийим турманики-ку!
Мен эгнимга разм солдим. Ҳақиқатан, қалин костюм ичидан турма кийими аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
Нима қилишни билмай, айбдорона бош эгдим.
— Э, болам, шу ишни бекор қилибсан. — деди қария Шарикка зимдан разм солиб. — Ие, буни қаердан топдинг?
— Итними?
— Ҳа-да! Бу Зинаида раҳматлининг овчи ити-ку!..
— Билмадим… — жавоб қилдим елка қисиб. — Ўзи мени топди.
— Эҳ, Зинаида, Зинаида!.. — қария оғир хўрсиниб Шарикка қўл чўзди. Бироқ ит ириллаб ўзига қўл теккизишга қўймади. — Қара-я, бир ой кўрмаганига дарров бегонасираяпти.
— Эгасини яхши танирмидингиз? — сўрадим ёнимга келиб суйкала бошлаган Шарикни маҳкам қучиб.
— Ҳа, танирдим. Бечорани ўрмонда айиқ ғажиб ташлабди.
— Айиқ? Қ-қанақасига?..
— Ўғлим, буни Тайга деб қўйибди. Йиртқич тўлиб-тошиб ётибди. Зинаида ҳам ичкилик деса ўзини томдан ташларди. Кайфда ухлаб ётган айиқни уйғотиб юборибди. Айиқ… Уларни уйғотиб бўлмайди. Уйғотдингми, ўлдим деявер!..
— Ит-чи? Бунга тегмабдими?
— Қочиб қолгандир-да! Ҳарқалай, буям ўзимизга ўхшаган. Яшашни истайди. Жон ширин.
— Жуда ақлли ит экан. — дедим Шарикка ҳавас билан боқиб. — Мени очликдан қутқариб қолди. Тезда дўстлашиб ҳам кетдик.
— Бўпти, қани, энди танишайлик. Отинг нима?
— Мурод.
— Меники Савелий.
— Ота, илтимос, ёрдам беринг! — дедим қарияга умидвор тикилиб. — Ростини айтсам, ўрмонда юриш жуда оғир кечяпти.
— Миллатинг нима? — сўради қария менга шубҳа аралаш боқиб. — Кавказликларданмисан?
— Йўқ, ўзбекман.
— Ўзбек?.. Яхши, ким бўлганингдаям менга барибир. Фақат… Ёмонлик қилишни хаёлингга келтира кўрма! Акс ҳолда ўзингга жабр бўлади.
— Мен яхшиликни унутадиганлардан эмасман, ота!
— Хўп, ишондим. Энди бундай қиламиз… — Савелий амаки атрофни кузатган бўлди-да, базўр эгилиб қўлига милтиғини олди. — Сенларни чайламда қолдириб тураман. Қиладиган ишларим бор.
— Балки, менинг ёрдамим керакдир?
— Йўқ, керакмас. Ўзим амаллайман. Қани, кетдик! Вақтни бекорга ўтказиш ярамайди!
Шарик иккаламиз Савелий амакига эргашдик.
* * *
Савелий амакининг уйига жуда тез етиб бордик. Йўғон қайин дарахтидан қурилган бу уй мен яшаган уйчага нисбатан тартиблироқ эди. Ўртага хонтахта. Хонтахта устида нон, қовурилган гўшт қўйилган.
— Қорнинг ҳам очгандир? — сўради қария бир четга индамайгина келиб ётиб олган Шарикка табассум билан қараб қўяркан.
— Йўқ, — бош чайқадим мен. — биз йўл-йўлакай тамадди қилгандик.
— Нима тамадди қилдинг? Нонми?
— Ит менга қушлар овлаб берди. — мақтаниб қўйдим. — Икковлашиб пиширдик.
— Шунақами? Олтин ҳам топгандирсан унда?
— Олтин? Қаердан?
— Қушларни дарё бўйидан овлаган бўлсанг, демак, олтин ҳам топгансан.
— Сиз буни қаердан биласиз?
— Эҳ, сен!.. Ахир, мен бу ўрмонни эллик йилдан бери деярли ҳар куни кезаман!.. Олтининг бўлса, эҳтиёт қил демоқчиман.
— Тушундим…
Биз Савелий амаки билан ярим тунга қадар гаплашиб ўтирдик. Ундан ўрмоннинг кўплаб сир-синоатларини билиб олдим. Ажабланарлиси, милтиқ отишининг сабабини эшитганимда ҳайратдан қотиб қолдим. Айтишича, ўша Зинаида деганларини ёқтираркан. Аниқроғи, тез-тез уникига ташриф буюриб, биргаликда қўлбола ароқ ичиб тураркан. Ўлимидан сўнг ҳар куни ўрмон кезиб қотил айиқни қидирадиган бўлибди. Шунинг учун милтиқ отиб ўрмонни айланаркан. Лекин ҳамон айиқни учрата олмабди.
— Бўпти, энди ётиб ухлайлик! — деди ҳикоясини якунлаб қария. — Эртага сенга бир гап айтаман.
— Хўп бўлади!..
Мен Шарикка бир қараб олдим-да, ухлаётганига амин бўлгач, кўзларимни юмдим.
***
— Бугун қор қалин бўлади. — деди Савелий амаки эрталаб булутли осмонга тикилиб. — Пайқадингми, ҳаво илиқ тус олибди?!.
— Ҳа, пайқадим. — жавоб қилдим мен. — Лекин…
— Энди гапларимга яхшилаб қулоқ сол, қаҳрамон. — Савелий амаки елкамдан тутиб мени ичкарига бошлади. — Мана, сен билан гаплашдим, кимлигингни англаб етдим. У қадар ёмон йигитга ўхшамайсан. Ҳа энди… Турмагаям фақат ёмонлар тушавермайди-ку!.. Хуллас, сен бола менга ёқдинг. Шунинг эвазига сени бугун бир аёл билан таништириб қўяман. Нима дейсан?
— Қанақа аёл? Тушунмадим…
— Енгилтабиат аёл бор. Исми Таня. Ёши… Хотирам панд бермаётган бўлса, қирқлар атрофида. Ёлғиз яшайди. Ўшанинг ёнида бўлсанг, ҳар ҳолда пича нафас ростлайсан. Унгача сенга янги паспорт тўғрилаб бераман ўзим.
— Паспорт? Нега?..
— Оббо, эзиб юбординг-ку ўзинг ҳам! — қўл силтади қария. — Ҳужжатинг йўқ-ку ёнингда! Қолаверса, қидирувдасан. Буёғини ўйладингми?
— Ҳа-я, — бош қашиб олдим мен. — буёғини ўйламабман.
— Ёшсан-да, йигит, ёшсан! Яхшики, менга рўпара бўлдинг. Бирор баттолга дуч келсанг борми, аллақачон турмада ўтирган бўлардинг.
— Худо асрасин. — ичимга туфлаб-туфлаб қарияга савол назари билан боқдим. — Сиз айтган… Аёл-чи? Сотиб қўймасмикан?
— Гўрга сотармиди? Эркакка зор бўлиб ўтирибди-ку!.. Сотиш дейсан-а!.. Сени одамбашара қилиб қўяди. Янги кийимлар беради, кирларингни ювади, мазали овқатлар пишириб беради. Қайғурма, мен ҳужжатни бир ҳафтада тайёрлаб ташлайман. Фақат… Ёнингдаги олтинни беришинг керакка ўхшайди. ҳарқалай, паспортни текинга тутқазиб қўйишмаса керак.
— Майли, бераман. — дедим шундай меҳрибон одамга йўлиққиним учун ич-ичимдан қувониб. — Мана, олинг, ота!..
— Хўп, энди йўлга тушайлик!
— Узоқ юрамизми?
— Йўқ, тахминан ярим соатларда етамиз.
— Кечирасиз, ота, бир нарса сўрамоқчийдим. — дедим сал иккиланиброқ.
— Нимани сўрайсан яна?
— Бу ерлар қаер ўзи? Сира аниқлай олмаяпман.
— Бу ерларми? Нижний Тагил дейилади. Эшитганмисан шунақа жойни?
— Ҳ-ҳа… Эшитгандайман.
— Унда олдимга туш! Қор учқунлагиси келяпти. Тезроқ етиб олайлик!..
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади