— Бугун қолинг бизникида, — деди Салима.
— Йў-ў-ўқ, бормасам болалар бор…
— Майли, уларни тинчитиб, бир-икки кун қоладиган бўлиб келинг.
— Мана бу бир яшик помидорни олиб кўйинглар, қизлар, — атрофга мурожаат қилди Каниза ва бир яшик помидорни даст кўтариб, қўшни бозорчи хотинлар ёнига келтирди. — Шуниям сотиб кўясиз.
— Вой, товба, ўзимники турибди ҳали, ҳозироқ автобусиз кетмайди-ку, — эътироз билдирди бозорчи хотин.
— Кетади, — деди қатъий Каниза, халтасини тез олиб Салима опа билан чиқиб кетишди.
— Сомса еймизми? — деди хомтама бўлиб Салима, иссиққина сомса олдидан ўтишаркан.
— Майли, — ўша ёққа бурилди Каниза.
Улар сомса ейишга тушдилар. Иссиқ кўк чой ичиш-ди. Канизанинг ичига иссиқ югурди. Жони ором олди. Елкасининг оғриғи ўз-ўзидан барҳам еди. Эзиб ёмғир ёғмокда эди.
— Канизахон, менинг гапимга кирсангиз, кам бўлмай-сиз, — чой ҳўпларкан сўз қотди Салима.
Каниза хўп бўлади, дегандек бош ирғади. Ҳозир унинг хаёли Салимада эмас, кеча тунда оғриб ётиб «Э, ҳозир бировга биров пул берадими, инкубассага бало борми?» деб ўйлаганди, у ҳам алдайди-да, ҳеч бўлмаса эллик минг берса экан, деганди. Демак, берар экан. Каниза нимадан қўрқади? Ўша мишиқи эриданми? Ўша ҳайдаб чиқарган қайнона-қайнотасиданми? Ўтаверсин, Каниза билганини қилади. Қай бири меҳрибончилик қилиб оёғига иссиқ этик, устига минг йилдан бери етинмай юрган жемперни кийгизиб қўйди?и Қайси бири? Ким унга ўн минг пул бериб қўйибди? Ўша опасими, мактабни ман-ман деган директорининг хотинчаси? Дадасими, номига фермер? Қайси бири? Тошини тераверсин.
Салима Канизага ҳайрон боқди. Гапимни эшитмади, шекилли, деб ўйлаб яна қайтарди:
— Канизахон, мен бир нарсани билмасам қилмайман. Ақлингиз етгандир-а, қанақанги одамлар оғиз очяп-ти…
— Бўпти, — деди Каниза. — Турдик.
Сомсанинг пулини секинроқ юриб борса-да, ноилож Салима тўлади. «Пишшиққина бор, бу қишлоқи ўлгур, — кўнглидан ўтказди у. — Ҳали бу қирчанғи адабгинангни бермаса эди, Нозима қўшни. Нима қилсин, Нозима қулоқ-миясини еб қўлига беряпти. Эридан кўра бу астойдил. Тинчгина ўтирибсан, сенга нима-я, хом сут эм-ган банда. Эринг айтганда ҳам нафасини ўчирмайсанми? Ишқилиб, бу гадо кунингни кўрсатмасада!»
Бу гапни Нозима уч-тўрт ойдан бери оғзидан қўймайди. Ен қўшниси эмасми, чиққани-чиққан. Ўтган йилдан бери ҳаракат қилишади, тузукроқ бир хотин топилмайди. Битта-иккита топганлари эрига ёқмаяпти. Ҳожи ўлгурни кўнгли анча-мунча битлиқини хоҳламайди. У кишим афифасини қўмсайдилар. Туғиб берса бўлди-да. Чиройига нон ботириб ермикин? Нима дейсан энди? Болалар уйидан битта-яримтасини олиб, боқиб олишса бўладику. Унга ҳам ноз қилишади. Ҳаром-саром болалардан ким чиқади-ю, ким бўлади, деб ўйлашади.
Мана шу қорамағиз қишлоқини пошшомизнинг кўнгиллари тусаб қолибди. Бугун бир кун уйига эрта борай деб борган эди, яна Нозимахоним сепини ёйди. Қўшнинг тинч, сен тинч деб шуни айтишса керак-да. «Кечаги совуқдаги аҳволини қаранг, мана буларни олиб боринг, унамаса унамасин, хайри Худо, ўзим бир кийиб, киймай қўйганман» деб қўярда-қўймай жўнатди. Яна ўн минг сўм бергани-чи? Салимага бермайди. Йўқ, Салима, ношукур бўлма. Қўшни бўлса шунчалик бўлади. Нафсламирини айтганда, қўшниси иккови ҳам яхши, умрларини берсин.
Салиманинг куйганики, Нозиманинг егани олдида, емагани ортида, шаҳзодадек суқсур бойвачча эрининг давру давронида тиллоси бижиб, айтгани-айтган, дегани-деган даврон суриб юрибди. Эри бола, фарзанд деб ўлиб қолаётгани йўқ. Нозимага нима бало экан? Эринг айтганда ҳам алда, қучоғини бўшатма, жувон ўлгур. Оғзингдаги ошингни олдириб ўтирсанг эди, ҳали мулла мушук бўлиб. Қаёкдан биласан, бу бозорчи қишлоқилар нима ўйлаб, нимани нетиб юришибди? Мол сиртидан ялтиллаб кўринаверади. Худо билади, ичида нима бор? Одамларга ҳам ҳайрон қоласан. Нималарни ўйлаб, нималарни қилишмайди-я? Қилса, қилсин-е, Салимага нима? Ўзла-ри қилиб, шўрига шўрва тўкиб ўтиришмаса бўлгани. Мол-давлат нималар қилмайди. Ичларини гупуртираётган бўлса керакда.
Салима пулни тўлаб, ошхона айвони олдида ёмғирдан сақланиб турган Канизанинг олдига келди.
Ҳали автобусга анча бор, айланаман, — деди Каниза.
— Майли, мен борай. Эгачим кутиб ўтирибди. Хурсанд бўлди, деб айтиб кўнглини тинчитиб қўяман, — хайрлашди Салима.
— Кейин яна берадими? — сўради Каниза.
— Беради, сиз менинг гапимга киринг, ҳали шундай берадики, бу нима? Эртага қоладиган бўлиб келинг. Оши-ғингиз олчи.
— Билмадим, аммо келаман…
Салима кетди. Каниза у берган пулни халтадан олиб, ичкарига жойлади. Ўзининг пулини санади, бир минг икки юз сўм ишлабди. Бугун дови ёмон эмас. Болалари-нинг камини олсинми? Олмайди. Отаси бор, олсин ўша. Ўн мингни топиш осонми? Сентябрда опаси уч мингга олмади. Мана пул. Бугун тўппа-тўғри қайнонасиникига борсинмикин? Э, нима қилади, ўша писмайган қайнона-синикида? Эшикдан кириб борди дегунча, қарзларидан гапиради, пулдорлардан гап очади. Эпласанг фермер бўл. Ана, Қўзи тоға ҳам фермер. Ҳамма ёғи пул. Турди кал тоға ҳам фермер, пул битлаб ётибди. Булар бўлса, унга пул берган, бунга пул берган, планини бажаролмай тўла-ган, яна алламбалолар.
У ёмғирдан қочиб, айвонли қатор дўконлар пештахталарини айланиб юрди. «Пулни маҳкам қил, бир тийинини ҳам сарфлама» дерди ўзига ўзи. Одамлар худди унга қараётгандай, ундан кўз узмаётгандай туюлар, тез-тез жемперининг барлари ва оёғига қарарди. Худо бериб, бойиб кетса-я?! У хаёлан шоҳона қасрларда шоҳо-йимдек кезинар, ўзи билган, алам ўтказган одамларни, йўқ, бутун дунёни оёғини ўптириб, бурнидан ип ўтказиб, пойига чўктирарди.
Бугун у атай қайнонасиникига кириб ўтади. Куйсин ўша мочағар. Шунақа ўғил туғмай, тўнғиз қўпгур. Билади, у нима дерди? «Уйингларни ўғнасаларинг бўлар эди» деб пинғиллайди-да. Каниза бармоқларини жамлади: «Ҳаа, ўғнайди-я! Ўғнасин ўша ҳўкиз… Ҳали кўрсатаман ҳаммангга!»
***
Нозима қайнотасининг кечлигига тайёрлаган овқатини энди ўраб ҳам бўлган эдики, кичик эшик очилиб Мансуржон кириб келди. Нозима дарҳол ошхонадан унинг истиқболига шошилди, қўлидаги нарсаларни олди.
— Вой, жуда ҳам яхши вақтда келдингиз, дадамнинг овқатини олиб кетаётган эдим, — деди у мамнун. — Сиз ҳам борсангизчи, дадам хурсанд бўларди.
Уйга кириб, ечиниш тараддудида турган Мансуржон тўхтади, тўғри, бориш керак. Илгари куни борган эди, боради.
— Тушда борганингизда яхшимидилар? — деди у.
— Яхши, иштаҳаси ҳам илгаригидай бўлиб қолдилар, илгари куни олиб борган дорингизни фойдаси тегибди. Дўхтир хабар олиб турибди экан. Акам ҳам келган эканлар.
— Кетдик, — деди Мансуржон, — тўрттагина иссиқ нон олволсакми?
— Ёғликкина патир қилиб олганман. Чучвара тугдим. Сиз билан борсак, машинада иссиққина боради.
— Ошқозони нозик, янги гўшт олиб бермабман.
— Вой, кеча олиб келган қўй гўштингиз сарак-сарак ялтиллаб турибди. Дадамнинг нозиклигини биламан.
Ўғли билан келини кириб келганда, Наби Мусаевич ётган ерида китоб ўқиётган эди. Уларни кўриб ўрнидан қўзғолди. Касби ўқитувчи. Институтда ишлаган. Ҳали ҳам факультетига бориб туради. Шундоққина институтнинг орқасидаги тинч кўчада яшайди. Умр бўйи уйининг ёнидаги шу олийгоҳда ишлади. Профессор. Тарих фанлари бўйича мутахассис. Нафакага чиқибам уйда ўтир-майди. Устига-устак, Мансуржоннинг онаси қазо қилгач, мутлақо уйда ўтирмай қўйди. Мансуржон кенжа ўғли. Келинидан мамнун. Умринг узоқ бўлгур уч маҳал овқат пишириб келади. Уйларини чиннидек тозалайди. Ҳаммаёқни сарамжон-саришта қилади. Тўкилган битта баргни ҳам ерда қўймайди. Кийим-бошларини эринмай дазмоллайди, тоза туфли, ботинкаларини бир кунда уч марта артади. Бирам пазандаки, Наби Мусаевич келини пи-ширган овқатдан бошқа таом емайди. Бировникига кир-майди, ошхоналарга тоқати йўқ. Аспирантлари чорлаган дастурхонга бормайди, борган ҳам эмас. Ўзи инжиқтабиат, нозикроқ. Тўй-тўйчиққа кам аралашади. Маҳалла-нинг иссиқ-совуғига кириб туради, холос. Ҳаж қилган. Икки ўғли қўярда-қўймай хотини иккисини ҳажга жўнатишган. Ўғиллар шундан гап қўзғаб, борасиз деб туриб олишганда, чин гап, оёқ тиради:
— Ўғлим, ҳажга одам ўз ихтиёри билан, ўзи топган пулга боради. Сизлар пулни тўлаб қўйдик, деб турсала-риш, меи қандоқ бораман? — У ана шундай бўйин товлаганди.
Ўғиллар тихирлик қилавергач:
— Менга қаранглар, аввало миннатдорман, раҳмат сизларга. Аммо бир гапни айтиб қўяй, сизлар менинг гапимга киришингиз шарт. Менинг киришим шарт эмас. Энди бир гапни эшитинглар: Айтибдиларки, икки етим норасидани вояга етказиб, тарбиялаган одам ўн марта ҳожидур. Мен қанча бева-бечоранинг боласини тарбия қилдим. Қолаверса, бир китобат тузиб, бекор-беҳуда юр-май, инсонларга ақл ўргатмоқлиқ саодати абадиядур, де-макким, ўттиз марта ҳаж қилмоқлик савобини берур. Мен абдол эмасман. Афкор омма шу экан борамиз. Шуни билиб қўйингларки, ҳаж қилмоқлик умр давомида бандаси қачон абдолвашликни бўйнига олгач, қилингани маъқул. Сизларга ҳозир ҳикоятлар сўзлаб ўтиришимни фой-даси йўкдур.
Ҳаж қилиб ҳам яхши қилган экан, шу баҳона кампирининг ҳам кўнгли тинч кетди.
Наби Мусаевич фарзандларидан норизо бўлиб юрган кезлари кўп бўлди. Каттаси дўхтир бўлиш ўрнига унинг иродасига қарши бориб, иқтисодчи бўлиб кетди. Кичиги Мансуржон умуман яхши ўқимади. Тарих факультетини бўйнидан боғлагандек амал-тақал битирди. Янги замон келиб, ҳозир «янги ўзбек» эмиш, ўзини тижоратга уриб бой-бадавлат бўлиб кетди. Нечтаям дўконлари, автозап-равкаю яна алламбалолари бор. Онаси хўп хурсанд бўл-ди-я, ўғлининг топармон-тутармон бўлганига. Табиатан инжиқ Наби Мусаевич қўли остида бу хотин моянага чидаб яшади-да. Кўп қийинчилик тортишди, йўқчиликни кўришди. Оила қуришганда шаҳарга кўчиб келишиб, ўқитувчилар учун белгиланган баракнинг бир хонасида яшашди. Зокиржон ўша ерда туғилди. Мансур ҳам ёруғ дунёни кўрай деганда бошқа баракка — икки хоналикка кўчишди. Мана шу ўтирган уйни ҳам шаҳар бўйлаб етти марта кўч-кўч қилиб кейин олишган. Шу ерда тинишди. Наби Мусаевич бу ердан ҳеч қаёққа кўчмайди.
Мансур эса уйига олиб кетармиш! Ҳалиям ёшда бу бола, қирқни қоралаб қўйса ҳам… Ишлари хўп юришишга юришди-ю, битта тирноқдан қисди-да, Худойим. Шундек афифа, саодатманд, гўзал, эсли-ҳушли, одобу иззатда ягона келин — Нозимахон иккиси узукка кўз қўйгандай, аммо туғмагани ёмон бўлди. Мансур билдирмайди, хотинини ҳурмат қилади, келин уни бошига кўтаради. Фарзанд доғи бир кунмас-бир кун оилага нифоқ солмаса бўлгани. Наби Мусаевич ўғлидан ҳам келинини хуш кўради. Бирам хушмуомала, ширинсўз, меҳнаткаш, энди нимасини айтасиз? Бечорани фарзанддан қисган.
Гапнинг тўғриси, бундай хотин билан аблаҳ ҳам бахтли бўлади. Мансуржонни ўтқизгани жой топа олмайди. Қайнонаси ҳам «хўп етиндик келинга» деб боши осмонга етиб юрди, аммо қазо қилаётиб ташвишда кетди. Булар ҳали ёш, ўттиз ёш нима деган нарса, авжи тўлиб келишаётган палла, ҳаётдан вақти чоғ, кўзи яхши нарсадан бошқани кўрмайди, бир-бирига тўймайди. Аммо вақти келиб, ёлғизлик, зурриёдсизлик ғулғула солади. Булар, айниқса, бой, ўртада меросхўр масаласи бор. Кимга ташлаб кетади бунча бойликни? Шунинг учун тижоратга ружу қўйган-да Наби Мусаевич айтган эди:
— Ўғлим, пул, бойлик яхши нарса. Аммо ҳалол бўлса. Бировни алдаб, етимнинг ҳаққини еб, ҳеч кимнинг охирати обод бўлган эмас. Ҳозир одамлар олиб қолсам бўлди, деб қолишган. Бировнинг ҳаққи, ўзганинг меҳнати ҳеч кимни қизиқтирмайди. Яхши халқимиз бор, меҳнаткаш, заҳматкаш, ўзи емай едиради, деймиз. Мана бу янги замон одамларни сал элади. Одамлар бошқачароқ бўлиб қолди. Ҳамма ҳам эмас, албатта. Аммо кўпчилик беш бармоғини оғзига тикяпти. Ҳаромдан қўрқмай қол-ди. Таъма кўпчиликни илондай ўраб олди. Ҳар қандай ўтиш даврида, ҳар бир мамлакатда, мана узоққа бор-майлик, Европанинг ҳозирги ривожланган давлатларида ҳам бундан баттар бўлган. Аммо улар йўлини тез топишган. Бизнинг юлғичлар қачон бу ғафлат уйқусидан уйғонади, номаълум? Бунга йиллар керак. Қолаверса, ўғлим, бировни эксплуатация қилиб бойлик орттириб бўлмайди. Японларни олгин, бу улуғ халқ-чи, ўғлим, биздан-да қашшоқ бўлган. Ейишга нони, гуручи, кийишга кийими бўлмаган чоғда ҳам шу ақидага амал қилишган. Япон билан Хитой халқига қонун қон билан киради. Дунёдаги энг устувор нарса — қонун дейди бу халқлар. Кўрдингми? Бизникилар-чи, бизникилар!? Айниқса, сен, тижоратчилар қонунларни четлаб ўтсак бўлди, чангалда шўрва деб ўйлайсанлар.
Бундай гаплар кўп бўларди, лекин бола дегани ўз билганини қилар экан. Мансур ҳам билганидан қолмади. Ҳозир унинг қўли узатган ерига етади. Аммо ота ташвиш чекар экан-да. Шу болани тўғри йўлга бошлайман деб кўп уринади. Худо билади, балки тўғри юргандир. Замон шуларникидир.
Тилаволди Жўраев
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади