04:26 / 28.10.2018
10 930

Бир кечалик келинчак… (6-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (6-қисм. Биринчи фасл)
— Вей, Фурқат, сенга бир хабар опкелдим!.. — Нодир дарвозадан кирар-кирмас, ўй суриб ўтирган Фурқатнинг елкасига шапатилади.

— Қанақа хабар?.. — ҳайрон бўлди Фурқат.

— Э, ўша жигарингдан урган Насибанинг эрини ўлдириб кетишибди…

— Сен қаердан била қолдинг?

— Бир оғайним ўшаларнинг маҳалласида турарди. Бугун гап топиб кепти. Эмишки, куёв бола келин бўлмишни эплаёлмабди. Касал экан. Айтишича, Насибанинг ўзи ўлдирганмиш…

— Қандай қилиб ўлдиради? Ўйлаб гапиряпсанми? Насибанинг қўлидан одам ўлдириш келмайди…

— Э, нимага тушунмайсан? Куёв тўраям бизга ўхшаб анавиндан уриб тураркан… Кўпроқ бериб ўлдириб қўйган бўлиши мумкин дейишяпти…

— Бўлиши мумкинмас… Демак, ўлибди, эркаклик қила олмаган экан дедингми?

— Ҳа-да!.. — Фурқат беихтиёр жилмайди. Қўлини фотиҳага тортиб, яна давом этди. — Эркак чиқмабди дегин?.. Майли, Худо раҳмат қилсин у йигитни… Лекин… Бу менинг фойдамга, эшитяпсанми, Нодир?.. Мен ютдим!..

— Нима, ҳалиям уйланиш ниятинг борми? — бирдан жиддий тортиб сўради Нодир.

— Бор… Бўлгандаям…

— Вей, жиннимисан?.. Эрдан чиққан жувонга-я?..

— Ўзинг айтдинг-ку эплаёлмабди деб? Ё нотўғрими?

— Тўғриликка тўғри. Лекин… Эрдан чиққан деган номи бор-да, ўртоқ!.. Эшитганлар нима дейди?.. Э, аданг эшитса…

— Менга барибир. — деди Фурқат қўллари билан сўрини қаттиқ муштлаб. — Ким нима деса деяверсин. Адамдан бўлса хавотир олма!.. Ўзиям келин танлайвериб жа қийналиб кетганди.

— Ғирт жинни экансан! — қўл силтади Нодир. — Шундай бойвачча йигит қаёқдаги қаланғи-қасанғини деб…

— Овозингни ўчир, ўғил бола!.. — тўсатдан Нодирнинг ёқасидан олди Фурқат. — Сен ким бўпсан менга ақл ўргатиб?.. Мен бўлмасам, ҳозирги кеккайиб юришларинг қаёқда эди?..

— С-сенга яхши бўлсин дедим-да, ўртоқ!.. Мунча жаҳлинг чиқмаса?..

— Мен ҳақимда қайғурмай қўяқол!.. Ундан кўра, мен нима десам шуни қилиб индамай юравер!..

— Хўп, хўп, камандир!.. — Нодир мажбуран кулиб ўртадаги совуқчиликни юмшатишга интиларди. — Қани, буюринг!..

— Учрашувга мен билан бирга борасан!

— Қанақа учрашув?

— Қанақа бўларди? Ҳозироқ бориб Насибани уйидан чақирамиз… Сен чақириб келасан!..

— Йўқ, ўртоқ, бу гапингга қўшила олмайман.

— Ие, яна гап қайтаряпсанми?

— Сен тушунгин. Ҳозир Насибанг азали. Эри ўлган ҳарқалай. Қўни-қўшниларнинг олдида сен билан сира учраша олмайди… Ҳеч бўлмаса бир ойча кутмасанг бўлмайди…

— Ҳа-я, каллам қурсин! — пешонасига муштлади Фурқат. — Гапинг тўғри. Ҳозир бориб бўлмайди… Бўпти, бир ойча кутайлик. Унгача ўзини сал босиб олади… Шу муддатда уйига келади-да, ўлибдими…

— Мана энди ўзингга келдинг! — Нодир чўнтагидан кичик бир целлофанча чиқарди. — Юр, оғайни, ютуғингни ювайлик! Бугунгиси ўтган сафаргидан ҳам зўр!..

Фурқат кулимсираб Нодирни ичкарига бошлади.

… Ҳаш- паш дегунча орадан бир ярим ой ўтиб кетди. Насиба аза кунигина онаси билан бирга Нодирларникига бориб келди холос. Юрак олдириб қўйганди. Ўша ерда ҳам худди орқасидан Тоштемир келиб қучоқлаб оладигандек хавфсираб юрди. Кечки пайт эса, қайнона-қайнотасининг зор йиғлаб ялинишларига қарамай, яна уйига жўнади…

* * *
… Бу нимаси яна?..

Насиба дугонаси Латофатнинг Фурқат тўғрисидаги хабарини эшитиб, титраб кетди.

— Нега келдийкин?.. Нима иши бор менда?.. Шундоғам юрагимга қил сиғмайди… Уф ф-ф!..

Унинг юраги безовта урар, тиззалари бетиним қалтирарди. Айниқса, машинасига суянганча жилмайиб турган Фурқатга кўзи тушганда, пешонасида маржон-маржон тер қуйилиб келди. Яқинлашиб келаркан, Фурқатга билдирмайгина назар ташлаб олди. Анча озиб, кўзларининг остида негадир шишлар пайдо бўлибди.

«Касал-пасал бўлганга ўхшайди, — кўнглидан ўтказди Насиба. — Наҳотки, мени деб?.. Тағин ким билади?.. Ишқилиб, бу кишиям нашавандликка берилмаган бўлсин-да!.. Берилиб кўрсин-чи!..»

Насиба Фурқатнинг ёнида турган йигитни танимаса-да, унга ҳам алоҳида салом берди.

— Эринг ўтиб қопти деб эшитдим! — деди Фурқат эҳтиёткорлик билан. — Яхши иш бўлмабди…

— Шуни деб кўнгил сўрагани келдингизми?

— Сен аввалгидан ҳам гўзаллашибсан, Наси! — Фурқат Насибанинг саволига жавоб бериш ўрнига қизга қаттиқроқ тикилди.

— Сиз бўлсангиз, озибсиз!

— Сени деб касалга чалиндим-да!

— Мени деб?.. Мен ким бўлибманки, сиздай йигитни касал бўлишга мажбур қилсам?..

— Сен ҳурилиқосан! — аста-секинлик билан хушомад қила бошлади Фурқат. Бу орада Нодир кулимсираб, бошини чайқаганча, Фурқатни бир туртиб қўйди-ю, дўконга киришни баҳона қилиб уларни ёлғиз қолдирди. У кетгани ҳамоно, Фурқат қизни қоронғироқ ерга тортди.

— Кел, жоним, мен сени шундай соғинганманки…

— Йўқ… Қўйворинг, керакмас!.. Ҳозир юрагимга сиғмайди…

— Нега энди керакмас? Керак… Қани, келақол, жоним, ўзингга бир тўяй!..

Насиба беихтиёр димоғида наша ҳидини туйиб Фурқатни ўзидан итариб юборди.

— Ҳали… Сиз ҳам наша чекасизми?..

— Нималар деяпсан? Қанақа наша? — ўзини оқлай бошлади Фурқат. — Жинни бўлганмисан?

— Ана, ҳиди келяпти!..

— Сен нашанинг ҳидини қаердан биласан?

— Биламан-да!..

— Хўп, қаердан биласан?

— Сизга нима?.. Ўша лаънати Нодир ҳам…

— Ҳа-а, гап буёқда дегин?.. Тўғри, мен ҳам бир-икки марта татиб кўрдим. Лекин бунинг сабаблари бор.

— Қандай?

— Сен бошқасига тегиб кетдинг, дунё кўзимга тор кўрингандан кейин мажбур бўлдим… Ахир, мен ҳам ўзимни қандайдир йўл билан овутишим керак-ку!..

— Наша билан-а?..

— Нима қипти?.. Алкашга ўхшаб вино ичиб юрмайман-ку!..

— Билмадим… Буёғини ўзингиз биласиз, Фурқат ака!.. Мен бунақанги нарсаларни тушунавермайман…

Насиба шу гаплардан кейин қовоғини очиб Фурқатга кулимсиради. Ўз айби эсига тушди. Фурқат эса, ишонтира олганидан хурсанд бўлиб Насибани бағрига босди.

— Ишон, энди наркотик деганнинг ёнига йўламайман. Негаки, сен ёнимда бўласан…

— Й-йўқ!.. — Насиба сони узра ўрмалаб бораётган қўлларни олиб ташлади. — Мени қийнаманг, Фурқат ака!.. Кераги йўқ!..

— Менга қара, — ҳарсиллаганча қизнинг белидан қучиб қайтадан ўзига тортди Фурқат. — Энди меники бўлишинг керак, эшитяпсанми? Фақат меники бўлишинг керак!..

— Сизники бўла олмайман.

— Нега?

— Мен эрдан чиққанман… Сиз эса…

— Жинни бўлма, Наси!.. Мен ҳаммасини эшитдим… Ҳалиям бокира экансан… Менга шунинг ўзи етиб ортади… Менга турмушга чиқмасанг бўлмайди…

— Қайси юз билан, Фурқат ака?.. Ростдан ҳам бокира эканимга ишонасизми?

— Ишонаман… Чунки сен мени алдай олмайсан, биламан… Қолаверса, юз-пузингни билмайман… Эртагаёқ совчи жўнатаман… Ишон!..

— Ўртамиздаги шунча гап-сўзлардан кейин-а? — ишонқирамай йигитнинг кўзларига боқди Насиба. — Ахир, мен сизни қаттиқ ранжитганман!..

— Бунинг аҳамияти йўқ… Аллақачон жаҳлимдан тушганман… Кел, ҳозирнинг ўзида ҳал қилиб қўя қолайлик!..

Насиба яна сонида Фурқатнинг қўлларини туйди. Бармоқлар титроқ ичида тобора юқорилаб борарди.

— Қўйинг, бу ишингиз яхши эмас. — Иккинчи марта ҳам Фурқатнинг қўлларини олиб ташлади. — Тўй қилиб олинг, ўшанда қаршилик қилмайман!..

— Айёрсан-да, айёрсан!.. — қизни қўйиб юбориб кулди Фурқат. — Жа ўзингга қаттиқсан!..

— Ажаб қиламан! — Насиба Фурқатнинг юзига секин шапатилаб қўйди.

— Унда… — Фурқат қўл телефонини олиб соатни аниқлагач, Насибанинг қўлларини қаттиқ қисди. — Бироз кутайлик… Анави азаларинг сал эскирсин… Албатта совчиларни жўнатаман…

— Ростданми?.. Ростдан ишонасизми бокиралигимга?..

— Ишонмасам келармидим? Ўзинг айт-чи!.. Бўпти, шеригим кутиб қолди… Мен яна келаман… Мени кутгин, жоним!..

Фурқат Насибанинг юзидан оҳиста ўпиб қўйди-да, машинасига ўтирди…

* * *
Насиба икки ойни ҳам бир амаллаб ўтказди. Ниҳоят кунларнинг бирида Фурқат совчилар бораётганини айтиб қолди. Қиз ўзида йўқ хурсанд эди. Гарчи ҳеч кимга сир бой бермаса-да, ич-ичини ҳижрон азоби ўртаб бораётганини ҳис қиларди.

Насиба совчилар келадиган куни эрталаб ҳовлига чиқди. Ёз бўлгани учунми, ҳалитдан кун қиздира бошлабди.

Деразани очиб юборди. Юзларига шу заҳоти иссиқ шабада урилди. Яна деразани ёпиб ҳовлига чиқди. Нафосат ая аллақачон пишир-куйдирга тушиб кетибди. Қозон тепасида куймаланиб юрган онасини кўриб Насибанинг юраги тўлиб кетди. Дарров бўйнига фартугини тақиб Нафосат аянинг ёнига кирди.

— Йўқ, қизим, сен яхшиси, ҳовлиларни тозалаб тургин! — унинг қўлидан капгирни олиб қўйди Нафосат ая. — Ўзинг биласан, келадиганлар бойларнинг одамлари. Тағин кулиб юришмасин. Ҳали замон холанг ҳам келиб қолса, ажабмас!..

Онаси айтганидек, орадан ярим соатлар ўтиб-ўтмай, озғингина, сочи тақимини ўпган, оқ-сариқ, лекин гапдонгина холаси Наима опа болалари билан кириб келиб қолди. Яна сал ўтиб Насибанинг дугонаси Латофат келиб қўлидан супургини олди. Қўшнилар чиқди. Насибаларнинг ҳовлиси тўйхона тусини олди ҳисоб. Ҳаммалари биргалашиб, кечгача сомсамиди, қатламамиди, пирогмиди, хуллас, бир-биридан мазали таомлар пиширишди. Ниҳоят кун шомга яқинлашиб, қўшнилар тарқалди. Ҳовлида Латофат-у, Наима опа-ю, она-болалар қолишди. Ҳаммаларининг юраклари така-пука. Чунки келадиган совчилар кичкина одамлар эмас. Насиба айтмоқчи, куёв бўлмишнинг отаси катта бир савдо компаниясининг хўжайини…

— Мустақиллик ажойиб экан-да, опа! — деди кулиб Наима опа. — Эпини топсангиз, бойиб кетишингиз ҳеч гапмас… Мана, менинг ўзимни олинг, юрардим мактабнинг арзимаган ойлигига қараб. Бор-э, дедим-у, бозорга чиқиб кетдим. Худога шукр, кам бўлганим йўқ… Солиғини вақтида тўлаб турсангиз, ҳеч ким мушугингизни пишт демас экан ҳозир…

Нафосат ая қўл силтаб қўйди.

— Э, ҳаммаси бир гўр. Эпини топса, алдайман, юламан дейди…

Шу пайт кўчада машина сигнал бериб, кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир овози эшитилгандек бўлди.

— Келишди! — деди Наима опа ҳовлиқиб ўрнидан тураркан.

— Насиба, югур, хонангга кириб тур, уят бўлади! — Нафосат ая қизини туртиб ичкарига ундади. — Мен чақирганимда чой дамлаб олиб чиқасан. Удумимиз шунақа, биласан-ку!..

Насиба чопганича хонасига кириб кетди. Опа-сингиллар эса, меҳмонларни кутиб олиш илинжида дарвоза томон юришди.

Улар ҳали дарвозани очиб улгурмасдан, ичкарига телевизор, видеомагнитофон, музлаткич кўтарган бир неча йигитлар кириб келишди. Нафосат ая ҳайрон бўлиб уларнинг ортидан қаради.

— Кеннойи, жойни кўрсатинг, қаерга қўяйлик?! — ҳовлининг ўртасига борганда йигитлардан бири Нафосат аяга юзланди. — Илтимос, тезроқ айта қолинг, қўлларимиз узилиб тушай деяпти!..

— Вой, ана, айвонга қўя қолинглар!..

Бу орада ҳовлига бўйнидан билагигача тиллага бурканган икки нафар аёл қўлларида пишириқ тўла тоғоралар билан қадам қўйишди. Аёллардан бири кира солиб ҳовлини зимдан кузата бошлади. Уёқ-буёқни текшириб кўргач, беихтиёр лаб буриб шеригини туртиб қўйди. Лекин бу ҳолатни уй эгалари сезишмади. Аксинча, совчи аёлларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб ичкарига етаклаш ҳаракатига тушишди.

— Хуш кепсизлар, айланайлар!.. — аёллар сўрига тўшалган бахмал кўрпачаларга истамайгина ўтириб олишгач, Нафосат ая икки қўлини кўксига қўйди.

— Хушвақт бўлинг! — совуққина кулиб қўйди қошлари қалин, семизлигидан қовоқларигача шишиб кетган аёл…

Орага бир дақиқа жимлик чўкди. Уй эгалари ўзига бу қадар оро берган меҳмонлар олдида ўзларини жуда ожиз сезиб тилларини тишлаётган бўлишса, совчилар чамаси тезроқ бўлғуси келинни кўриш ниятида эдилар. Бу ҳолатни Наима опа сезиб қолди ва опасини билдирмай туртиб қўйди. Нафосат ая ҳам унинг нима демоқчи эканини пайқадими, дарров ўрнидан туриб қизини чақирди.

— Насиба, чой опке, қизим!..

Кўз очиб юмгунча ҳовлида патнисга чойнак-пиёлаларни чиройли қилиб жойлаштириб олган Насиба пайдо бўлди. У бошига рўмол ўраган, эгнидаги Фурқат олиб берган чет эл матосидан тикилган кўйлак-лозим чиройига чирой қўшиб юборган эди. Ҳаяжондан лўппи юзлари лов ёнар, узун киприклари тинимсиз пирпирарди. Уни кўргандан кейин негадир совчиларнинг бараварига чеҳралари очилди. Насибага ер остидан тикилишаркан, бир-бирларига қараб жилмайиб қўйишди. Шундан кейингина аёллардан бири Нафосат аяга юзланди.

— Эгачи, индамай ўтиришимизни қаранг-а, — деди Насиба мулойимгина салом бериб олдиларига чойни қўйиб кетгач. — Мен куёв бўлмишнинг аммаси Раъноман. Бу киши холалари Сарвинозхон… Энди… Ўзингиздан қолар гап йўқ… Жиянимиз тушмагур Насибахонга кўнгил қўйган экан. Бошларингизга анча ёмон ишлар тушибди… Ишқилиб, Худо раҳмат қилсин ўша йигитниям!..

Нафосат ая индамай бош эгди.

— Энди… — Айбга буюрмайсиз… Фурқатжон ҳали айтганимдай… Насибахонга кўнгил қўйган экан… Тақдир бўлса, бир-бирларини қовуштириб қўйсак деган ниятда ҳовлингизга қулчиликка келдик, айланай эгачи!..

— Вой, жудаям яхши-да, айланай! — икковларига бир-бир тикилиб жилмайди Нафосат ая. — Тақдир шунақа экан, нимаям қилардик?.. Вой, қадамларингизга ҳасанот, яна бир марта хуш кепсизлар!..

— Қуллуқ! — Раъно опа семиз гавдасини силкитиб кулди. — Энди мен сизга айтсам, Фурқатжонимиз шу ҳафтанинг ўзида Насибахонни тўй қилиб олиб кетмоқчи…

Бу гапни эшитиб опа-сингиллар бир-бирларига бир муддат маъноли тикилиб қолишди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (6-қисм. Биринчи фасл)