08:01 / 02.12.2018
4 895

Тасодиф ва ақл

Тасодиф ва ақл
Нима сабабдан даҳрий (атеист) одамлар коинотни “тасодифан” пайдо бўлганига илмий хулоса деб қарайдилар-у, унинг ақл билан яратилган бўлишини сафсата деб ўйлайдилар?

Коинот чуқур ўрганилган сари, унинг аниқ ўлчов билан яратилганлиги ойдинлашмоқда.

1966 йилда олимлар наздида бирор бир сайёрада ҳаёт бўлиши учун ўша жисм икки талабга жавоб бериши: унда иссиқлик ва ёруғли билан таъминловчи юлдуз (қуёш) нинг мавжудлиги ва ўша юлдуздан сайёранинг маълум масофада узоқда бўлиши етарли деб ўйланарди. Бўлди.

Шу тушунча билан олимлар ўзга сайёралардан ҳаёт қидира бошладилар. Олимлар қайсидир онгли мавжудотларнинг радио сигналларини тутишга уринар, ўзлари ҳам чексиз осмонга радио тўлқин орқали хабарлар юборарди. Барчаси беҳудага кетди. Коинот сукут сақларди.

1966 йилдан кейин, бирор бир сайёрада ҳаёт бўлиши учун унда мавжуд бўлиши керак бўлган хусусиятлар сони иккитадан 10 тага кўпайди, сўнг 50 тага ва ҳозирда эса, бу сайёра ўзида 200 дан ортиқ хусусиятларни жамлаши керак деган хулосага келинди.

Бу рақам келажакда яна ҳам ортиши мумкин. Ҳаётий талабларнинг ортиши сайин, коинотда яшашга яроқли ёки ҳаёт мавжуд бўлган сайёралар бўлиши эҳтимоли тобора камайиб, камайиб, камайиб бормоқда.

Қуйида сайёрада ҳаёт мавжуд бўлиши учун керак бўлган баъзи талабларни келтираман:

– У спирал шаклдаги галлактикада жойлашган бўлиши керак. Упс, барча галлактикаларнинг атиги 6% спирал кўринишда.

– Унга қўшни сайёралар мавжуд бўлиши ва улар самовий жисмлар – астероидлар ҳужумидан ушбу сайёрани сақлаб туриши, лекин “қуёши”нинг нуридан тўсиб қолмаслиги керак. Масалан, катта ҳажм ва улкан гравитацион кучга эга бўлган Юпитер Ерни астероидлардан сақлаб, лекин Қуёш нуридан тўсмаганидек.

– Сайёранинг ўз қуёши атрофидаги орбитаси эллиптик (қовунсимон) эмас, балки доира шаклида бўлиши керак. Акс ҳолда, ёзда сайёра қуёшга жуда яқин келиб, исиб кетиши, қишда узоқлашиб, музлаб қолиши мумкин. Бундай кескин ўзгарувчан шароитда эволюциянинг “э”си ҳам бўлмайди. Ер Қуёш атрофида деярли айлана шаклда маромида айланади. Шунинг учун, бутун сайёра бирдан исиб, бирдан совиб кетмайди. Мавсумлар маконларга қараб маромида алмашиб туради. Қаердадир қиш бўлса, қаердадир ёз.

– Сайёрада Озон қатлами бўлиши ва у қуёшидан келадиган ультра бинафша нурларига қалқон бўлиб туриб бериши керак.

– Уммонлар, ундаги сувнинг ҳажми ва қуруқликнинг ўзаро нисбати маромида бўлиши керак.

– Ойга ўхшаш йўлдоши бўлиши, унинг катталиги ва сайёрадан узоқлиги ҳам маромида бўлиши керак. Маълумки, Ойнинг гравитацион кучи океанлардаги сувнинг ҳаракатига, сувнинг қирғоқдан маълум вақт узоқлашишига, сўнг яна қайтиб келишига, яъни океаннинг “нафас олишига” сабаб бўлади. Агар Ой бўлмаганда, ёки узоқ бўлганда, океанлардаги сув қимирламасдан, аквариумдаги сувга ўхшаб, айниб қоларди. Унда ҳаёт бўлмасди.

– Сайёранинг қаттиқ қобиғи бўлиши. Юпитер, Сатурн ва Уран сайёраларнинг Ердан қанча катта бўлишига қарамай, уларда қаттиқ қобиқ йўқ эканлигини биласизми? Бу сайёраларда тош йўқ, фақат қуюқ газдан иборат. Агарда уларга космик аппарат юборсангиз, бу сайёрага қўнолмайди, балким, чўкиб кетади.

Бу хусусиятлар бирор сайёрада ҳаёт бўлиши учун керак бўлган 200 дан ортиқ талабларнинг бир нечтаси холос. Бундай талабга жавоб бермайдиган сайёрада ҳаёт пайдо бўлиши мумкин эмас (эволюцион нуқтаи назардан, албатта, чунки Аллоҳ ҳар нарсага қодир).

Коинотда эса, мазкур талабларнинг атиги ўттиз иккитасига жавоб бера оладиган сайёралар бўлишининг эҳтимоли тредициллионтага бир. Бу дегани ҳар тредициллионта сайёрадан биттаси ўттиз иккита талабга жавоб беради дегани. Олдинда яна 168 дан ошиқ талаб турибди.

Айтганча, тредициллионда 42та ноль бўлади. Рақам билан ёзилса, 1,000,000,000,000,000,000,000,000,000,000,000,000,000,000 шаклида бўлади.
Саид Комил ХОЛХЎЖАЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тасодиф ва ақл