08:50 / 08.12.2018
4 566

"Яна беш дақиқа": будильниклар орасидаги вақтда ухлаш зарарли

"Яна беш дақиқа": будильниклар орасидаги вақтда ухлаш зарарли
Иш куни эрталаб соат қўнғироғи – будильник овози уйқуни аёвсиз бузиши ҳолати ҳаммага таниш. Дастлабки дақиқаларда қаерда эканингизни ва овоз қаердан келаётганини ҳатто тушунмай қоласиз. Қўнғироқни "тўхташ" функциясига қўйиб, яна ухлашда давом этасиз.

Бундай ҳолатга ҳар куни эрталаб дуч келадиганлар учун бир қатор иловалар ўйлаб топилган. Масалан, "Alarmy". Уни смартфонга юклаб олсангиз, будильникни шунчаки ўчира олмайсиз. Бунинг учун математик масалани ечиш (мураккаблик даражаси фойдаланувчи хоҳишига кўра танланади), телефонни қаттиқ силкитиш ёки олдиндан танланган қандайдир объектни суратга олишга тўғри келади. Буларнинг барчаси одамни уйғотишда оддий будильникка қараганда самаралироқ ҳисобланади. Уйғотади, лекин охиригача эмас, бу ҳақда қуйида батафсил танишамиз.

"Уйғонганингиздан кейин яна бироз ухлаб олиш орқали фикрларингизни тўплаб, ўзимга келиб оламан, деб ўйлайсиз. Лекин аслида уйғониш жараёнини қийинлаштирасиз, холос, – деб ёзмоқда "New Yorker". – Сиз яна мудрашни бошлайсиз ва уйқу цикли қайтадан бошланади".

Олимларнинг таъкидлашича, бу фазада уйғониш энг ёқимсиз ҳисобланади. Будильник вақтлари орасида мудраб олиш умумий уйқу вақтига қўшиб ҳисобланмайди. Организмнинг эса тикланувчи чуқур уйқуга кетишга вақти етмайди. Ушбу тадқиқотга кўра, будильниклар орасидаги қисқа уйқу худди уйқусизлик каби кайфиятга ва диққатни жамлашга таъсир кўрсатади.

Одамлар эрталаб уйқудан уйғониш қанчалик қийин бўлса, шунчалик ёмон ухлаган бўламан, деб ҳисоблайди. Суррей университетидаги британиялик сомнологларнинг фикрича, будильникни паузага қўйиш одам уйғонгандан кейин кун давомидаги унинг когнитив функциясига таъсир қилади. Ўзингизни дам олгандек сезиш ўрнига диққатни жамлашда ва қарор қабул қилишда қийинчиликларга дуч келасиз.

Гарвард университети тиббиёт мактаби сомнологларининг фикрича, одам уйқу циклининг кўзлар тез ҳаракати фазасида (REM) янги ахборотни қайта ишлайди ва кўникмаларни мустаҳкамлайди. Агар будильник сигналлари орасида яна мудраб олиш учун уни вақтлироқ қўйсангиз, бу муҳим фазани тасодифан тўхтатиб қўйишингиз мумкин. Шунинг учун будильникни айнан уйғонмоқчи бўлган вақтга мослаб қўйиш керак.

Уйғониш – бутун организм учун муҳим ҳодиса, бироқ у ҳали яхши ўрганилмаган. Уйқудан уйғоқликка ўтишда кўплаб психо-физиологик жараёнлар ишга тушади ва бунда энг муҳими – уйқуга кетишнинг ҳам, уйғонишнинг ҳам ўз вақтида бўлиши.

Тўсатдан эрта уйғонишнинг оқибатларидан бири уйқу инерцияси феномени ҳисобланади. У биринчи марта 1976 йилда илмий китобда тавсифланган. Унинг моҳияти шундаки, когнитив қобилият ва механик маҳоратга жавоб берувчи қисқа хотира дарҳол фаоллашмайди. Сизни қанчалик эрта уйғотиб юборишса, бундай хотира турини "ёқиш" шунчалик қийин бўлади.

Ҳатто тез уйғондик, деб ҳисобласак ҳам, организм тетиклашиши аста-секинлик билан боради. Уйқудан уйғониш онгнинг зудлик билан тикланиши ва диққатнинг секин (20-30 дақиқа ичида) жамланишини ўз ичига олади. Уйғонгандан сўнг дастлабки икки дақиқада бизнинг хотирамиз, реакция қилиш ва математик масалаларни ечиш қобилиятимиз унчалик яхши ишламайди. Ҳаттоки чироқни ёқиш каби одатий ишлар ҳам қийиндек туюлади. Нейробиолог Кеннет Райтнинг айтишича, когнитив жараёнлар энг яхши ишлайдиган вақт уйқуга кетишдан бир неча соат аввал ва энг ёмони уйқудан уйғонган вақтдир.

Яна бир тадқиқотдан маълум бўлишича, уйқу инерцияси 2 соатгача ва ундан ортиқ давом этиши мумкин. Гарвард тиббиёт мактаби сомнологлари тадқиқот иштирокчиларини 3 кун давомида кузатишди ва уйқу инерцияси эффекти уйғонгандан сўнг 2-4 соат вақт ичида тарқалишини аниқлашди. Тажрибада қатнашган одамлар уйғонгандан кейин 40 дақиқа ўтгач, ўзларини тетик ҳис қилишларини айтишган, бироқ уларнинг когнитив функцияси яна икки соат ўтгач “ёқилган”.

Одамлар икки сабабга кўра будильниксиз ўзлари уйғонишади – қуёш нури таъсирида ва ички соатлар туфайли. Маълумки, инсоннинг биологик ритми унинг кун тартиби, иш тартиби кабиларга доим боғлиқ. Бундай фарқни Мюнхен университетининг хронобиология бўйича профессори Тиль Реннеберг “ижтимоий жетлаг” деб атайди. Унинг 65 минг одам иштирокида ўтказилган тадқиқотлари натижаларига кўра, дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми ушбу жетлагнинг оғир даражасидан азият чекмоқда. Табиий уйғониш вақти билан билан ижтимоий асослангани орасидаги фарқ ўртача 2 соатни ташкил этади. 69 фоиз одам бу жетлагни ўрта даражада ўтказади (1 соат фарқ).

Реннеберг ва психолог Мэтт Уиттманн уйқу биологик ва ижтимоий вақтининг бир-бирига сурункали мутаносиблиги организмга қимматга тушади, деган фикрга келишди. Одам кўпроқ “стимуляторлар”ни истеъмол қилишни бошлайди (кофеин, алкоголь, тамаки). Бундан ташқари, “ижтимой жетлаг”нинг ҳар соати семириб кетиш эҳтимолини 33 фоизга оширади.

Яна бир тадқиқотда таъқидланишича, айнан уйқу ва уйғониш вақтини тўғри танлаш (унинг сифати ва давомийлиги эмас) ўқувчиларнинг ўзлаштириши ва ишнинг самарадорлигига таъсир қилади. Яъни кам ухлаш – зарар, ундан ҳам зарарлиси тонг қоронғисида уйғонишдир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Яна беш дақиқа": будильниклар орасидаги вақтда ухлаш зарарли