07:53 / 06.01.2019
7 685

Жазман… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Жазман… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)
Катта кўчага чиқди-ю, Муҳаррамнинг кўнгли ғаш тортди. Анча нарида эри билан бир фабрикада ишлайдиган бўрсилдоқ юзли Заҳро уйига кириб кетаётган экан. Тунги сменадан чиққан шекилли, ҳорғин қадам ташларди. Аммо шашти ўша-ўша. Муҳаррамга кўзи тушгани ҳамоно, таққа тўхтаб, турган еридан қичқирди:

— Ҳа-а, Муҳаррам опа! Қалайсиз? Матлаб ака янгисини топганмиш, янгисини! Эшитяпсизми? Яхшилаб эшитволинг! Эрингиз янгисини топганмиш, ха-ха-ха-ха-а-а-а!!!

Азалдан шу аёлни жини суймасди. Товуқ каби қақиллаб кулиши ғашини келтирарди. Бу гапи ошиб тушди. Аёл-да, совуқ гап дарров қулоғига яшин каби урилиб, этини жунжиктириб юборди. Гапнинг маънисига етмаган бўлса-да, «янгиси» деган сўз юрагини титрашга, тезроқ уришга мажбур этди. Барибир ўзини қўлга олишга уриниб, Заҳрога жавобан қичқирди:

— Нима дединг? Янгиси? Қ-қанақа янгиси?..

Бахтга қарши Заҳро кўздан ғойиб бўлганди. Бир неча дақиқа орасида бўлари-бўлаёзган Муҳаррам қўлидаги челакни четга ирғитиб Заҳроникига киришга чоғланди. Лекин кўнгли чопмади. Хаёлида эрининг маъюс чеҳраси, фабрикадаги бир-биридан қақилдоқ тўқувчи қизлар гавдаланди.

«Ҳали гап буёқда экан-да, — ўйлади Муҳаррам лаб тишлаб. — Икки сменлаб фабрикада қолиб кетишига сабаб бор экан-да! Яшшамагур қақилдоқлардан бирини топволибди-да! Менданам ортиқроқ экан-да ўшалар! Мени алдаб, олдимга похол солиб юрган экан-да! Нега? Қайси айбим учун? Келишига овқатини тайёрлаб қўйганим, кирини ювиб, пойида пойипатак бўлганим учунми? Ё Заҳро мени синамоқчи бўлдимикан? Йў-ўқ, «Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?» деб бекорга айтишмаган. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Демак, Заҳроям кўрган уни. Акс ҳолда томдан тараша тушгандай гапирмасди шу гапни. Қизиқ… Қизиқ… Ким экан-а Матлабнинг қўйнига кирволган ўша илон? Башараси қандай экан? Шайтонсифатмикан ё балонинг ўқидаймикан? Ҳойнаҳой, гугурт чўпидай қилтириқ бир балодир-да! Қилтириқлар устамон бўлишади!.. Ҳали шошмай турсин, тагига етмай қўймайман бу ишнинг!..»
* * *
Муҳаррам ҳовлига киргандан кейин ҳам тинчлана олмади. Эрининг ишхонасига боришга аҳд қилиб кийинишга чоғланди. Аммо ҳали замон ўзи келиб қолиши муқаррарлиги ёдига тушиб фикридан қайтди.

— Келибоқ, ҳойнаҳой сувилондай эшила бошлайди, — деди ўзига ўзи. — «Хотинжон»лаб гапни бошқа ёққа буради. Буриб бўпти. Менам анойиларданмасман. Мендай хотинини қаёқдаги мегажинга алмашади-ю, индамай қолавераманми? Кимдан кам ерим бор, кимдан?

Шундай деб Муҳаррам беихтиёр кўзгу қаршисига келди. Кўзлари ғазабнок, юзлари тунд эди. Бошини зарда аралаш силкитганди, шу заҳоти сариққа бўялган сочлари денгиз тўлқини каби ёйилиб, елкаларини қучди.

— Хўш, қаерим кам экан ўша қилтириғидан? — деди у бодом қовоқларини бармоқлари билан силаб. — Мендай хотини бўла туриб шунақа қандларни еб юрибдийканми, кечирмайман! Ойимникига, ота уйимга кетаман, ҳа! Елкамнинг чуқури кўрсин шу ҳовлисини! Ҳозир… Кўч-кўронимни йиғаман-у, кетаман! Ўшанда билади хотиннинг қадрини!..

Муҳаррам жонҳолатда ичкари уйга кирди-да, қўлига кирган кийимларини олиб елим халтага жойлай бошлади.

— Босган изларимга зор бўласан ҳали, — ғудраниб қўярди ора-сирада. — «Эрим ишдан келади, вой, қорни очмикан-тўқмикан? Чарчадимикан? Биров хафа қилмадимикан ишқилиб? Кайфияти қалай экан? Гап сўрасам, жаҳли чиқмасмикан?» деб мен аҳмоқ қош-қовоғига термиламан. Бу-чи? Қаёқдаги бузуқиларга қўшилиб ялло қилиб юрибдийкан. Тағин анави Заҳро мегажиндан айтиб ҳам юборибди. Куйиб ўлсин деган-да!.. Илоё кўр бўлгин! Менинг яхшиликларимни билмасанг, оқиб тушсин кўзларинг!..

Муҳаррам керакли буюмларини халтага жойлаб бўлгач, кетиш олдидан хона ичкарисига, сўнгра дераза орқали ҳовлига тикилиб қаради. Ола мушуги нарвондан томга безовта чиқиб тушар, афтидан қайсидир қушни тутиш пайида эди. Томорқада эса тарғил сигир кавшана-кавшана қур-қур уй томон бош буриб оларди.

— Йўқ, кетишга шошилмайман, — деди дафъатан ўрнидан қўзғалиб Муҳаррам. — Бу итфеълнинг афтига охирги марта бир қараб олишим керак. Айтаримни айтиб-айтиб кейин кетмасам, аламим чиқмайди…
* * *
Ҳаш-паш дегунча кун пешиндан оғиб, Матлаб ҳорғин қадам ташлаганча ҳовлига кириб келди. Муҳаррам ток остидаги сўрининг бир четида оёғини пастга осилтирган кўйи унга терс ўгирилиб ўтирарди. Эри кириб келганини эшитган бўлса-да, миқ этмади. Лаб бурганча тек ўтираверди.

— Ҳа, нима бўлди? — сўради Матлаб хотинига яқин келиб. — Халтачадагилар нима? Қаёққа отландинг?

Муҳаррам жавоб бермади. Икки-уч йўталиб олиш билангина чекланди.

— Бирор гап бўлдими? — сўрашда давом этди Матлаб. — Гапирсанг-чи! Оғзингга толқон солволганмисан?

— Ҳа, толқон солволганман, энам берворганакан, нимайди? — кутилмаганда эри томон юзланиб қичқирди Муҳаррам. — Баъзилар қаёқдаги қилтириқларминан дон олишиб юрганда мен оғзимга толқон солмай бало соламанми?

— Нима? Ким дон олишибди? Қайси қилтириқ? Менга қара, нега халтача тўлдирволдинг? Бирор гап бўлдими? Қаерга отландинг?

— Уйимга, — деди кўзини лўқ қилиб Муҳаррам. — Ойимникига!

— Нега? Тинчликми?

Муҳаррам жавоб бериш ўрнига бирпас эрига жим тикилиб турди. Кейин эса кўзларида ёш ғилтиллади.

— Ўша қилтириқлардан менинг қаерим кам? — йиғи аралаш сўзлана бошлади у. — Гапиринг! Тағин Заҳрога суюнчилабсиз. Нима, мақтангингиз келдими? Ҳамма ўйнашингиз борлигини билиб қўйсин дедингизми?..

Матлаб ҳеч нарсага тушунмай, елка қисди-ю, Муҳаррамнинг икки елкасидан тутди.

— Жинни бўлганмисан? — деди у ҳовлининг уёқ-буёғига ўғринча кўз ташлаб қўйиб. — Қанақа ўйнаш? Ким? Ўйлаб гапиряпсанми? Ким айтди сенга бунақа гапни?

— Ким айтарди? Заҳро-да! — деди Муҳаррам эрининг қўлларини елкасидан зарда аралаш олиб ташлаб. — Айтворибсиз-ку бошқасини топволганингизни! Бутун маҳаллани бошига кўтариб «Ана, эринг янгисини топволганмиш» деб бақирди. Устимдан кула-кула уйига кириб кетди.

Матлаб жавоб беришга шошилмади. Бир муддат хотинига сирли қараб турди-да, беихтиёр кулиб юборди.

— Вой, Заҳро шайтон-эй, — дея қотиб-қотиб куларди Матлаб. — Одамини топиб айтибман-ку-а? Вой қурмағур-эй!..

— Кулинг, кўмганда кулсангиз ажабмас! — Муҳаррам баттар тутоқиб сўридан пастга тушди ва қўлига халтачани олди. — Ана энди кули-иб ўтираверасиз! Мен… Кетаман!..

Матлаб астойдил йўлга отланган хотинини билагидан маҳкам сиқиб тўхтатди. Кўзидан томоғига қадар оқиб тушган ёшларни кафтига артиб куч билан сўрига ўтқазди.

— Сен Заҳроникига кириб бор гапни суриштирмадингми? — сўради у. — Гапир, хотин, суриштирмадингми?!

— Мен ердан чиққан қўзиқоринмасман. Суриштирмасам ҳам ҳаммасини айтиб бўлди ўша Заҳронгиз!

— Биринчидан, у менинг Заҳроммас. Иккинчидан, гапни тушуниб ана ундан кейин бировни айблагин-да!

— Ҳа, мен шунақа овсарман. — эрини жеркиб берди Муҳаррам. — Аллакимлар бошқасини топволиб ялло қилсаям, тушунмай аҳмоқ бўлиб юравераман.

— Ахир, мен музлаткичнинг янгисини топдим дегандим Заҳрога! — тоқати тоқ бўлаёзган Матлаб бор овозда бақирди. — Эшитяпсанми, музлаткич!?. Ўзингмасмидинг янги чиққан музлаткич топинг деб қулоғимни қоматга келтирган? Сенмасмидинг эски музлаткич шалдираб қулоқни қоматга келтиряпти деб нолиган?.. Мен аҳмоқ янгисини топибман-у, Заҳрога айтибман. Сен ишдан қайтгунимча хурсанд бўлиб ўтиргин дебман!

— Нима? Музлаткич? — сергак тортиб аста ортга тисланди Муҳаррам. — Қани музлаткич?

— Ҳализамон опкеб қолишади. — деди Матлаб дарвоза томон ишора қилиб. — Шунинг учун сал эртароқ келувдим ишдан.

— Ростданми? — Бир неча дақиқа ичида Муҳаррамнинг зардасидан асар ҳам қолмагандек эди. Йиғи аралаш кулимсираганча эрига қаттиқроқ тикилди. — Ростдан музлаткичми? Бегона аёлмасми?

— Эсинг жойидами? — деди Матлаб қўл силтаб. — Қанақа аёл? Я-янги музлаткич, хотин! Охирги модадагиси-и!..

Аёлнинг кўнгли ипакдан-да нозикроқ дейишгани шу экан. Ярим кун давомида кўнгилдан кечирилган аламлар, қалбни кемира-кемира кемтик қилаёзган фарёд бир зумда туман каби тарқалиб, Муҳаррамнинг юзини майин табассум чулғади. Аммо барибир нигоҳларида ёввойи қўрқув зоҳир эди. Худди шу қўрқув аёлни ҳушёр туришга ундади. Муҳаррам кўкси дағ-дағ титраб эрининг елкасига бош қўйди ва худди шу титроқ исканжасида шивирлади:

— Бекор ташвиш тортибсиз!.. Менга уйимиздаги шалдироқ музлаткич ҳам бўлаверарди! Тешиб чиқмасди!.. Сиз… Сиз мени ташлаб кетмасангиз бўлдийди!.. Раҳмат сизга, азизим, раҳмат! Борингизга шукр! Мен овсар хотинингизни кечиринг!

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Жазман… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)