Ёз фаслида тарвуз дераза остонасида, ҳар бир хонадон дастурхонида кўп учрайдиган ва салқинлик бахш этадиган энг фойдали полиз маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Таркибининг 90 фоиздан зиёди сувдан иборат бўлиб, 100 граммида тахминан 6 грамм табиий шакар ва турли микроэлементлар сақлайди. Аслида тарвуз инсон саломатлиги учун хавфли эмас, аммо уни етиштириш, сақлаш ва ташиш давомида баъзи хавфли моддалар ёки бактериялар тушиши орқали саломатлик учун таҳдид пайдо бўлиши мумкин.
Хавфли бактериялар қайси ҳолатда хавф туғдиради?
Ёз фаслида тарвуз пўстида турли ичак инфекцияси қўзғатувчи бактериялар кўпайиши мумкин. Бундай бактериялар заҳарланиш ҳолатларининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Масалан, Salmonella Enteritidis ёки Campylobacter бактериялари тарвуз сақлаш ва ташиш пайтида пўстлоққа жойлашиб, кесиш вақтида мева ичига кириб олади. Натижада организмга тушган бу патогенлар:
-
ич кетиши (диарея),
-
кўнгил айниши,
-
қорин оғриғи,
-
тана ҳароратининг кўтарилиши,
-
бош оғриғи
каби белгиларни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатда заҳарланиш бир неча соатдан бир неча кунгача давом этиши, организмни сувсизлантириб юбориши ва айниқса болалар, кексалар ҳамда иммунитети паст одамлар учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Нитратлар: қайси ҳолда хавфли?
Тарвуз етиштиришда фермерлар ҳосилдорликни ошириш мақсадида нитратлардан фойдаланади. Аммо баъзида уларнинг меъёри мева ёки тупроқда ортиб кетади ва бу қуйидаги аломатларнинг пайдо бўлишига олиб келади:
-
лаб ва терида кўкариш,
-
нафас олишда қийналиш,
-
диарея ва қайт қилиш,
-
танада сувсизланиш,
-
юрак уришининг тезлашиши,
-
ҳолсизлик,
-
онгнинг чалкашиши,
-
титроқ,
-
оғир ҳолларда кома.
Катталар учун нитратнинг хавфсиз кунлик миқдори 200–300 мг деб белгиланган. Энг хавфли ҳолатлар — бу саноатда ишлатиладиган нитрат ва натрий нитрати моддалари билан боғлиқ. Аммо амалда тарвуз билан боғлиқ нитрат заҳарланишлари кам учрайди, кўпинча ифлос сувга алоқадор ҳолларда рўй беради. Ҳомиладор аёллар, чақалоқлар ва кичик ёшдаги болалар учун нитратлар хавфли бўлиши мумкин.
Шуни унутманг: агар тарвуздаги нитратлар меъёрда бўлса, бу маҳсулот саломатлик учун хавфсиз.
Заҳарланганда биринчи ёрдам қандай бўлиши керак?
Агар заҳарланиш белгилари (диарея, кўнгил айниши, қайт қилиш, танада сувсизланиш ва бошқа хавфли аломатлар) кузатилса, аввал тез тиббий ёрдам чақириш керак. Ёрдам келгунча беморга кўп миқдорда тоза сув ичириш тавсия этилади. Агар бемор бола ёки кексайган киши бўлса, дорихоналарда сотиладиган махсус регидратация эритмаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Симптомлар кучайса ёки узоқ давом этса, шифокорга мурожаат қилиш шарт.
Заҳарланишнинг олдини олиш: энг муҳим тавсиялар
-
Тарвузни сертификати ва текшируви бор савдогарлардан харид қилинг.
-
Ерда, юк машинаси полида ёки йўл четида сотилаётган тарвузларни сотиб олманг.
-
Бутун, шикаст етмаган ва кесилмаган тарвузларни танланг. Сотувчига тарвузни “ичини кўрсатиш” учун кесишга рухсат берманг.
-
Истеъмол қилишдан олдин тарвузни яхшилаб ювинг.
-
Хом гўшт ёки парранда гўшти учун ишлатиладиган тахтача устида тарвузни кесманг.
-
Кесилган тарвузни 2 соат ичида совиткичга жойлаштиринг. Ёпиқ идиш ёки пакетда сақлашни унутманг.
Ёзда тарвуз истеъмол қилиш саломатлик учун фойдали, фақат унинг тозалиги, сақланиш шароити ва зарарли моддалардан ҳимояланганлигига эътибор бериш керак. Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!