Эрим билан қариндош эдик. Менга уйланишидан олдин бошқа қизни ёқтирган экан. Ота-онаси хоҳлаб мени келин қилишган. Муносабатларимиз ёмон эмасди. Эрим жуда оилапарвар, фарзандларини жонидан ортиқ яхши кўради. Никоҳ қалбимга муҳаббат учқунини солдими, эримга севгим кучли эди. Уни жуда яхши кўрардим. Эрим ҳеч қачон менга қўполлик қилмаган, камситмаган, ҳамиша қадримни, қалбимни авайлаган бўлса-да, унинг кўнгли бўм-бўшлигини, мени жуфти ҳалоли, рафиқаси сифатида ҳурмат қилишини аммо бу туйғу ҳеч қачон ишқ даражасига кўтарилмаганини сезардим. Бу юрагимга аччиқ оғриқ берар, эрим мени севишини, дунёдаги ягона ошиғим бўлишини истардим.
Бирин-кетин фарзандларимиз туғилди. Ўғил-қизимиз никоҳ ришталарини мустаҳкам боғладию, қалбларимизни туташтирмади. Эрим қачондир кимнидир севиб қолишини ўйласам, юрагим увишарди. Чунки инсон севгиси яшолмайди бу дунёда. Инсонни кўнгил бошқаради, дейишади-ку. Айниқса, эркак киши кўнгил қули бўлади. Шу хавотирда олти яшадим. Нимадан қаттиқ қўрқсанг, бир кун келиб шу нарса ҳаётингда рўй беради, деганлари рост экан. Бир куни эримнинг ҳаётида кимдир пайдо бўлганини билдим. Ўзимни қўярга жой тополмасдим. Йиғладим. Сиқтадим. Эрим билан жанжал қилдим. Ҳаётида ҳеч ким йўқлигини, ҳеч қачон оиласи, болаларидан кечиб кетмаслигини айтди. Унга ишонгим келардию, лекин кўнглим хотиржам эмасди. Яқин дугонамга дардимни ёргандим “Қўявер, ҳар бир эркакнинг ҳаётида бир марта бўлса ҳам шундай ҳолат бўлади.
Аллақаёқдаги бир суюқоёқни деб ўзингни қийнаб, эрингни асабини бузиб, болаларингни тинчини бузма. Ўша суюқоёқ эрингни қандай топган бўлса, яна биттасини топадию йўқолади” деди. Хотиржам бўлдим. Ҳақиқатдан ҳам эримнинг бизга муносабати ўзгармаган эди. Эркаклар бегона аёлларга илакишса, рўзғорига, аёли, болаларига қарамай қўйишади-ку, эрим ундай эмасди. Аммо бир куни унинг телефони қўлимга тушиб, ўша билан ёзишмаларини ўқиб қолдим. Ўқидиму, музлаб қолдим. Чунки эрим илакишган аёл дугонам ва мен ўйлагандай суюқоёқ эмас, тузуккинага ўхшарди. Телефондаги хабарлар ҳам саводли ёзилган, беҳаё гап-сўзлар умуман учрамас, фақат ҳол-аҳвол сўрашиш, болаларнинг соғлигини сўраш ва яхши кайфият тилаб ёзилган смс хабарлар келганди ундан. Эрим ҳам беҳаё гаплар гапирмаган, ҳол-аҳвол сўраб, вақтида овқатланишини айтган экан. Дарҳол ўша рақамга эримнинг телефонидан қўнғироқ қилдим. Гўшакни овози беҳад чиройли қиз олди. Овозини эшитдиму танамдан мадор кетди. Ўзимни билмай йиғлаб юбордим. “Кимсиз? Бу рақамга нимага ёзасиз? Бошқа ёзманг!” деёлдим холос. Телефонда алоқа узилди, жисмимда юрагим парчаланди. Кечқурун эрим билан жанжал қилдим.
- Ўртоғим у қиз,- деди эрим жанжал қилганим учун ғазаби қайнаб.- Нима бўлибди ёзишсам? Турмушга чиқмаган у қиз. Кўришмаймиз. Шунчаки гаплашиб турамиз. Фожиа ясама!..
Ортиқ бир сўз деёлмадим. Чунки эримга гап қайтаролмасдим. Аввало, менга берилган тарбия шундай эди. Қолаверса, эримга ёмон гапирсам мен ва болаларини ташлаб ўша қизнинг олдига кетадигандай туюлди. Бу гапни яқинларимга айтишдан истиҳола қилиб, яна ўша дугонамга гап очдим.
- Суюқоёқ бўлмаса, қиз бола яна-да хавфли,- деди дугонам қошини чимириб.- Эринг уни яхши кўрса, сени ташлаб уйланиб олиши мумкин. Яхши домла бор, хоҳласанг, эрингни сенга иситиб, ўша мегажинидан совутамиз.
- Вой, иссиқ-совуқ қиламизми?- дея қўрқиб кетдим. Чунки бунақанги ишларнинг гуноҳлигини эшитгандим.- Гуноҳ-ку...
- Эй, оиланг учун, ўзингни бахтинг учун қилсанг гуноҳ бўлмайди. Сен ўз эрингни иситасан. Бировнинг эрини ўзига иситиб олиш гуноҳ!.. Дугонам домлага бориб иссиқ-совуқ қилдиришга кўндирди. Бирор ҳафталардан сўнг эримда ўзгариш сезгандай бўлдим. Аввалгидек телефонини яширмай қўйди. Бемалол очилиб-сочилиб гаплашади, ҳазиллашади. “Иссиқ-совуқ”нинг кучи шунчалик зўр экан, дея яна дугонам билан ўша домлага бордик. Эрим менга меҳрибон бўлаётгандек, ҳаётимиз кундан кунга яхшиланиб бораётганди. Кутилмаганда яна эрим телефонини яширадиган, очиқда қолдирганда ҳам махфий рақамлаб қўйишга одатланди. Юрагим увишди. Яна ўзша қиз билан топишиб олганини сездим. “Иссиқ-совуқ” қилдириб келдим. Аммо негадир эримнинг менга муносабати ўзгармади. Қандайдир тушкун, серзарда, жаҳлдор бўлиб қолди.
Бунинг устига тинимсиз боши оғрирди. Ҳатто ухлаёлмай, ўзини идора этолмай қолди. Энди топганимиз табибу дўхтирга кета бошлади. Эрим ётоқчилаб қолиб, бир куни ишга чиқса, икки кун бошини кўтаролмай уйда ётади. Камига муносабатимиз ҳам ёмонлашиб кетган. Жанжалларимиз кўпайиб кетган. Бир йиғинда хотинларнинг “Фалончини эри соппа-соғ юрганди, тап этиб йиқилиб ўлиб қолибди. Ҳаммадан қизғониб “иссиқ-совуқ” қилиб юрарди”, “Иссиқ-совуқнинг заҳри ёмон, кишига терс таъсир қилади ҳатто ўлимгача олиб бориши мумкин” деган гапларни эшитиб юрагим ёрилаёзди. Шу кунлар ҳам бормиди пешонамда? Наҳотки, ўз қўлим билан эримни бегонага тутқазиб қўйган бўлсам? Бунинг устига гуноҳга ботганми-чи?..
Ҳаловатим йўқолган. Гуноҳларимга тавба қилиб, эримга Аллоҳдан офият ва соғлик сўраб ўтиняпман. Афсусдаман. Аёлларга ҳеч қачон бундай ишларни қилмасликларини айтмоқчиман. Иссиқ-совуқ, сеҳр-жодудан кўра эрингизни ширин сўз, меҳрибонлик, ғамхўрлигингиз билан ўзингизга мафтун қилинг. Гуноҳ ишлар ҳеч қачон яхшиликка олиб бормас экан...
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”