14:30 / 04.03.2019
5 362

Бахтли бўлишни истайсизми?

Бахтли бўлишни истайсизми?
Инсон яралибдики, яхшиликка, бахт-саодатга интилиб яшайди. Одамларни бирлаштириб турган яккаш орзу бу - шубҳасиз бахтли бўлиш орзусидир. Бироқ инсон ўзини бахтли ҳис қилиши учун тақдирдан совға кутиш эмас, бахтни ўз қўллари билан яратиши лозим. Зотан ҳар биримиз ўзимизни тўла бахтли ҳис қилишимиз учун етарли асосимиз бор. Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас, аксинча руҳшунослар, файласуфлар ва бутун инсоният амин бўлган гап. Келинг, сиз билан бугун ўзини бахтли ҳис қилишнинг жуда оддий ва биз илғамаётган беш жиҳатини муҳокама қиламиз.

1. Яқинларингизга миннатдорчилик мактублари йўллаб туринг
Яқинларингизга дил изҳорингиз битилган жўнатилмалар (Смс хабарчалар, ижтимоий тармоқлар орқали хабарлар ёки қоғозга битилган мактублар) жўнатиб туринг. Бунинг учун қандайдир сабаб, байрам ёки туғилган кун бўлиши шарт эмас. Ҳол-аҳвол сўрашиш, кўнглингизга хуш ёққан шеърий мисраларни йўллашингиз мумкин. Ота-онангизга сизга ғамхўрлик қилаётганлари учун миннатдорчилик билдиришингиз, жуфтингизга муҳаббатингизни изҳор қилишингиз ёки у билан кечаётган бахтиёр ҳаётингиз учун ташаккур айтишингиз, фарзандларингизга уларни жуда яхши кўришингизни, дўстларингизга уларга истаган пайтингизда маънавий суянишингиз мумкинлигидан мамнунлигингизни ёзишингиз мумкин. Ва айнан ана шундай майда-чуйда, кўз илғамас, аммо муносабатларни мустаҳкамловчи ҳолатлар киши ўзини бахтиёр ҳис қилиши учун муҳим аҳамият касб этади.

Миннатдорчилик шундай туйғуки, у инсонга кимгадир кераклигини англатади ва ўзини атрофидагиларга керак деб билган киши ўзини мамнун ҳис қилади. Калифорния психология Университетининг профессори Роберт Эммонс ўзининг “Ташаккур” номли китобида атрофидагилардан миннатдорчилик ҳиссини олган инсон бошқаларга нисбатан ўзини бир неча баробар бахтиёр ҳис қилиши ҳақида ёзади. Олим бир гуруҳ кўнгиллилар ёрдамида 10 ҳафта мобайнида ўтказган тадқиқотида айнан миннатдорчилик хабарларини жўнатиш, қабул қилиш ва унинг таъсири натижасини кузатишни йўлга қўяди ва унинг тадқиқоти ижобий самара беради.

2. Кун мобайнида рўй берган 3 та қизиқарли ҳолатни эсда тутинг
Бахтни жуда катта нарсалар билан белгиламанг. Кундалик ҳаётингиздаги оддий ва жўн ҳолатлар замирида ҳам сизнинг нечоғли саодатли эканингиз ётишини унутманг. Тонгда соғ-саломат уйғондингиз, жуфтингиз сиз учун тансиқ таом ҳозирлади ёки бугун анчадан бери харид қилишни мўлжаллаб юрган нарсангизни сотиб олдингиз. Булар ўзингизни бахтли ҳис қилишингизга асос эмасми? Ахир тонгда уйқусидан уйғонмаган ёки соғ-саломат кунни қаршилай олмайдиган, егиси келаётган егуликка оғзи тегмаётган, йиллар давомида ўзи орзу қилган нарсани харид қилолмай юрган кишилар камми? Агар эътибор билан санасангиз, бир кунда атиги уч мартагина эмас, балки кўп маротаба бизга бахт ҳадя этадиган ҳолатларга тушамиз.

3. Атрофингиздагиларга мурувватли бўлинг
Баъзан ечилиши қийин молиявий муаммоларингиз тугуни кутилмаганда дўстларингизнинг ёрдами билан ечилса, ўзингизни ниҳоятда бахтиёр, ҳимояда ҳис қиласиз. Шуни унутмангки, сизга ёрдам бериб мушкулингизни осон қилган дўст ё яқинингиз бу муруввати билан сиздан-да кўпроқ ўзи мамнунлик туяди. Вақт-вақти билан яқинларингизга, дўст-ёрларингизга, боринг-ки, етти ёт бегоналарга ёрдам қўлини чўзиш ҳам ўзингизни бахтиёр ҳис қилишингизга кўмаклашади. Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ ва бундай хайрли ишлар учун қандайдир сабаб кутиш шарт эмас. Эҳтиёжманд танишингиз ё ҳамкасбингизга бироз миқдорда моддий ёрдам қилиш, бирор яқин инсонингизни бежирим совға билан йўқлаш ёки дўстларингизни тушликка таклиф қилиш билан сиз ўзингизни бахтли ҳис қилиш имкониятига эгасиз. Шу ўринда, руҳшуносларнинг “Қанча кўп берсанг, шунча кўп оласан” деган ибораси ёдга тушади.

4. Орзу қилишдан тўхтаманг
Ғарб фалсафасида шундай ибора бор: “Биз - ўзимиз кутган нарсаларда яшаймиз”. Шарқ фалсафаси эса, “... Не истарсан ўзингда бил”, “Ниятингда тақдиринг акс этади” дейди. Демак, эзгу орзу-ниятларимиз қанча кўп бўлса, бахт ҳам бизни шу қадар кўп чулғайди. Орзуларга берилган сари, биз ҳаётимизни ўша орзуларимизга қараб мослаштириб бораверамиз, жумладан хатти-ҳаракатларимизни ҳам. Ҳаракат қанча дадил бўлса, орзу ушалиши ҳам шунчалик тезлашади. Фақат орзу қилишда эҳтиёт бўлинг; орзуингизни муаммоингизга айлантирманг, шунда сиз кутган бахт қуши бошингизга қўниши осон бўлади.

5. Севган ишингиз билан шуғулланинг
Ишингизни, касбингизни севасизми? Унда сиздан бахтли инсон йўқ экан! Кўп йиллик тадқиқот ва кузатувлар инсон ўзини бахтиёр, мамнун ва хурсанд ҳис қилиши учун ўзи севган иш билан шуғулланиши керак, деган фикр ҳаққонийлигини исботлаган. Агар ишингизни севмасангиз ва ундан фақат пул топиш, тирикчилик манбаи сифатида фойдаланаётган бўлсангиз-у, ҳанузгача бирор бир ютуққа эришмаган бўлсангиз, зудлик билан ишингизни алмаштиришингиз ва ўзингиз ёқтирган машғулот билан машғул бўлишингиз тавсия этилади. Бундан ташқари, хобби - севимли машғулоти бор кишилар ҳам бошқаларга нисбатан ўзларини кўпроқ бахтиёр ҳис қилишлари тасдиқланган.

Энг муҳими, сиз бахтли бўлишни астойдил истанг ва ўз-ўзингизни севинг, ўзингизни, атрофингиздагиларни бахтли қилишга интилиб яшанг. Эсингизда бўлсин, инсон ниманидир қаттиқ хоҳласа, унга бутун борлиқ ниятига эришишида ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахтли бўлишни истайсизми?