
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилар учун янги хавфсизлик қоидаларини жорий этди. Эндиликда аскарлар ва офицерларга ўз автомобилларида расмий ёки махфий масалаларни муҳокама қилиш қатъиян тақиқланади, деб хабар берди Daily Mail.
Мазкур чора Хитой жосуслик фаолияти ва тинглаш қурилмалари орқали маълумотлар ўғирланиши эҳтимоли туфайли жорий этилган. Мутахассислар фикрича, айрим замонавий автомобиллар, хусусан, Хитойда ишлаб чиқарилган моделларда микрофон, камера ва интернетга уланган сенсорлар орқали суҳбатларни ёзиб олиш ёки узатиш хавфи мавжуд.
Нашр ёзишича, Британия армиясининг хизмат автомобилларида энди махсус огоҳлантирувчи стикерлар ўрнатилган. Уларда қуйидаги ёзув мавжуд:
“Автомобилда РАСМИЙ маълумотларни муҳокама қилишдан сақланинг.”
Мазкур ёзув қўшинларни ҳарбий сирларни ҳимоя қилишга чақиради ҳамда ҳарбийлар ўртасида ахборот хавфсизлиги маданиятини кучайтиришга қаратилган.
Сўнгги йилларда Британия ҳукумати Хитой компанияларига нисбатан бир неча бор ахборот хавфсизлиги чораларини кучайтирган. Масалан, илгари Huawei ускуналарининг 5Г тармоқларида ишлатилиши чекланган эди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.