date

“Манчестер Сити” клуби футболчиларининг рейтинги эълон қилинди

“Манчестер Сити” клуби футболчиларининг рейтинги эълон қилинди

«Манчестер Сити» бу мавсум ҳар бир мусобақада олдинги сафда бўлишни, финал ва чемпионликлар учун курашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани сир эмас. Хосеп Гвардиола қўл остидаги жамоа ҳозирча кўрсатаётган ўйин ва натижалар орқали шу ниятга етарлича ишора бериб келяпти. Бироқ ноябрь ойидаги халқаро танаффусдан кейин Премьер-лигада ҳам, Европа Чемпионлар лигасида ҳам «шаҳарликлар»ни жиддий рақиблар кутмоқда.

Шу сабабли Англия футболи ёритувчиларидан бири ҳисобланадиган esteemedkompany.com платформаси жамоанинг ҳозиргача ўтказилган учрашувлардаги индивидуал кўрсаткичлар асосида янги рейтингини эълон қилди. Қуйида ўйинчилар тақдим этган ўйин, барқарорлик ва жамоага қўшган ҳиссаси ҳақида кенгроқ маълумот билан танишинг.

Дарвозабонлар

Италиялик Жанлуижи Доннарумма «Сити» сафида жуда тез мослашиб кетди ва 8,5 баллга лойиқ деб топилди. Унинг сейвлари кўп учрашувларда жамоани қутқариб қолди, шу билан бирга лидерлик хислатлари ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Жеймс Траффорд эса мавсумнинг бошида асосий таркибда тушган бўлса-да, Доннарумманинг келишидан кейин захирада қолиб кетди (6,5/10).

Ҳимоячилар

Матеуш Нуньеш охирги ҳафталарда ҳақиқий кашфиётга айланиб, ўнг қанотни ўз қўлига олди. Рейтинг — 8,5. Рико Льюис (6/10) бу мавсум ҳали ўз сўзини айта олмади, кўпроқ ярим ҳимояга силжиб ўйнамоқда.
Абдуқодир Ҳусанов (6/10) эса жароҳатлар туфайли тўлиқ имкониятга эга бўлмаяпти, аммо ўнг қанотда ҳам ўйнашга қобил эканини кўрсатди.

Рубен Диаш (8/10) ҳимоянинг юраги сифатида яна юқори даражага қайтган. Йошко Гвардиол (7/10) мавсум бошида қийналган бўлса-да, ҳозир сўзсиз асосий ўйинчига айланди. Жон Стоунз (7/10) жароҳатлардан қайтаётганига қарамай, ишончли ҳаракат қиляпти.

Натан Аке 5,5 балл билан паст кўрсаткич қайд этди — айни пайтда жамоадаги рақобат фонида ўз ўрнини йўқотиб қўйган. Нико О’Райли (9/10) эса «Сити»нинг бу мавсумги энг ёрқин номзодларидан: ўта самарали ўйин, Англия термасидаги дебют ва чап қанотни тўлиқ ўз қўлига олиши бунга мисол.

Айт-Нури эса жароҳатлар туфайли мавсумни паст даражада бошлади — 5/10.

Ярим ҳимоя

Нико Гонсалес (9/10) бу мавсумнинг энг барқарор ижрочиларидан. У Родри ўрнини сезилмайдиган даражада тўлдириб келмоқда. Родрининг ўзи эса (6/10) жароҳатлар сабаб баъзи ўйинларни ўтказиб юборди.

Бернарду Силва 8 балл билан яна сардорга хос тажрибасини кўрсатмоқда. Тижани Рейндерс (7/10) дебют учрашувларда жуда яхши бошлаган бўлса-да, кейинчалик мослашиш босқичи сабаб ўйинида бир оз пасайиш кузатилди.

Фил Фоден (9/10) мавсумнинг энг кучли формасида. Ҳар бир учрашувда ўз ўйинини ажойиб тарзда намойиш қилмоқда.

Ҳужумчилар

Оскар Бобб (6/10) ёрқин вазиятлар яратганига қарамай, барқарорликда қийналмоқда. Райан Шерки (7,5/10) жароҳатдан қайтгач учта гол ва учта ассист билан кўзга ташланди. Савиньо (6,5/10) барқарорлик излаётган ўйинчилардан.

Жереми Доку (9/10) — ёзги трансферлар ичида энг муваффақиятли таркиб ўйинчиси. «Ливерпуль»га қарши учрашувдаги ўйини йилнинг энг яхшиларидан бири сифатида тилга олинмоқда.

Умар Мармуш (5/10) жароҳатлар сабаб тўлиқ имкониятга эга бўла олмади. Ва, албатта, Эрлинг Холанд — 15 ўйинда 19 гол, 10/10 рейтинг билан мутлақ етакчи. У гол уришдан ташқари жамоавий ўйинни ташкил этишда ҳам катта таъсир кўрсатмоқда.

«Манчестер Сити» таркибидаги рақобат шиддати, ўйинчиларнинг индивидуал ўсиши ва Гвардиола тактикаларининг мослашувчанлиги — келаётган қийин учрашувлар олдидан яхши сигнал. Кўриниб турибдики, жамоа ҳар бир позицияда етакчига эга ва Премьер-лига ҳамда ЕЧЛда жиддий даъвогарлардан бири бўлиб қолади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити” клуби футболчиларининг рейтинги эълон қилинди